Жаҳон | 12:14 / 06.08.2022
19715
10 дақиқада ўқилади

«Футбол уруши»: Иккита давлат ўртасидаги қуролли можарога миллионлар ўйини сабаб бўлганмиди?

1969 йил 12 июлда Марказий Америкада жойлашган Салвадор ва Ҳондурас давлатлари ўртасида уруш бошланади. Мазкур уруш бор-йўғи 6 кун давом этган бўлса ҳам анча одамларнинг ҳалок бўлишига ва кўплаб аҳоли масканларнинг вайрон бўлишига сабаб бўлади. Ҳар икки давлат ўртасидаги келишмовчилик аввалдан бўлса ҳам, бу урушга футбол мухлисларнинг калтакланиши сабаб бўлганди.

Спорт ҳар доим тинчлик элчиси ҳисобланган. Аммо тарихда спорт мусобақалари уруш ва жанжалларга ҳам сабаб бўлган. Улар орасида ҳатто иккита давлат ўзаро урушган ҳодиса ҳам бор.

1969 йилда футбол мухлислари ўртасида келиб чиққан можаро туфайли Салвадор ва Ҳондурас ўртасида уруш содир бўлади. Қуролли тўқнашувларда ҳар икки томондан анча одам ҳалок бўлади. Кўплаб аҳоли пунктлари вайрон қилинади. Одамлар қочоққа айланади.

1970 йилда Мексикада ўтказиладиган навбатдаги футбол бўйича жаҳон чемпионатига йўлланма берувчи ўринлар учун Шимолий, Марказий Америка ва Кариб ҳавзаси давлатлари футбол федерациясига аъзо 12 та давлат тўртта гуруҳга бўлинган ҳолда ўзаро баҳслашади.

Фото: latribuna.hn

Гуруҳларда биринчи ўринни олган Салвадор, АҚШ, Ҳаити, ва Ҳондурас кейинги босқичга йўлланма олади. Плей-оффда АҚШ Ҳаитига, Салвадор Ҳондурасга қарши баҳс олиб бориши ойдинлашади. Ўша пайтларда тўплар нисбати инобатга олинмас, мабодо иккита ўйинда жамоалар биттадан ғалаба қозонишса, ҳал қилувчи ўйин ўтказиларди.

Қуръага кўра, биринчи ўйин 1969 йил 8 июн куни Ҳондурас пойтахти Тегусигалпе шаҳрида ўтказилади ва унда Ҳондурас 1:0 ҳисобида ғалаба қозонади. Азалдан ҳар икки давлат ўртасидаги келишмовчиликлар туфайли салвадорлик мухлислар бу мағлубиятни ҳазм қила олишмайди ва ўйин тугагач ҳондураслик мухлислар билан жанжаллашишади.

ilfattoquotidiano.it

Салвадор пойтахтида ўтказилиши лозим бўлган жавоб ўйинидан аввал салвадорлик мухлислар томонидан Ҳондурас терма жамоаси футболчилари ва уларни қўллаб-қувватлаш учун келган ҳондураслик мухлислар калтакланади. Кўчаларда Ҳондурас байроқлари ёқиб юборилади.

Бунга жавобан Ҳондурасда юрган салвадорликлар калтакланади. Салвадорнинг Ҳондурасдаги консуллигига ҳужум қилинади.

1969 йил 15 июн куни ўтказилган ўйинда Салвадор 3:0 ҳисобида ғалаба қозонади. Шу тариқа жамоалар ўртасидаги ҳисоб 1:1 бўлади.

Томонларнинг розилиги билан учинчи, ҳал қилувчи ўйин 26 июн куни Мексика пойтахти Мехико шаҳрида ўтказилиши белгиланади. Бу ўйинда Салвадор 3:2 ҳисобида ғалаба қозонади ва саралаш ўйинларининг финалига чиқади. Кейинги рақиб Гаити эди ва бу жамоа устидан қозонилган ғалаба Салвадорни жаҳон чемпионатига олиб чиқарди.

Можаронинг бошланиши

Иккинчи ўйинда Салвадор ғалаба қозонгандан сўнг Ҳондурас ташқи ишлар вазирлиги Инсон ҳуқуқлари бўйича Америка ташкилотига мурожаат қилиб, ўз фуқароларига салвадорликлар томонидан зўравонликлар содир этилганини текшириш ва айбдорларга чора кўришни сўраб мурожаат қилади.

