09:00 / 24.07.2022
10894

Фарғона давлат университети жамоаси қорақалпоғистонлик болалар даврасида

Маълумки, аҳоли таркибидаги энг йирик этник гуруҳлар ичида туғишгандек яқин, ўзгача қадр ва қимматли қорақалпоқ миллати халқимиз тарихида муҳим аҳамиятга эга.

Урф-одатлари, миллий қадриятлари, орзу-истаклари, қон-қариндошлиги онги-шуурига сингиб кетган бу икки халқ болажонлиги билан алоҳида ажралиб туради.

Бунинг яққол далили сифатида айтиш мумкинки, ёзги таътилни мароқли ўтказиш учун Қорақалпоғистон Республикасининг Элликқалъа, Бўзатов туманлари ҳамда Нукус шаҳридан Фарғона вилоятига келган 302 нафар ўғил-қизлар бугун Қўқон шаҳридаги Коинот оромгоҳида дам олмоқдалар.

Aйниқса, бугун бу масканга Фарғона давлат университети ректори Баҳодиржон Шермуҳаммадовнинг ташрифи болажонлар учун қувонарли бўлди.

Байрамга айланиб кетган учрашувда улар билан самимий мулоқот ҳам олиб борилди.

Университет жамоасининг болалар маънавий дунёсини бойитиш, китобхонликни юксалтириш мақсадида қизиқарли бадиий китоблар, футбол, волейбол, бадминтон, шахмат, шашка, стол тенниси, волейбол ва бошқа фойдали машғулотлар учун спорт анжомлари, ширинликлар билан кириб келиши оромгоҳ ёшларига олам-олам завқ улашди.

“Биз қорақалпоқ халқининг қанчалик танти, кенг феълли, мард эл эканлигини қалбан чуқур ҳис этамиз. Шу миллатнинг юрагидаги аҳдлари, ҳаётидаги орзу-умид учқунлари, юртига садоқати кўзларидан порлаб, акс этиб турган болажонлари - бизнинг ҳам фарзандларимиздир. Уларнинг қувончига қувонч қўшиш эса бурчимиздир”, – дея таъкидлади университет ректори ўз сўзида.

Кечки маданий дастурда эса вилоятнинг таниқли хонандалари болажонлар хизматида бўлиб, турли куй-қўшиқлар ижро этилди.

Top