20:27 / 08.08.2022
17823

Имтиҳон ҳаяжони ва ҳаётнинг бурилиш нуқтаси – вазирлар абитуриентларга нима дейди?

Олий таълим вазири абитуриентлик пайтида имтиҳон топшириш учун Тошкентга келолмагани сабаб Термизда ўқиган. “Курсдошим 93 балл билан бюджет, мен 177 балл билан контрактда ўқирдим, бу адолатcизликка чидаб бўлмайди”, дейди у. Адлия вазири эса тайёргарликка биров халал бермаслиги учун кун билан тунни алмаштириб дарс қилганини эслайди.

8 августдан Ўзбекистонда ОТМларга кириш имтиҳонлари бошланди. Миллиондан ортиқ ёшлар учун муҳим палла муносабати билан Kun.uz бир неча ҳукумат аъзоларининг олийгоҳга ўқишга кириш хотиралари ва абитуриентларга тилакларини тақдим этади.

“Тошкентга келишга имкониятим бўлмагани учун, Термизга ўқишга топширишга мажбур бўлганман”

Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов:

— Мен 50-60 йил аввални эмас, ўзимнинг абитуриентлик давримни айтмоқчиман: 1993 йил илк марта тест жорий қилинганда, тест қандай бўлишини тушунтириб берадиган одам бўлмаган. Тестга кирганмиз, нима қилишни билмаймиз. Ҳужжат топширишнинг ўзида жуда катта машаққат ва адолатсизлик бўларди. Термизнинг иссиғи 45 градус, бир ҳафта ҳеч бир шароит йўқ – ҳужжат топшириш учун навбатда турганман. Тошкентдаги ОТМларга ўқишга топшириш учун олиб келадиган одам бўлмаган – отам ёшлари ўтиб, бемор ҳолда ётоқда эдилар, ҳозиргидек транспорт инфратузилмаси бўлмаган.

Шу тариқа ТерДУга ҳужжат топширганман. Кимнинг таниши бўлса, контракт ҳужжатисиз ҳужжат топширарди, бизга ўхшаб бориб қолганларга контракт “бланканг” бўлмаса, ҳужжатингни олмаймиз, деган шарт бўларди.

Ўқишга киргандан кейин 93 балл билан курсдошим бюджет, мен 177 балл билан контрактда ўқирдим, бу адолатcизликка чидаб бўлмайди. Ҳозир ижтимоий тармоқлар, фаолларга раҳмат – кичик адолатсизликлар барҳам берилишига сабаб бўляпсизлар. Бир йил ўқиб бюджетга ўтганмиз, бундай имконият ҳам бор эди.

Билими жуда кучли синфдошим Тошкентга ўқишга топшириб, 5 марта қайтиб кетган, кира олмаган. Яқинда шу синфдошимни кўриб ҳол-аҳвол сўрасам, мактабда қоровул бўлиб ишлаётган экан. Жамият, давлат ўша пайт шундай иқтидоридан айрилди. Шундай қобилиятли боланинг истеъдоди қишлоқда қолиб кетди. Балки у мендан бахтлидир, ижтимоий тармоқлардаги негативларга термилмас (ҳазил), тоғда тинч яшаётгандир, лекин давлат бу истеъдоддан айрилди.

“Тун ва кунни алмаштириб имтиҳонга тайёрланганмиз”

Русланбек Давлетов, адлия вазири:

— Абитуриент сўзини эшитганимда ҳозир ҳам ҳаяжон келади. Ўша пайтдаги ҳисларимни эслатади. Бу табиий нарса деб ўйлайман. Ўқишга кириш ҳам инсоннинг ҳаётидаги катта воқеа – менда ҳам бу истисно бўлмаган. Ҳамма оддий инсон, бир соҳада кучли бўлса, бошқа соҳада камчилиги бўлади. Бу йил менинг ҳам фарзандим абитуриент – оиламизда ҳаяжонли кунлар кечяпти. Абитуриентлар ҳаяжонни ўйламасдан, ўзига ишониши керак.

Буюк Британияда имтиҳонларни топшириш жуда қийин бўларди. 40 кун ҳеч қаерга бормасдан тайёргарлик кўрардик. Ҳаттоки кун билан тунни алмаштириб дарс қилишга тўғри келарди, ҳеч ким халақит қилмаслиги учун. Мана, ҳаммаси ўтиб кетди. Бугунги абитуриентларимиз биздан ақллироқ, кучлироқ. Ахборот макони ривожланган, уларнинг дунёқараши кенг, психологик тайёргарлиги ҳам яхши – далда, мотивация берувчи манбалар жуда кўп. Ҳаммаси яхши бўлади, асосийси, ҳаяжонланмаслик.

“Абитуриентларга хорижий тилларни ўрганишни маслаҳат бераман: тил эшикларни очади”

Алишер Саъдуллаев, Ёшлар ишлари агентлиги директори:

— Имтиҳон ҳам аслида ҳар доимгидек оддий кун. Тўғри, имтиҳон арафасида ва шу куни абитуриент-ёшларда бироз ҳаяжон ёки қандайдир босим бўлиши мумкин, аммо бу кўпинча зарарга ишлайди. Имтиҳонга оддий кундек қараш керак, бор билимларни эса шу куни ишга солиш керак. Билимли инсон ҳар қандай имтиҳонлардан ўта олади.

