12:53 / 13.08.2022
29842

Совет армияси томонидан қонга ботирилган Прага: Чехословакиянинг социалистик тузумдан юз ўгириши қандай бостирилганди?

1968 йилда Чехословакия компартиясига янги раҳбар сайланади ва мамлакатда ислоҳотлар бошланади. Унга кўра бу ерда компартиянинг гегемонлигига чек қўйилади. Давлатнинг ОАВ устидан назорати камайтирилади. Ғарб давлатлари билан ҳамкорлик ривожлантирилади. Ўшанда бу ислоҳотлар СССР раҳбариятига ёқмайди ва Чехословакияга совет армияси киритилади. Мамлакат босиб олиниб, Прага қонга ботирилади.

1943 йилнинг охири, 1944 йилнинг бошларида уруш совет иттифоқи чегарасидан чиқиб Шарқий Европага кўчади. СССР халоскор сифатида Польша, Венгрия, Чехословакия, Германиянинг шарқий қисми, Руминия, Болгария, Югославия ҳамда Албанияни фашистлар зулмидан озод қилар экан, уларнинг аҳолиси совет армиясини катта тантаналар билан кутиб олади. Ўша пайтда улар келажакда ўзларини нималар кутаётганини, коммунистлар бошларига қандай кулфатлар солишини билишмасди.

Уруш тугаши билан совет иттифоқи томонидан фашистлардан озод қилинган давлатларда зудлик билан коммунистик партиялар тузилиб, ҳокимият эгалланади. Шундан сўнг уларнинг аксариятида уруш пайтида Ғарбда қочқинликда юрган ҳукуматларнинг қайтиб келишига йўл қўйилмайди.

Масалан, Полша ҳукумати билан шундай бўлган. Урушдан сўнг Буюк Британияда қочқинликда бўлган ҳукумат ватанга қайта олмайди. Москва қўллови билан тузилган коммунистик ҳукумат раҳнамолари Полшани эгаллаб олиб, қонуний ҳукуматнинг ортга қайтишига йўл қўйишмайди.

Урушдан сўнг бир муддат коммунистик тузум қўл остида яшаган Шарқий Европа халқлари «қордан қутулиб дўлга тутилганларига» амин бўлишади. Гарчи Москва томонидан қўйилган қўғирчоқ ҳукуматлар ва раҳбарлар анча томир ёзиб улгурган бўлса ҳам, одамлар тобора коммунистик режимни ёмон кўра бошлашади.

Ана шундай вазиятда «илк қўнғироқ Венгрияда чалинади». Коммунистик режимда яшашни хоҳламаган венгрлар 1956 йилда қўзғолон кўтаради. Қўзғолон Москва томонидан аёвсиз бостирилади. Ўшанда Москва «нонкўр» венгрлардан аёвсиз қасос олади ва кўплаб тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлади.

Фото: myhungary.net

Ўша йили Полшанинг Познан шаҳрида ишчиларнинг коммунистик тузумга қарши намойишлари бўлиб ўтади ва бу ҳам шавқатсизларча бостирилади.

Орадан 12 йил ўтиб, 1968 йилда Чехословакия компартияси раҳбарлари томонидан социалистик тузумга қарши ислоҳотлар ўтказилишини эълон қилинади. Одамлар буни қўллаб-қувватлаб чиқишади. Охир-оқибат бу ерда ҳам намойишлар совет армияси бошлиқ иттифоқчилар томонидан бостирилади. Кўплаб одамлар ҳалок бўлади.

Чехословакиянинг бош кўтариши

1968 йил 5 январ куни Чехословакияда раҳбар алмашади. Мамлакат коммунистик партияси Марказий қўмитаси биринчи котиби этиб словак миллатига мансуб Александр Дубчек тайинланади.

Ўша йили баҳорда Дубчек ўз ҳаммаслаклари билан «Ҳаракатлар дастури» номи билан янги ислоҳотлар дастури лойиҳасини тақдим этади. Дубчекнинг мақсади ислоҳотлар баҳонасида коммунистик тузумдан воз кечиш ва мамлакатни советлар таъсир доирасидан чиқариб олиш эди.

