Жамият | 18:46 / 02.08.2022
21769
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон учун ноодатий маскан: 860та ташландиқ итнинг замонавий бошпанаси

“Меҳр” номли ҳайвонларга ғамхўрлик маскани – Ўзбекистондаги бошпанасиз жониворларнинг илк реабилитация марказидир. Kun.uz мухбири мингга яқин итга бошпана бўлган маскандан репортаж тайёрлади.

Марказ Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида жойлашган.

“Жониворларга қўлимиздан келганча яхши шароит яратганмиз”

Елена Лисенко, бошпанасиз ҳайвонларнинг “Меҳр” маркази директори:

— Мен Ўзбекистонда илк марта ташкил қилинган вақтинча бошпанасиз итларни реабилитация қилиш маркази раҳбариман. Биласизми, ўз эгасини йўқотган, ташлаб кетилган ёки кўчада туғилган итлар қанчадир муддат кўчада яшашга мажбур. Биз бу ерда уларга ғамхўрлик қиламиз ва қўлимиздан келганча яхши шароит яратишга ҳаракат қиламиз. Итлар ўз эгасини, ўз уйини топиши керак. Марказимизда айни вақт кўчадан олиб келинган 860 та ит боқиляпти.

Марказ Akfa Group ҳомийлигида ташкил этилган. 2 йилдан ортиқ вақт мобайнида Европа ва Туркияда малака ошириб келган мутахассисларнинг тажрибаси мана шу марказимизга мослаштирилган. Бу ерда жониворларни яхши кўрувчилар ишлайди. Харажатларнинг деярли барчаси Akfa Group томонидан қопланади. Бу харажатларга озиқ-овқат ва вакциналар, 23 нафар ишчининг маоши ҳам киради.

“Ундан кўра одамларга ғамхўрлик қилсанг бўлмайдими, дейишади”

Гулчеҳра Эргашева, Ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти аъзоси, волонтёр:

— “Меҳр” бошпанасида жуда кўп қаровсиз жониворлар жойлаштирилган. Бизнинг жамиятимиз ҳам шундай фаолият юритади. Биз Қонунчилик палатаси билан ишлаймиз. 4 йил олдин одамларнинг ит ёки мушукларга ёмон муносабатда бўлган ҳолатлари юзасидан органларга йилига 85 та ариза тушар эди. Ҳозир 1,5 мингдан кўпроқ аризалар тушяпти. Бизнинг ҳам телефонларимиз бор – ҳайвонларга ваҳший ва ёмон муносабатда бўлиш ҳолатлари ҳақида маълум қилишади.

Жониворларга ғамхўрлик қиламиз десак, кўплар тушунмайди. Ундан кўра одамларга, ёш болаларга ёрдам берсанг бўлмайдими, деган гапларни кўп эшитамиз. Муҳтож одамми, ҳайвонми – ҳаммага ёрдам бериш керак, деб ўйлайман. Биз бир-биримизга меҳр-оқибатли бўлишимиз керак, атроф-муҳит, табиат ва жамиятимизни асрашимиз керак, булар ҳам экосистеманинг бир қисми.

Кўрганимиздек, Нукусда итлар қабристони топилди. Бизга бу жуда ачинарли ва бундай ҳоллар деярли ҳар куни келиб тушади. Менимча, инсонийлигимизни йўқотмаслигимиз керак. Булар беозор, Аллоҳ яратган жониворлар, инсонга қарам. Тишлайди деб қўрқишади. Болаларни ёшлигидан қўрқитиб қўйишади. Болаларини олиб келишсин, кўришсин. Ҳозир мана кирдик, бирорта ит ташланганини кўрмадингиз, чунки улар бу ерда меҳр кўради.

Марказимизда ветеринар блокимиз ҳам бор. У барча шароитлар, яъни ултратовуш текшируви, рентген аппаратлари, стерилизация ва биохимик анализ жиҳозлари билан таъминланган. Умуман олганда, муолажалар, жарроҳлик операцияларини қилишга имкониятимиз бор. Бу ерни бемалол ветеринар клиникаси деб атай оламиз.

Жорий йилда “Меҳр ва оқибат” жамияти иштирокида 150 дан зиёд судларда ютиб чиқилди ва ҳайвонларга ёмон муносабатда бўлганлар жазосини олди. Яна бир фаолиятимиз шуки, маҳаллаларга бориб суҳбат ўтказиб келамиз, волонтёрларимиз мактабларга бориб болажонлар билан гаплашишади. Уларга ҳайвонларга яхши муносабатда бўлиш борасида роликлар қўйиб беришади. Ўзингиз биласиз, аксарият болалар ит-мушукларга тош отади, буни ота-онасидан кўради. Афсуски, ота-оналар ҳам болаларига жониворларни кўрса, “ур, теп” дейди. Ижтимоий тармоқларда ҳам кўраётган бўлсангиз керак, ҳайвонларга нисбатан жиноятлар кўп.

“Ҳайвонларга яхши қарайдиган ходимлар керак”

Елена Лисенко:

— Марказда 3 нафар кинолог, 2 нафар ветеренар ҳамда қўриқлаш ходимлари ишлайди. Бизга ҳайвонларимизга яхши қарайдиган ходимлар керак. Администрация бўлимида қизларимиз бор – улар атроф-муҳит тозалигига масъул, шунингдек, улар итларга овқат тайёрлаб ҳам беришади. Янги келган ишчилар тезроқ ойлик олишни хоҳлайди ва ишни тез ташлаб кетишади.

Стационар бўлимида бемор итларимиз ҳам бор. Соғлом итлар кўчада юрганда бир-бирига касал юқмаслиги учун вакцинация қилингунча касал итлар алоҳида сақланади.

Бизга яна ходимлар керак, бироқ молиявий шароитимиз буни кўтармайди. Аммо ҳаммаси яхши бўлади, деб умид қиламиз.

“Ҳайвонлар сонини хавфсиз йўл билан камайтирамиз”

Гулчеҳра Эргашева:

— Яна бир фаолиятимиз – ҳайвонларнинг сонини стерилизация ва кастрация йўли билан камайтириш. Бу энг зарарсиз йўли деб ўйлаймиз. Ҳозирча жониворларни ветеринарларимиз жарроҳлик йўли билан стерилизация қилишяпти.

Маҳаллаларда одамлар жониворларга уйчалар қуряпти. Айтмоқчиманки, ёмон инсонларимиз бор, бироқ яхшилар ҳам кўп. Одамлар йилдан йилга ҳайвонларга ғамхўрлик қилиш кераклигини тушуниб боришяпти.

Ушбу марказни Akfa Group қуриб берган бўлса, шундай катта компаниялардан бири Coca-Cola ҳам мушукларга уйчалар қуриб берди. Бу бошланиши ва шундан умид қиламизки, бунақа катта компаниялар шундай марказлар қуриб беришади ва бундан хурсанд бўлардик. Чунки жуда қийин, волонтёрлар ўзи ишлайди, ҳаммасини ўзининг пулига қилади.

Мадина Очилова Kun.uz мухбири
Оператор ва монтаж устаси Абдусалим Абдувоҳидов

Мавзуга оид