11:48 / 03.08.2022
7582

Июлда Ўзбекистоннинг электр энергияси истеъмоли Қирғизистондан 6,7 баробарга кўп бўлди

Июль ойида Ўзбекистоннинг электр энергияси истеъмоли Қирғизистондан 6,7 баробарга кўпроқ бўлди. Бу ҳақда “Ўзбекгидроэнерго” хабар қилмоқда.

Фото: Kun.uz

Статистик маълумотларга кўра, қўшни Қирғизистонда электр энергияси истеъмолининг энг юқори тарихий даражаси 27 июль куни кузатилиб, 35 миллион 353 минг кВт/соатга етган.

Ўзбекистонда эса 22 июль куни энг юқори истеъмол қайд этилиб, 237 миллион кВт/соатни ташкил қилган.

Таққослайдиган бўлса, июль ойида Ўзбекистоннинг электр энергияси истеъмоли Қирғизистондан қарийб 6,7 баробарга кўпни ташкил қилган.

Ўзбекистон бўйича ўтган ёз мавсумида ҳаво ҳарорати энг юқори суткасида 224 миллион киловатт-соат электр энергияси истеъмол қилинган бўлса, жорий йил 22 июль куни энг юқори истеъмол қайд этилиб, 237 миллион киловатт-соат ёки 6 фоизга кўпни ташкил қилди.

Тошкент шаҳрида истеъмол тарихий кўрсаткичга етиб, одатда куз-қиш мавсумида юқори бўладиган истеъмолдан ортди. Ўтган 2021/2022 йиллар куз-қиш мавсумида Тошкент шаҳрида энг юқори истеъмол 24 миллион киловатт-соатни ташкил қилган бўлса, жорий йил 22 июль санаси бу кўрсаткич 27,5 миллион киловатт-соат ёки 15 фоизга кўпни ташкил этди.

Top