Фото: alamy.com

Дастурда Чехословакияда инсон ҳуқуқларига эътиборни кучайтириш, матбуот ва ОАВни эркинлаштириб, уларнинг фаолиятида давлат назоратини олиб ташлаш, коммунистик партия гегемонлигидан воз кечиб кўп партиявий бошқарувга ўтиш каби бир қатор ислоҳотлар қилиниши кўзда тутилганди. Чехословакия халқи дастур лойиҳасини қизғин қўллаб-қувватлайди ва у қабул қилинади.

Москванинг хавотирлари ва талаби

Дубчек ва унинг ҳаммаслаклари томонидан бошланган янги ислоҳотлар Москвага ёқмайди. Чунки улар амалга оширилса, Чехословакия СССР таъсир доирасидан чиқиб кетиши аниқ эди. Қолаверса, Европа марказида жойлашган давлатнинг коммунистик партия гегемонлигидан воз кечиши – бу социалистик лагерга бошлиқ бўлган СССРга геосиёсий нуқтаи назардан яхшигина зарба бўларди.

Шу сабабли, бир пайтлар Венгриядаги коммунистик тузумга қарши кўтарилган қўзғолонни бостиришда жонбозлик кўрсатган ва ўша хизматлари эвазига кейинчалик КГБ раҳбари этиб тайинланган Юрий Андропов Дубчекнинг ислоҳотларини совет иттифоқи учун ўта хавфли деб баҳолайди. У Чехословакия шу йўл билан СССР таъсир доирасидан чиқиб кетиб Ғарб мамлакатлари билан ҳамкорлик қилмоқчи бўлаётганини айтади.

Фото: alamy.com

Шундан сўнг совет раҳбарияти Дубчекдан ислоҳотлардан воз кечишни талаб қилади. Аммо у кўнмайди. Ўша пайтда Дубчек катта эҳтимол билан ўзини қўллаётган мамлакат аҳолисига ишонган, аммо Москванинг Чехословакияга қўшин киритиши ва Прагани қонга ботириши мумкинлигини хаёлига ҳам келтирмаганди.

СССРнинг таҳдиди

Советлар Дубчекни «яхши гап билан» кўндира олмагач, унинг «танобини тортиб қўйишга» қарор қилишади. Ўша пайтда Чехословакияда совет ҳарбий базалари бўлиб, Москва Дубчекнинг «эсини киритиб қўйиш» учун улардаги ҳарбий хизматчилар сони кам деб ҳисоблайди.

1968 йил 15 июл куни СССР Варшава шартномаси ҳарбий блоги номидан Дубчекни сўнгги марта огоҳлантиради. Бу огоҳлантиришда Чехословакияда социалистик тузумга қарши норозилик кучайиб бораётгани, бу социалистик лагерга кирувчи мамлакатларга, жумладан, СССРга ҳам тўғридан тўғри таҳдид экани айтилганди.

Бундан ташқари, агар Чехословакия компартия гегемонлигига асосланган социалистик тузумдан воз кечиб, кўп партиявийликка асосланган тузумга ўтадиган бўлса, бу давлатга Варшава шартномаси ташкилоти ҳарбий блогининг қўшинлари киритилиши мумкинлиги таъкидланганди.

Москванинг бу таҳдидли хати Чехословакия аҳолисининг ғазаблантириб юборади. Улар ҳукуматдан ва президентдан социалистик тузумдан воз кечишни талаб қилиб чиқишади.

Мамлакат компартияси номидан ёзилган жавоб хатида Варшава шартномаси ташкилотининг хавотирлари асоссиз экани, Чехословакия коммунистик партиядан воз кечмаслиги, шу билан бирга бошқаларга ҳам имконият берилиши ҳақида ёзилганди.

Дубчек Москванинг «жим юрмасанг жазолаймиз», деган мазмундаги таҳдидли хатига бошлаган ислоҳотларни давом эттиришини маълум қилиб, шу тарзда жавоб беради.

Музокаралар ва ёлғон келишув

1968 йил 29 июл куни Брежнев бошлиқ СССР раҳбарияти Словакия шарқида жойлашган Черна-над-Тисоу шаҳарчасида Дубчек билан яширинча музокара ўтказади.

Фото: The New Times

Музокаралар давомида совет раҳбари Дубчекка босим ўтказиб, ислоҳотлардан воз кечишни талаб қилади. Аммо Дубчек ён бермайди ва СССР ҳарбийларини Чехословакиядан олиб чиқиш ҳамда мамлакатнинг ички ишларига аралашмасликни сўрайди. Шу тариқа музокара натижасиз тугайди.