Ўз навбатида, Салвадор ҳам Ҳондурас ҳудудида бўлиб турган салвадорликларга ва консулликка ҳужум қилингани юзасидан текширувлар ўтказилиши лозимлигини айтиб чиқади.

Шунингдек, ҳар икки давлат бир-бирини айблаб бир неча мартадан баёнот беришади. Бу баёнотлар можарони баттар авж олдиради.

24 июн куни Салвадор ва Ҳондурас ўз қуролли кучларини шай ҳолга келтиришни бошлайди.

26 июн куни ҳал қилувчи ўйинда Ҳондурас футболчилари мағлубиятга учраб жаҳон чемпионатига чиқиш имкониятидан мосуво бўлгач Салвадор бу давлат билан дипломатик алоқаларни узганини эълон қилади.

27 июн куни Ҳондурас ҳам Салвадордан ўз элчиларини чақириб олади. Шу тариқа ҳар икки давлат ўртасидаги алоқалар узилиб, вазият қалтис ҳолатга келиб қолади.

1969 йил 3 июл куни Ҳондурасга тегишли транспорт самолёти ва иккита қирувчи самолётга Салвадор ҳудудидан зенит ракеталари билан зарба берилади.

Шундан сўнг Ҳондурас ўз ҳарбий техникаларини Салвадор билан бўлган чегарага жойлаштира бошлайди.

Фото: insider.com.

Урушнинг бошланиши

1969 йил 12 июл куни ҳар икки давлат ўртасидаги чегара бўйлаб қуролли тўқнашувлар бошланади. 14 июл куни Салвадор армияси ҳужумга ўтади ва Ҳондурас ҳудудига бостириб киради. Шу тариқа икки давлат ўртасида уруш бошланади.

Бир томонда қуруқликдаги қўшинлар ўртасида жанг кетаётган пайтда, ҳар икки давлатнинг ҳарбий авиацияси ўзаро жангга киришади. Ҳарбий самолётлар шаҳар ва қишлоқларни, аэродромларни бомбардимон қила бошлайди.

Урушнинг иккинчи куни Америка давлатлари ташкилоти ҳар иккала давлатга урушни зудлик билан тўхтатиш ҳақида мурожаат йўллайди. Салвадор ва Ҳондурас бу мурожаатни эътиборсиз қолдиради ва уруш давом этади.

Бу урушда Салвадор ҳарбийлари бироз устунликка эга бўлади. Улар 1969 йил 17 июлгача Ҳондурас чегарасидан 70 километр ичкарига кириб боришади ва вилоят марказларидан бирини қамал қилишади.

18 июл куни Америка давлатлари ташкилоти томонларга 21 июл куни соат 22:00 гача ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш талабини қўяди. Ўша куни томонлар 6 соат давом этган музокараларда ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ҳақидаги дастлабки келишувга эришади. Томонлар ўқ узишни тўхтатишади.

Аммо Салвадор ҳарбийлари Ҳондурас позицияларини ўққа тутгач уруш қайтадан бошланади. 19 июл куни Салвадор ҳарбийлари анчадан буён қамал қилинаётган Ҳондурасдаги вилоят маркази Нуэва Окотепеке шаҳрини эгаллашади ва марказий майдонга ўз байроқларини илиб қўйишади.

Шундан сўнг ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича музокаралар қайта тикланади ва томонлар ўзаро келишувга кўра 20 июл куни ўт очишни тўхтатишади.

Бу пайтга келиб урушда устунлик қилган Салвадор армияси Ҳондураснинг тўртта департаменти ва ўнга яқин шаҳрини босиб олган ва 400 километр квадрат ҳудудни эгаллаб олган эди.

Фото: 24chasa.bg

Шундан сўнг кейинги ўн кун давомида Америка давлатлари ташкилоти вакиллари ва Салвадор ҳукумати ўртасида музокаралар бўлиб ўтади. Америка давлатлари ташкилоти Салвадордан зудлик билан Ҳондурас ҳудудидан қўшинларини олиб чиқишни талаб қилади. Салвадор эса уларга шарт қўйиб, Ҳондурас товон пули тўлаб берса, қўшинларни олиб чиқишини маълум қилади.

Охир-оқибат, Америка давлатлари ташкилоти Салвадор Ҳондурасдан қўшинларини олиб чиқмаса иқтисодий санкциялар қўллаши ҳақида огоҳлантиради. Бу пўписадан сўнг Салвадор Ҳондурасдан ўз қўшинларини олиб чиқишга рози бўлади.

