17:24 / 08.07.2022
5263

Олти ойда 41 киши коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар бергани учун рағбатлантирилди — БП

Рағбатлантирилган шахсларнинг берган хабарларига кўра, 36 та ҳолатда пора олиш ва 5 та ҳолатда бюджет маблағларини талон-торож қилиш жиноятлари фош этилган.

Фото: iStock

Бош прокуратура томонидан жорий йилнинг 1-ярмида жами 41 нафар шахслар коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар бергани ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашгани сабабли рағбатлантирилган

“Рағбатлантирилган шахсларнинг берган хабарларига кўра, 36 та ҳолатда пора олиш ва 5 та ҳолатда бюджет маблағларини жуда кўп миқдордаги қийматда талон-торож қилиш жиноятлари фош этилиб, айбдор шахсларга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланди”, дейилади расмий хабарда.

Бош прокуратура барча фуқароларни жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришда фаол иштирок этишга чақирган.

Эслатиб ўтамиз, ҳукумат қарори билан Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқача тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган. Унга кўра, коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган шахслар қуйидаги асослардан бири мавжуд бўлганда бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади:

  • ўзларига нисбатан пора талаб қилган шахс ёки ўзларига маълум бўлган коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида коррупцияга қарши курашувчи органлар (Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти)га берган хабари асосида бундай ҳуқуқбузарлик фош этилса;
  • коррупцияга оид жиноятни содир этганлиги учун қидирувда бўлган шахс тўғрисида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга берилган хабар асосида қидирувдаги шахс ушланиши (ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ходимлари бундан мустасно).

Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқача тарзда кўмаклашган шахслар 3 БҲМдан 25 БҲМгача (900 минг сўмдан 7,5 млн сўмгача) миқдорда бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилиши мумкин.

Агар пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулкнинг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан кўп бўлса, мукофот қуйидаги фоиз ҳисобида ҳисобланади:

  • анча миқдор учун – мулк қийматининг 15 фоизи миқдорида;
  • кўп ва жуда кўп миқдор учун – мулк қийматининг 10 фоизи миқдорида.

Шахс коррупцияга қарши курашишга муносиб ҳисса қўшгани учун давлат мукофотига ҳам тавсия этилиши мумкин.

Шахсларни рағбатлантириш масалалари коррупцияга қарши курашувчи органлар ҳузурида тузиладиган махсус комиссиялар томонидан кўриб чиқилади. Махсус комиссия қарори асосида бир марталик пул мукофоти ёки эсдалик совғаси билан тақдирлаш ҳақида қарор 1 иш кунида чиқарилади. Пул мукофоти харажатлар сметасига ўзгартириш киритилгандан сўнг 15 иш куни ичида шахсларнинг шахсий ҳисобварағига ўтказиб берилади.

2021 йилда Ўзбекистонда содир этилган коррупцияга оид жиноятлар оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 1 триллион 282 миллиард сўм (қарийб 118 миллион доллар) зарар етказилган. Зарарнинг 887 миллиард сўми ёки 69,1 фоизи ундирилган.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича пойтахт кенгаши мажлисида Аксилкоррупция агентлиги директори Акмал Бурҳоновга кўра, Тошкент шаҳри кўплаб кўрсаткичлар бўйича республикада энг коррупциялашган ҳудуд бўлиб қолмоқда. 2021 йил давомида пойтахтда 184 та коррупцион жиноят содир этилган бўлиб, бу жиноятлар оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 82 млрд 638 млн сўмлик моддий зарар етказилган.

2021 йилда 91 нафар давлат хизматчиси пора олган, улардан 49 нафари – раҳбар, 8 нафари раҳбар ўринбосари. Энг кўп порахўрлик ички ишлар тизимида. Ўтган йили энг кам пора миқдори 50 доллар, энг каттаси 200 минг долларни ташкил этган.

Top