12:06 / 08.08.2022
13947

Нишон тумани ҳокими ўринбосари пиёдани уриб юборди

Мазкур ҳолат юзасидан Қарши туман прокуратураси томонидан тергов олди суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Нишон тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари хизмат машинасида 49 ёшли фуқарони уриб кетган. Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда тарқалган Қарши тумани ИИБ раҳбари Н.Овлаевнинг Қашқадарё ИИБ бошлиғи Ш.Сотволдиевга йўллаган ахборотида айтилган. Ҳолатни Kun.uz манбаси тасдиқлади.

Ҳодиса 2022 йил 30 июл куни соат 23:50 да содир бўлган. Нишон тумани ҳокимининг 1-ўринбосари, 1969 йилда туғилган Эркин Бобоқулов ўз бошқарувидаги давлат рақами 70 040 DAV бўлган Gentra машинаси билан Нишон туманидан Чироқчи тумани томон кетаётганда Қарши тумани “Тахтапул” МФЙ ҳудудидаги йўлда нотаниш фуқарони уриб юборган.

Эркин Бобоқулов

Оқибатда, жабрланувчи оғир тан жароҳатлари олиб, воқеа жойида вафот этган.

Фуқаронинг жасади шифохонага олиб борилгандан сўнг унинг шахсига аниқлик киритилганда, марҳум Қарши шаҳар “Араловул” МФЙда яшовчи, 1973 йилда туғилган мавсумий ишчи Акром Йўлдошев экани маълум бўлган.

Ҳодиса юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ, 2022 йил 1 июн куни Миришкор тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Тошкентга кетаётиб Сирдарё вилоятида содир бўлган ЙТҲда вафот этганди.

Top