12:10 / 21.07.2022
12168

Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари махсус хизматлари раҳбарлари доимий маслаҳатлашувини йўлга қўйишни таклиф қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг тўртинчи маслаҳат учрашувида сўзга чиқиб, қатор таклифларни илгари сурди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Хусусан, Шавкат Мирзиёев хавфсизлик соҳасида Марказий Осиё давлатлари хавфсизлик кенгашлари ва хавфсизлик хизматлари раҳбарларининг доимий маслаҳатлашувини йўлга қўйиш таклифи билан чиқди.

«Минтақавий ҳамкорлигимизнинг стратегик йўналиши хавфсизлик соҳасидир.

Минтақанинг хавфсизлиги ажралмас ва энг аввало, ҳамкорлигимиз қанчалик самарали йўлга қўйилганига боғлиқлигини алоҳида таъкидламоқчиман.

Бу борада экстремизм ва терроризмнинг анъанавий таҳдидлари, уюшган жиноятчилик ва наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашишда амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришимиз зарур.

Бизнинг алоҳида эътиборимиз интернетдаги кўлами ортиб бораётган ноқонуний фаолият билан боғлиқ чақириқлар муаммоларига қаратилган.

Бугунги кунда бу таҳдидларнинг чегараси йўқ – улар мобил телефонлар орқали кириб боради. 

Афсуски, Ўзбекистонда сўнгги пайтларда рўй берган фожиали воқеалар бизнинг режаларимизни бузишга, минтақамизда тартибсизлик ва беқарорлик келтириб чиқаришга уринаётган бузғунчи кучлар борлигини яна бир бор тасдиқлади. 

Шу муносабат билан биз минтақа давлатларининг хавфсизлик кенгашлари ва махсус хизматлари раҳбарларининг ушбу соҳаларнинг барчаси бўйича мунтазам маслаҳатлашувларини йўлга қўйиш таклифини қўллаб-қувватлаймиз», деди давлат раҳбари.

Top