Кейинги музокара 1968 йил 3 август куни Словакия пойтахти Братислава шаҳрида ўтказилади ва унда томонлар келишувга эришади. Келишувга кўра СССР Чехословакиядан ўз ҳарбийларини олиб чиқади, мамлакатнинг ички ишларига аралашмайди. Ўз навбатида Чехословакияда социалистик тузум ҳамда советларга қарши тарғиботлар тўхтатилади.

Кейинчалик СССР ва Чехословакия ўртасида тузилган ушбу келишувни Москва вақтдан ютиш учун ўйлаб топгани маълум бўлади. Чунки Дубчек келишув имзоланди, деб бемалол бўлган пайтда Москвада Чехословакияга қўшин киритиш масаласи муҳокама қилинаётганди.

Чехословакияга СССР ҳарбийларининг киритилиши

1968 йил август ойининг ўрталарига келиб вазият кескинлашади. 18 август куни социалистик лагерга кирувчи давлатлар Чехословакияга қўшин киритишга розилик билдиришади.

1968 йил 20 августдан 21 августга ўтар тунда 300 минг киши ва 7 мингта танкдан иборат армия ушбу мамлакат ҳудудига бостириб киради. Бу қўшин таркибида озроқ Варшава шартномаси ташкилотига аъзо бўлган Полша, ГДР, Венгрия ва Болгария ҳарбийлари ҳам бор эди.

Фото: theatlantic.com

Бу ҳақда совет иттифоқи маршали Гречко Чехословакия мудофаа вазири Мартин Дзурга  хабар беради. Ўз навбатида Мартин Дзур қўл остидаги ҳарбийларга совет қўшинларига қаршилик кўрсатмаслик топшириғини беради.

Совет армияси Чехословакияга мамлакатнинг барча томонидан киради. Жумладан, СССРнинг ГДРдаги ҳарбий базасида жойлашган қўшинлар ғарбдан, Полшадаги ҳарбийлар шимолдан, Украинада жойлашган қўшинлар шарқдан, Венгрия ва Болгариядаги ҳарбийлар жанубдан киради.

Қўшинларнинг бир қисми йирик шаҳарларга, асосий қисми эса пойтахт Прага томон ҳаракатлана бошлайди. Мартин Дзур Чехословакия ҳарбийларига босқинчилар армиясига қаршилик кўрсатмаслик топшириғини беради.

Турли ҳарбий техникалар билан қуролланган қўшин қисқа муддат Чехия ва Словакиянинг муҳим стратегик объектларини эгаллайди.

Шундан сўнг Дубчек зудлик билан Чехословакия коммунистик партияси марказий қўмитаси мажлисини чақиради ва босқинчиларга қаршилик кўрсатиш масаласини муҳокама қилади. Муҳокамада Чехословакиянинг босқинчиларга кучи етмаслиги айтилади.

Муҳокамадан сўнг Дубчек радио орқали мамлакат фуқароларга тинчликни сақлаш ва жойларда совет ҳарбийлари билан можаро чиқармасликни сўраб мурожаат қилади. Сўнг Дубчек Брежневга Варшава шартномаси ташкилоти ҳарбийларини Чехословакия ҳудудидан олиб чиқиб кетишни талаб қилиб нота юборади. СССР раҳбари Дубчекнинг нотасига жавоб бермайди.

Праганинг босиб олиниши

1968 йил 21 август соат 2:00 ларда Прагадаги Рузине аэродомини (ҳозир Вацлав Гавел номидаги халқаро аэропорт) совет армиясининг 7-десант дивизияси эгаллайди. Шундан сўнг аэродромга бирин-кетин совет ҳарбийлари бўлган самолётлар қўна бошлайди.

21 август куни соат 4:30 да совет қўшинлари танклар ёрдамида Чехословакия компартияси марказий қўмитаси биносини ўраб олади. Дубчек ва унинг ҳаммаслаклари шу ерда эди.

Фото: РИА Новости 

Ўша куни соат 10:00 ларда КГБ Дубчек, бош вазир Черник, парламент раиси Смирковский, Миллий фронт раҳбари Кригел ва яна бир қатор юқори мансабдаги шахсларни қўлга олади. Уларни совет БТРларига тиқиб, Рузине аэродромига олиб боришади ва у ердан Москвага олиб кетишади.

