Ўзбекистон | 12:13 / 20.07.2022
20024
2 дақиқада ўқилади

Уй-жой сотиб олиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартибига ўзгартиш киритилмоқда

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги жорий йилда уй-жой сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартибига киритилаётган асосий ўзгартиришлар ҳақида хабар берди.

Фото: Kun.uz

ЎзА’нинг ёзишича, Тошкент шаҳрида доимий рўйхатга олинган фуқаро субсидия асосида Тошкент вилоятида қурилган уй-жойларни ҳам сотиб олишига рухсат берилади. Тошкент шаҳрида уй-жойга бўлган 8 мингдан ортиқ талаб нисбатан қисқартирилади.

Аризачиларни оилавий даромад (турмуш ўртоғи ва турмуш қурмаган фарзандлари) тартибида баҳолаш жорий этилади. Субсидия даромади юқори бўлмаган оилаларга манзилли етиб бориши таъминланади. 

Субсидия талабгорини баҳолаш комиссияси таркибидан ички ишлар бўлимлари ва тижорат банклари чиқариб ташланди. Аризаларни кўриб чиқиш муддатини 5 кунга қисқартиришга имкон яратилади. 

Фуқароларни ижтимоий мезонларга асосан баҳолаш ва уларни ипотека кредити бўйича тўлов қобилиятини аниқлаш мустақил равишда олиб борилади. Ижобий хабарнома олган фуқароларга ипотека кредити миқдорини кафил қўшиш орқали мустақил белгилаш имкони яратилади.

Ҳудудий комиссия йиғилишлари электрон тарзда амалга оширилади. Хулосаларни умумлаштириб комиссия йиғилишини ўтказиш ва аризачига тақдим этиш муддати 8 кунга қисқартирилади. 

Аризачиларни баҳолаш дастурий таъминоти автоматлаштирилади ва электрон базалари ўзаро интеграция қилинади. Ҳужжатни кўриб чиқишда йил якунига қадар инсон омили қисқартирилади. 

Субсидиялар ажратишнинг мақсадли параметрлари доирасида субсидияларни туман (шаҳар) кесимида қайта тақсимлаш амалиёти тугатилади. Унда талабгорлар субсидия асосида уй-жойни доимий рўйхатдан ўтган ҳудуди доирасида исталган туман/ шаҳардан олиши мумкин бўлади.

Ариза фақатгина фуқаролик паспорти маълумотларини (ЖШШИР) киритиш орқали топширилади. Ўзгартиришлар натижасида кўриб чиқишнинг умумий муддатини ўртача 7 иш кунигача қисқартиришга эришилади. 

Мавзуга оид