Шу билан бирга Америка давлатлари ташкилоти ўз махсус вакилларини Ҳондурас ҳудудида жойлаштиришни ва улар бу давлатда яшаётган салвадорликларнинг хавфсизлигини таъминлашни ўз зиммасига олади.

1969 йил 2 август куни Салвадор Ҳондурас ҳудудидан ўз қўшинларини олиб чиқа бошлайди.

Томонларнинг талафотлари

Гарчи қисқа муддат давом этган бўлса ҳам бу уруш ҳар икки давлатнинг анча талафот кўришига сабаб бўлади.

Урушда ҳар икки томондан 6 минг одам ҳалок бўлади. 12-15 минг одам яраланади. Уларнинг катта қисми тинч аҳоли вакиллари эди.

Бу уруш айниқса Ҳондурас учун оғир оқибатларни келтириб чиқаради. Мамлакат урушга катта маблағ сарфлайди. Уруш вақтида 60 мингдан 130 минггача Ҳондурас аҳолиси қочоқларга айланади.

Фото: bt.com

Бунинг устига 1969 йил сентябр ойида содир бўлган Франселин тўфони мамлакатга катта зарар етказади.

Уруш ва табиий офат келтирган талафотлар Ҳондурас аҳолисининг сабр косасини тўлдириб юборади. Ҳондураснинг турли шаҳарларида Салвадор билан қарама-қаршиликларни тўхтатиш ва давлат билан дўстона алоқалар ўрнатишни талаб қилиб кўп минг сонли одам намойишларга чиқади.

Можароларнинг давом эттирилиши

Гарчи ҳар икки давлат вакиллари тинчлик тўғрисидаги келишувни имзолаганига қарамасдан улар ўртасидаги можаролар яна анча йиллар турли кўринишда давом этади.

Кейинги можаролар урушгача етиб бормайди ва ҳар икки давлат чегарасида ҳарбийларнинг бир-бирига ўқ узиши кўринишида бўлади.

Шунингдек, ҳар икки давлат бир-биридан ер даъво қилиб, дипломатик уруш олиб боради.

1976 йилда чегарада бошланган ўзаро отишма бир ҳафта давом этади. Бу орада ҳар икки давлат ҳам Марказий Америка мудофаа кенгашидан чиқиб кетади.

1980 йилда Перу пойтахти Лима шаҳрида Салвадор ва Ҳондурас ўртасида тинчлик шартномаси имзоланади. Аммо ўзаро можаролар яна давом этаверади.

1992 йил БМТ вакиллари иштирокида ҳар икки давлат ўртасидаги чегара линиясининг барча участкалари аниқланади. Шундан сўнг ҳар икки томон ер учун даъволар ва унинг ортидан келиб чиқаётган можароларни тўхтатади.

Жаҳон чемпионати йўлланмаси тақдири нима бўлди?

Салвадор терма жамоаси учта ўйин натижасига кўра Ҳондурасни 2:1 ҳисоби билан ортда қолдиргач жаҳон чемпионатига йўлланма берувчи ўрин учун Ҳаити терма жамоаси билан беллашади.

1969 йил 21 сентябр куни ўтказилган илк ўйинда Салвадор футболчилари, 28 сентябр куни ўтказилган ўйинда ҳаитиликлар ғалаба қозонишади ва ўзаро ҳисоб 1:1 бўлади.

Ҳал қилувчи ўйин 8 октябр куни Ямайка пойтахти Кингстон шаҳридаги ўйингоҳда бўлиб ўтади. Унда Салвадор терма жамоаси 1:0 ҳисобида ғалаба қозонади ва 1970 йил Мексикада бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритади.

КОНКАКАФнинг иккинчи йўлланмаси мусобақа мезбони сифатида Мексикага берилганди.

1970 йил 31 майдан 21 июлгача бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида Салвадор 1-гуруҳда СССР, Мексика ва Белгия билан бир гуруҳда жойлашади. Гарчи жаҳон чемпионатига йўлланма уруш, вайронагарчиликлар ва қурбонлар эвазига қўлга киритилган бўлса-да, Салвадор терма жамоаси гуруҳ босқичидаги учта ўйинда ҳам йирик ҳисобларда мағлубиятга учрайди.

Фото: elsalvador.com

Жамоа рақиблар дарвозасига бирорта ҳам тўп кирита олмаган салвадорлик футболчилар ўз дарвозасидан тўққизта гол ўтказиб юборади ва гуруҳда сўнгги ўринни эгаллаб, уйга қайтиб келади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид