22:04 / 22.07.2022
18296

Қаршидаги каналда аниқланган вабо бактерияси: У вабо қўзғата олмаслиги ва бу ҳолат янгилик эмаслиги айтилди

Қарши туманидаги очиқ сув ҳавзасида аниқланган вабо вибриони вабо касаллигини келтириб чиқармайди, дея маълум қилди Сан-эпид хизматининг Қашқадарё бошқармаси. Бу маълумотни республика СЭС ҳам Kun.uz'га тасдиқлади. Маълум бўлишича, жанубий вилоятларда вабо бактериялари деярли ҳар йили аниқланади; улар вабо қўзғата олмаса-да, ўткир юқумли ичак касалликларига сабаб бўлиши мумкин.

Иллюстратив фото: Kun.uz

Қарши тумани ҳудудидаги очиқ сув ҳавзасидан олинган сув намунасида вабо вибрионининг вабони келтириб чиқармайдиган тури аниқланди. Бу ҳақда Санитария-эпидемиология хизматининг Қашқадарё вилоят бошқармаси ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумот бўйича берган изоҳида маълум қилди.

Расмий хабарда айтилишича, 5 июн куни Республика ўлат профилактикаси марказининг вилоят филиали ходимлари томонидан Қарши магистрал каналининг Қарши туманидан, Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази филиали рўпарасидаги очиқ сув ҳавзасидан текшириш учун олинган сув намунасидан вабо вибриони (касаллик чақирмайдиган тури) аниқланган.

Натижада шу ҳудудда вабога қарши профилактик чоралар кўриш бўйича “Ўзбекистон мустақиллиги” оилавий поликлиникаси мудирасига билдириш хати юборилган.

Туман СЭС мазкур ҳудуд атрофида яшовчи аҳоли орасида ўткир ошқозон-ичак касалликларининг олдини олиш бўйича тарғиботни кучайтириш, поликлиникага ўткир диарея ташхиси билан мурожаат қилганларни вабога текшириш юзасидан топшириқ берган.

Қайд этилишича, текширишлар натижасида бу ҳудудда вабога гумон қилинган беморлар аниқланмаган.

Юқорида қайд этилган очиқ сув ҳавзасидан 19 июл куни қайта намуналар олинган, бу сафарги текширувда вабо вибрионлари қайд этилмаган.

“Мазкур ҳудудда аҳоли ўртасида эпидемиологик барқарорлик таъминланганлиги ва хавотирга ўрин йўқлигини маълум қиламиз”, – дейилади Қашқадарё вилояти Сан-эпид хизмати ахборотида.

“Жанубий вилоятларда вабо бактериялари деярли ҳар йили аниқланади”

Kun.uz мухбири ҳолат юзасидан қўшимча изоҳ сўраб Республика Санитария-эпидемиологик осойишталик хизмати бошқарма бошлиғи Рустам Икромов билан боғланди.

Унинг маълум қилишича, канал сувидаги бу бактериялар турли даражадаги ўткир ичак юқумли касалликларини келтириб чиқариши мумкин.

“Республикамизнинг жанубий ҳудудларида бундай бактериялар деярли ҳар йили аниқланади, аммо уларнинг миқдори вабо касаллигини келтириб чиқарадиган даражада эмас. Фақат ўткир ичак касалликлари, диарея келтириб чиқариши мумкин.

Шунинг олдини олиш мақсадида ҳамма вилоятлар ва пойтахтда ҳам барча эҳтиёт чоралари кўрилган. Аҳолининг бу галги хавотирига қўшни Афғонистондаги ҳолат сабаб бўлаётган бўлиши мумкин. Шуни инобатга олган ҳолда уларга ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқлигини маълум қиламиз”, – деди Сан-эпид хизмати мулозими.

Мазкур ҳолат юзасидан “Ўзсувтаъминот” АЖ ҳам муносабат билдириб, ичимлик суви тармоқлари, яъни жўмракдаги сувни бемалол ичиш мумкинлиги, ичимлик суви сифати доимий назорат қилинишини маълум қилди.

Таъкидланишича, республикадаги 79 та лаборатория ҳар ойда турли таҳлиллар учун ичимлик суви тармоқларидан ўртача 17 200 та намуна олиб текшириб туради. Ичимлик суви аҳолига етказиб беришдан олдин сув хлорли реагентлар билан зарарсизлантирилади.

Эслатиб ўтамиз, Сан-эпид хизмати Афғонистонда вабо тарқалиши муносабати билан ўтган ҳафтадан бошлаб қўшни давлатлардан келаётганлар бўйича назоратни кучайтирган эди.

Top