Янгиҳаёт тумани Янгиҳаёт маҳалласида табиатни асрашга чорлов сифатида инсон қўлида ўсаётган дарахт инсталляцияси ўрнатилди. Бу ҳақда ҳокимлик матбуот хизмати Kun.uz’га хабар берди.
“Бу бир томондан тумандаги ҳар бир дарахт ҳимояда эканлигининг рамзи бўлса, бошқа томондан табиатни асраш барчамизнинг бурчимиз эканига ишорадир.
Янгиҳаёт шу кунга қадар креативлик тамойилига таянган ҳолда ўзгаришлар қилишга одатланган ва бу каби такрорланмас ғоялар ҳали давом этади”, – дейилади хабарда.
Маълумот учун, шу йил бошидан бошлаб Ўзбекистонда экологик муаммоларга ечим сифатида “Яшил макон” умуммиллий дарахт экиш акцияларига старт берилди. Унга кўра, акция доирасида 129,6 млн дона кўчат экилгани маълум қилинган.
Аммо кейинроқ ҳисобот ёлғон бўлгани, аслида экилмаган 6,2 млн кўчат шу ҳисоботларга қўшиб ёзилгани, 3,4 млн туп кўчат эса суғориш тизими йўқ жойга экилгани маълум бўлди. Ҳисоб палатаси тафтишида шунингдек, 2,4 млн туп кўчат баҳор тугамасданоқ қуриб битгани аниқланган.