08:15 / 07.07.2022
70724

Мунозарали 17-боб ва вазифасини профессионал бажаролмаган Конституциявий комиссия — Камолиддин Раббимов билан суҳбат

Қорақалпоғистонда оммавий тартибсизликларга айланиб кетган намойишлар мавзуси шу кунларда дунёнинг турли ОАВ ва таҳлилчилари томонидан фаол муҳокама қилинмоқда. Ва аниқки, бундан кейин ҳам турли ракурсларда қилинган шу каби муҳокамалар давом этаверади.

Тартибсизликлар ҳақида гаплашарканмиз, конституцияга таклиф қилинган таҳрирда Қорақалпоғистонга оид бандлар зарурати, ғояси ўзи нимада эди ва унинг реализациясида қандай камчиликларга йўл қўйилди, деган табиий саволлар билан ҳам юзлашамиз.

Иккинчидан, Нукус воқеаларида расмийлар айтаётгани каби хориждаги кучларнинг қўли борми?

Бу ёғига-чи, бизни қандай янгиликлар кутмоқда?

Kun.uz мухбири Қорақалпоғистондаги сўнгги воқеалар юзасидан пайдо бўлаётган шу ва бошқа саволлар билан сиёсатшунос Камолиддин Раббимовга юзланди.

Интервью давомида шунингдек, конституция ислоҳоти борасида барча жараёнларга масъул бўлган конституциявий комиссия, унинг раҳбари ва 46 нафар аъзоси ҳозир қаерда, нега шу пайтгача бирор сўз айтмаяпти деган саволларга ҳам жавоб изланди.

— Камолиддин ака, интервью аввалида Қорақалпоғистондаги воқеалардан сал орқароққа қайтиб, конституция ислоҳи ва Қорақалпоғистонга тегишли ўша тўртта модда ҳақида сўрамоқчиман. Айтинг-чи, бу моддаларда таклиф қилинган “суверен” сўзини олиб қўйиш ва референдумлар орқали Қорақалпоғистоннинг мустақил бўлиб чиқиш қаторини олиб ташлаш нима дегани ўзи? 

Шунингдек, бу айримлар айтаётгани каби тинч турган арининг инига чўп тиқиш эдими ё қандайдир сиёсий, геосиёсий, ҳуқуқий сабаблари ҳам бормиди?

—Ўйлашимча, бу зарурат эди ва бу зарурат аллақачон пишиб етилганди. Энди қаранг, дунёда “халқаро ҳуқуқ” деган тушунча мавжуд. Унга кўра, бир суверен бўлган бир давлатнинг таркибида бошқа бир суверен, мустақил давлат бўлиши мумкин эмас.

Бунинг устига БМТ бор ва у дунёдаги энг йирик халқаро ташкилот. Бу ташкилотга ҳар бир давлат ўзининг рамзлари, ҳудуди, сарҳадлари, шаҳарлари ҳамда чегаралар узунлиги билан киради. Яъни БМТни дунёдаги энг катта кадастр дейишимиз мумкин.

Ҳозир дунё ҳамжамияти Ўзбекистонни суверен давлат сифатида тан олган. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон қонунчилиги, Ўзбекистон Конституцияси ва ҳудудий, ҳуқуқий тизимни кўриб чиқишига катта эҳтиёж бор эди.

Бу масалани қачондир барибир кўтариш мумкин эди деб ўйлайман, сабаби глобаллашган дунёда давлат равнақи, тараққиёти учун, шунингдек, давлатнинг сиёсий ва геосиёсий мустақиллигини мустаҳкамлаш ва минтақада интеграцияни жадаллаштириш учун мана шу ички зиддиятларни эртами, кечми олиб ташлаш керак эди. Тўғри, ҳозир бу масаланинг кўтарилиши маълум бир чайқалишларга, зўриқишларга сабаб бўляпти, лекин эртами, кечми бўлиши керак эди.

Ишончим комилки, бу зиддиятлар, ҳудудий яхлитлиги нуқтайи назаридан муаммолар қанча эрта олиб ташланадиган бўлса, бартараф этилса, шунча яхши.