Абитуриентларга ўқишга кирганларидан сўнг хорижий тилларни ўрганишни тавсия қиламан. Тил билиш бугун замон талабига айланиб улгурди. Хорижий тилларни билган инсонга дунё эшиклари ҳам очилади. Бундан ташқари, энг яхши китобларни, манбаларни бемалол ўқиш ва тушуниш учун ҳам бу энг муҳим омил. Инсон қанча кўп китоб ўқиса, қанча кўп изланса ва ҳаракат қилса, соҳасининг энг кучлиси бўлиб бораверади.

Бу борада йигит-қизларимизни қўллаб-қувватлаш учун 2021 йил 1 майдан бошлаб IELTS, TOEFL, GMAT, GRE, SAT каби 5 та; 2022 йил 1 январдан эса араб, хитой, француз, рус, испан, корейс, япон, италян, турк ва немис тиллари бўйича 13 та халқаро имтиҳон тизимларида (жами 18 та халқаро имтиҳон тизимларида) юқори натижага эришган ёшларнинг имтиҳон харажатлари Ёшлар ишлари агентлиги томонидан қоплаб бериш тизими йўлга қўйилган.

“Жамият олий таълимда катта адолатсизликларни кўрди, бугун ўзимизни оқлашимиз қийин бўляпти”

Абдуқодир Тошқулов:

— 2016 йилда ОТМлар сони 77та бўлган бўлса, ҳозир 177та. 5 йилда 100та қўшилди. Муҳими, ҳозир тўғри ишлаяпмиз, нима бўлса ўзимиз барпо қиляпмиз. Бу йилги қабул билан қамров 40 фоиздан ошади.

Илгари ҳамма имтиҳон бир кунда бўлар, миллионлаб абитуриент бир кунда имтиҳон топширарди. Тестда оломон кайфиятини пайдо қилиб, бир кунда ўз мақсадлари йўлида фойдаланишган. Ҳозир бундай имконият йўқ, имтиҳонлар 12 кунда топшириляпти. Ҳужжат топшириш учун Тошкентга келиш шарт эмас – мен кела олмаганман Тошкентга. ДТМ рухсатнома деган нарсани олиш қанча муаммо эди, у ҳам рақамлаштирилди.

Олий таълимда жамиятнинг кўз ўнгида адолатсизлар кўп бўлди, бугун ўзимизни оқлашимиз қийин бўляпти. Бугун мен шу тизимни мувофиқлаштирувчи раҳбарлардан бири сифатида кафолат бераманки, рақамлашмаган соҳа қолмаяпти, демак ўртача билими бўлган абитуриент ўқишга кира олмай қолмайди. Ҳозир ҳамма шароит бор – фақат ўқиш керак. Бироқ шунга қарамай, ўқиётган абитуриентлар кўп деб ҳисобламайман. Умумий балларни кўрсангиз, аксар абитуриент максимал баллнинг ярмини ҳам ололмаяпти. Шунинг учун аввало мен ўқиган, фарзандининг олий маълумотли бўлишига астойдил бел боғлаган оилалар фарзандларига олий таълим вазири сифатида омад тилайман. Юзлари ёруғ бўлсин. Ҳозирги имконият учун ўрта авлод вакиллари қандай қийналганимизни айтишимиз керак. Тезкорлик ошган, ҳамма нарса рақамлашган, фақат ўқиш керак. Ўқиганлар, тайёргарлик кўрганларга омад тилайман.

“Ҳаяжонни енгиш учун ўқиш, ўзига ишонч кучли бўлиши керак”

Русланбек Давлетов:

— Мен жуда кўп музокараларда, халқаро ташкилотлар, делегациялари билан оғир масалаларда халқаро трибуналарда кучли ва буюк одамларни кўрганман. Лекин ҳамма ҳам оддий одам. Ҳаммада ҳаяжон бўлади. Катта тажрибага эга санъаткорлар ҳар сафар саҳнага чиққанида ҳаяжон бўлишини айтишади. Менда масаланинг ичига кира олмаганимда ҳаяжон бўлади. Мавзуни яхши тушуниб, ўрганиб, ўзимга баланд ишонч билан сўзга чиққанимда ҳеч қачон ҳаяжон бўлмаган.

Ўйлайманки, одам соҳасини яхши билса, унга ҳеч нарса ҳатто ҳаяжон ҳам ғов бўлмайди. Ўқиган бўлсангиз, ҳаяжон ва қўрқув бўлмайди. Шунинг учун яхши ўқиш керак.

“Мақсадга эришишнинг мақбул йўли – меҳнат ва ҳаракат”

Шерзод Қудбиев, Давлат солиқ қўмитаси раиси:

— Инсон улғайиб борар экан, унинг орзу-мақсадлари ҳам ўсиб боради. Мақсадлар сари ташланган қадамлар эса кишиларни чинакам бахт сари етаклайди.

Ўзбекистон келажаги бўлган минглаб ёшлар қалбида ҳаяжон билан олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини топширишни бошлади.

Ҳурматли абитуриентлар, янги Ўзбекистон меъмори ва ташаббускори – президентимизнинг сизларга яратиб бераётган имкониятларидан унумли фойдаланиб, “Учинчи Ренессанс”ни қуришда юксак касбий маҳорат, кучли ирода соҳиби, ўрни келганда мардлик ва фидойилик ҳамда ҳалоллик каби хислатларни намоён қила оладиган, танлаган касбингизнинг моҳир эгаси бўлишингизга ишонаман.

Азиз ёшлар, олдингизга қўйган мақсадингизга эришишнинг энг мақбул йўли билим, масъулият, меҳнат ва ҳаракат эканини доимо ёдда сақланг.

Катта ҳаёт дебочасида турган Сиз, азиз ёшларга фақат омад ва чинакам бахтингизга эришишингизни тилайман.

Мадина Очилова тайёрлади.

Top