Интернет ривожланган бугунги дунёда исталган маълумотларни қидириб топиш мумкин бўлиб қолди. Жумладан, иш таклифларини ҳам. Telegram ёки Google, Yandex каби қидирув платформалари орқали “иш керак”, “иш бор” ёки “вакансия” деб қидирсангиз, боғбонликдан тортиб йирик компаниялар менежерлигигача таклифларни топасиз. Ойликлар ҳам шунга яраша: 500 минг сўмлиги ҳам бор, 20 млн сўмлиги ҳам топилади.

Талаблар ҳам маошларнинг катта-кичиклигига қараб қўйилаверади – иш тажрибаси талаб этилади ёки этилмайди, дам олиш куни бор ёки йўқ, тўлиқ ёки қисман иш куни, “онлайн” ёки “офлайн”, талабаларга ёхуд ишсизларга ва ҳоказо... Булардан ташқари давлат томонидан турли идоралардаги масъул лавозимлар ҳамда бўш иш ўринларига танловлар эълон қилиб борувчи махсус сайтлар ҳам фаолият юритади.
“The global economy” таҳлилий порталининг Жаҳон банки маълумотларига таяниб маълумот беришича, 1991 йилдан 2022 йилгача бўлган давр ичида Ўзбекистондаги ишсизлик даражасининг ўртача кўрсаткичи 6,94 фоизни ташкил қилган бўлса, шундан 1991 йилда минимал 1,9 фоиз, 1998 йилда эса максимал 13,3 фоиз қайд этилган. 2022 йилдаги ишсизлик даражаси эса 6,01 фоиз (Ўзбекистондаги расмий манбаларга кўра 9,6 фоиз) билан 176 та давлат рўйхатида Ўзбекистон 81-ўринни банд этган.
Ўтган йили ишга муҳтож бўлганларнинг сони эса 1,4 млн киши бўлган. Ишсизлар сони маълум. Энди иш таклифларига юзлансак. Ўзбекистонда қандай мутахассисликларга эҳтиёж бор? Бўш иш ўринлари ҳам кўп, ишга муҳтожлар ҳам. Нега бу секторда талаб ва таклиф қонуни ишламаяпти? Шу саволларга жавоб топишга уринамиз.
Миллий вакансиялар базасида республика бўйлаб 100 мингдан ортиқ корхоналар (шундан 85 мингга яқини давлат ташкилотлари) томонидан қарийб 284 минг бўш иш ўринлари бўйича таклиф берилган (маълумотлар 26.09.2023 ҳолатига кўра). Платформада иш қидирувчи ўзига маъқул бўлган шартларни белгилаб олиб, вакансиялар билан танишиши мумкин.





