Албатта, бу муаммонинг кўтарилиши ташқи дунёга Ўзбекистоннинг ички муаммолари бор экан – деган сигнал бўлади дейиш мумкин. Лекин ҳозирги Ўзбекистон атрофидаги ва минтақадаги геосиёсий вазият бу каби муаммоларнинг кўтарилиши ҳамда ҳал қилинишига оптимал бир шароит бўлади деган бўлар эдим.

Сабаби ШҲТга аъзо давлатларнинг барчаси Ўзбекистон ҳудудий яхлитлиги нуқтайи назаридан муносабат билдиришди. Яъни Ўзбекистоннинг ҳудудий яхлитлиги минтақанинг қолган давлатлари манфаатларига ҳам 100 фоиз тўғри келади. Нима учун? Чунки минтақадаги энг катта миллат бу – ўзбеклар. Ҳар битта қўшни давлатларда тарихан яшаб келадиган ўзбек ҳудудлари, ўзбек катта аҳолиси мавжуд ва минтақада битта катта давлатнинг чегаралари кўриб чиқилиши, «домино» жараёнини бошлаб юборади. Натижада уларнинг ўзида ҳам шундай муаммолар пайдо бўлиши мумкин, буни қўшни давлатларнинг ўзи ҳам жуда яхши билади.

Давлатлар деганда мен ҳокимиятларни назарда тутяпман, лекин жамиятларда, яъни фуқаролик ёки ватандошлик жамияти, фаолларда ёки миллатчиликка мойил бўлган сиёсатчи ёки шахслардаги қарашлар, албатта, ҳокимиятнинг позициясидан бироз ёки анча фарқ қилиши мумкин.

Лекин ҳокимиятларнинг расмий позицияси Ўзбекистоннинг ҳудудий яхлитлиги тарафида, демакки, бу – Ўзбекистоннинг тўлақонли ички ишлари дея баёнот берилди ва бу – Ўзбекистоннинг йирик ютуғи деб ўйлайман.

— Конституцияга киритиш режа қилинган ҳар бир модда ва у айниқса, Қорақалпоғистон масаласи бўлса, анча-мунча муҳокама ва таҳлил қилинади, давлатнинг энг юқори мулозимлари ўртасида келишилади.

Сизнингча, камчилик қайси нуқтада бўлди, умумий кайфият ҳисобга олинмаганими ёки бу жараён тўғри тушунтириб берилмаганидами?

— Ўйлашимча, бир қанча нуқтада хатоликлар ўтди. Биринчидан, ижтимоий тармоқларнинг ташқи дунёдаги фойдаланувчилари билдирган фикр, ҳаракатлар эътиборга олинмади. Уларга қандай муносабатда бўлиш механизмлари ишлаб чиқилмади.

Иккинчидан, биз бу ислоҳотларни, референдумни таклиф қиламиз ва ҳаммаси оҳиста ўтиб кетади деган кайфият кузатилди. Бунда ижтимоий фикрни босқичма-босқич тайёрлаш учун аслида йиллар керак бўлади. Бир, икки, уч йил.

Ўйлашимча, бу ислоҳотни тезроқ ўтказиб юбориш керак, деган ёндашув хато бўлган. Чунки кучли аргументлар тайёрлаш ва жамиятдаги ижтимоий розиликни мустаҳкамлаш, хавотирларни ўрганиш учун маълум чора тадбирлар кўрилмади.

Биз айтаётган ҳудудга фақат иқтисодий ёрдамлар кўрсатиш қайсидир маънода катализатор бўлиши ҳам мумкин. Чунки у қандай талқин қилиниши ва қабул қилинишига кўп нарса боғлиқ. Шулардан келиб чиққанда, конституциявий ислоҳотларни тайёрлаган комиссия маълум жиддий хатоларга йўл қўйди.

— Шу маънода, бу ишлар бўлаётганда жараёнларга жавобгар Конституциявий комиссия ва унинг раҳбари Акмал Саидов нима қилаётганди, деган савол ўртага чиқади. Буниси ҳам майли, бу комиссия вазият бўйича ҳозир ҳам бирор тайинли изоҳ бермаяпти. Шулардан келиб чиқиб, комиссия фаолиятига қандай баҳо берасиз?

