Ўзбекистон | 15:05 / 19.07.2022
7825
2 дақиқада ўқилади

Парламент комиссияси Қорақалпоғистондаги воқеаларни ўрганишни давом эттирмоқда

Фото: KUN.UZ

2022 йилнинг 15 июль куни Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси Қорақалпоғистонда июль ойи бошида содир бўлган воқеалар юзасидан мустақил текширув ўтказиш бўйича комиссия тузган эди.

Омбудсман Феруза Эшматова раҳбарлигидаги комиссия 16 июль кунидан Қорақалпоғистон Республикасида ўз фаолиятини бошлади.

Омбудсман ахборот хизмати хабарига кўра, комиссия олдига қўйилган вазифалар ижросини бажариши учун гуруҳларга бўлинган ҳолда ўрганишлар олиб бормоқда. Ҳар бир гуруҳ фаолиятида шаффофликни таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган ишлар ҳужжатлаштирилмоқда. Улар аудио, фото ва видео воситалари ёрдамида қайд этилмоқда.

Комиссия аъзолари дастлаб Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қорақалпоғистон Республикаси филиали, Марказий шифохонада даволанаётган беморлар билан суҳбатлашиб, юз берган воқеаларда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари билан боғлиқ ҳолатларни ўрганди.

Шимолий-ғарбий ҳарбий округи ҳарбий госпитали ва Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳарбий госпиталида даволанаётган ҳарбий хизматчилар, ички ишлар идоралари ходимлари билан мулоқотлар қилинди. Суҳбат давомида намойишчилар ва ҳарбий хизматчилар хатти-ҳаракатлари ўрганилди.

Комиссия аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси суд тиббий экспертиза марказига ташриф буюриб, воқеалар билан боғлиқ барча керакли материаллар билан танишдилар.

Комиссия аъзолари ўрганишлари давом этмоқда, дейилади расмий хабарда.

Мавзуга оид