13:14 / 05.08.2022
3242

Ўзбекистонда АКТ ривожи ишсизлик қисқаришига кучли таъсир қилмаётгани сабаби айтилди

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари интернет ва мобил алоқа ривожланиши ишсизлик даражасига қандай таъсир этаётганини ҳисоблаб чиқди.

Фото: Shutterstock

Тадқиқот натижаларига кўра, қуйидагилар аниқланди:

  • оптик толали интернет узунлиги 100 километрга ошиши ишсизлик 0,04 фоиз пунктга қисқаришида ёрдам беради;
  • интернет фойдаланувчилари сони 1 фоиз пунктга ортиши ишсизликни 0,02 фоиз пунктга камайтиради;
  • 100 та янги уяли алоқа база станцияси қурилиши ишсизлик даражасини 0,05 фоиз пунктга камайтириш имконини беради.

Билдирилишича, ишсизлик ижтимоий тенгсизлик муаммосини янада кучайтиради. Ўсиб бораётган ишсизлик даражаси Аргентина, Европа иттифоқи, Индонезия, Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада тенгсизликнинг кучайишига сабаб бўлди.

АКТ, юқори тезликдаги интернет ва мобил алоқа ривожланиши қўшимча иш ўринларини яратиш учун янги имкониятларни очаётгани айтилади. Ривожланган мамлакатлар тажрибасига кўра, мобил телефон иловалари кичик ва ўртача катталикдаги корхоналар учун янги имкониятлар яратади.

АКТ бўйича катта билим ва тажрибаси бор одамлар кўпроқ имкониятга эга ҳамда шунинг учун ишсиз қолиш эҳтимоли камроқ. АКТ кўникмалари ишсизлар маош миқдори ўртача ва юқори бўлган рақамли касбларга ўтишида ёрдам беради.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда АКТнинг ривожланиши ишсизлик қисқаришига кучли таъсир қилмаслигини асосан икки омил билан изоҳлаш мумкин:

  • юқори тезликдаги интернет асосан йирик шаҳарларда мавжуд ва олис аҳоли пунктларини бутунлай қамраб олмайди;
  • рақамли маконда пул ишлаш имконини берувчи компьютер технологияларидан фойдаланиш бўйича кўникмалар етарли даражада эмас.
Top