— Комиссия жуда шошилди. Комиссия тўлақонли, профессионал ишламади. Чунки инсонлар учун энг муҳим нарса – улардаги ғоялар устуворлиги. Инсонлар қачон вазиятдан рози бўлади, қачонки, уларнинг тафаккурига кучли ғоялар жойлаштирилганда. Аргументлаштирилган, далилланган кучли ғоялар берилганда.

Агар инсонлар тафаккурида норозилик бўлса, таклиф қилинган ғоялар ҳам тескари эффект беради.

Комиссиянинг тафаккурида биринчи маъмуриятда бўлгани каби механик назорат орқали тафаккурни ўтказиш устун бўлди ва катта хато эди.

Комиссия кучли, профессионал сифатида жамиятга катта лойиҳаларни асосли равишда беришга интилмади.

— Ҳа, чиндан ҳам комиссиянинг бу жараёнларда жамият билан боғлиқлиги самимий бўлмади.

Тўғри, масалан, ғарб давлатларида ислоҳотлар жуда кучли асосланади. Ислоҳотларнинг мақсади ва вазифалари имкон қадар самимий бўлади. Албатта, ҳар қандай моддани қабул қилишдан аввал уни жамиятга асослаб бериш жуда муҳим. Шунинг учун ҳам ғарбда интеллектуаллар. Қайтараман, биздаги комиссия жудаям механик ишлади. Механик деганики, биз жамиятга айтамиз. Қолганини ҳокимиятнинг ўзи ҳал қилиб олади, бизнинг ишимиз айтиш ва ичкарига кириб кетамиз дея қараш.

— Биз конституциявий комиссия гапирмади, деяпмиз-у, балки гапирмагани ҳам маъқулдир. Улар ҳозир чиқиб гапирганда ҳам нима дейди, яна мақташади-да.

— Ҳа, ҳозирги контекстда комиссия чиқиб, вазиятга ўз муносабатини билдирса, яна қўшимча тескари эффект, салбий муносабатларга сабабчи бўлиши мумкин. Бу нуқтайи назардан, фикрингизга қўшиламан. Лекин комиссия профессионал ишлайдиган бўлса, масъулиятни ҳис қилса, ундаги тўлиқ таркиб ёки маълум шахслар истеъфо бериши керак.

Бир томондан жамиятнинг уларга бўлган ишончсизлигини кўриб туриб, иккинчи томондан улар керак пайтида тўлиқ масъулиятни давлатга юклаб, жамиятга кўринмаслиги уларнинг жиддий сиёсий ва ҳуқуқий хатоси. Уларнинг жиддий масъулияти бор ва улар бу масъулиятни ўзига расмийлаштириши керак. Асосийси сиёсий маданият. Бизнинг сиёсатчиларда эса авторитар сиёсий маданият жуда кучли.

Дунё давлатларида жамиятнинг кўз ўнгида бирор миссия олинар ва жамиятнинг кўз ўнгида муваффақиятли чиқмай қолар экан, ўша комиссия ўзларига истеъфо беради. У партия раҳбарими, бошқасими, фарқи йўқ.

Масалан, партияларнинг лидерлари ўз округидаги сайловда етарли овоз ололмаса, ўша партия лидерлигидан кетади. Қандай қилиб ўз округида етарли овоз ололмаган сиёсатчи бутун бошли партия лидери бўлиши мумкин?

— Бизда сўнгги парламент сайловларида шундай ҳолат бўлди. Лекин у истеъфо бермади.

— Ҳа, бу аслида жуда кулгили ҳолат. Бундай вазиятда бутун масъулиятни давлат раҳбарига ташлаб, қолганига ўзинг жавоб берасан дейиш катта хато.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Муҳиддин Нидо.

Мавзу
Қорақалпоғистондаги намойишлар
1-2 июл кунлари Қорақалпоғистон маркази Нукус шаҳрида тартибсизликлар кузатилди. Миллий гвардия ходимлари билан тўқнашувларда 200 дан ортиқ киши яраланган, 18 киши ҳалок бўлган.
Барчаси
Top