1968 йил 23 август куни Москвага Чехословакия президенти Свобода келади ва совет раҳбариятига барча шартларга рози эканини, фақат ҳибсга олинганлар озод қилиниши лозимлигини билдиради.

Москвада Чехословакия делегацияси 15 пунктдан иборат баённомага имзо қўйишга мажбурланади. Унда Чехословакия социалистик йўлдан ҳеч қачон чекинмаслиги белгилаб қўйилганди.

Шундан сўнг тутқунликда ушлаб турилган Дубчек ҳамда бошқалар озод қилинади ва улар Прагага қайтишади.

Прагадаги фожиалар

21 август куни совет ҳарбийлари Чехословакия ҳудудига, сўнг пойтахт Прагага кирар экан, аввалига одамлар нима бўлаётганини билишмайди. Дубчек ва унинг ҳаммаслаклари Москвага олиб кетилгач, бу ҳақда яширинча фаолият кўрсатадиган радио мамлакат бўйлаб хабар тарқатади.

Шунингдек, Прага ва бошқа шаҳарларда босқинчиларга қаршилик кўрсатишга чақирилган варақалар тарқатила бошланади. Бу пайтда совет танклари Прага шаҳри кўчаларида юрганди. Шаҳар аҳолиси совет армияси қаршисига чиқа бошлайди.

Фото: society6.com

Шундан сўнг Чехословакия бўйлаб норозилик намойишлари бошланиб кетади. Аксарият одамлар СССРга қарши ёзувлар ёзилган плакатлар кўтариб олишганди. Пойтахт Прага кўчалари одамларга тўлиб кетади. Намойишчилар танклар ўта олмаслиги учун кўчаларга баррикадалар ўрнатишади.

Вазият жиддийлашгач, намойишга чиққан одамлар қурол сифатида Молотов коктейли тайёрлай бошлашади. Ўртада тўқнашувлар бошланади ва намойишчилар совет танкларига қарата Молотов коктейлларини ота бошлади. Совет ҳарбийлари эса уларга қарши қурол қўллашади.

Тўқнашувлар давомида совет ҳарбийлари ҳеч кимга раҳм-шафқат қилмайди. Ўшанда тинч аҳолидан 150 нафарга яқин одам ҳалок бўлади. Минглаб инсонлар яраланади. Прага кўчалари намойишчилар қонига беланади. Совет ҳарбийларидан эса 11 киши ҳалок бўлади, юзга яқини жароҳатланади.

Фото: lori.ru

22 август куни намойишлар сустроқ бўлади ва кечга бориб тарқайди. Одамлар совет танкларига қарши биргина Молотов коктейллари ва мушт билан қарши чиқиб бўлмаслигини тушуниб етади.

Гарчи совет ҳарбийлари бутун Чехословакияни босиб олиб, намойишчиларга қарши қурол қўллаган бўлса ҳам, мамлакат армияси бу ҳодисаларни жим кузатади. Армия бош қўмондонлиги томонидан ҳарбийларга шундай топшириқ берилганди.

Чехословакия босқинига қарши Москвадаги намойиш

Ўшанда СССР ОАВ совет ҳарбийларининг Чехословакияга бостириб кирганини «Совет ҳарбийлари социалистик тузумни ҳимоя қилиш учун ўтказилган ҳарбий операцияларда ўзининг интернационал бурчини бажарди» деб талқин қилишади. Ҳарҳолда КГБ ва Мудофаа вазирлиги барчага шундай деб уқтирганди. Аммо совет фуқароларининг аксарияти хорижий радиолар орқали Чехословакияда аслида нималар бўлаётганини, у ерда тинч аҳоли ҳалок бўлганини билиб турарди.

1968 йил 25 август куни, Прага қонга ботирилгандан уч кун ўтиб бир гуруҳ совет фуқаролари Қизил майдонга Чехословакиянинг босиб олинишига қарши намойишларга чиқади. Милиция бўлинмалари уларни дарҳол қамоққа олади.

Фото: aftershock.news

Ўшанда Москвадан ташқари аксарият иттифоқдош республикалар пойтахтида одамлар СССРнинг Чехословакияга қўшин киритганига қарши намойишларга чиқишади. Уларнинг барчаси ишдан ҳайдалади ва маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинади.

Кейинчалик совет киноактёри ва режиссёри Андрей Кончаловский ўша кунларни шундай эслаганди:

«Чехословакия компартияси раҳбари Александр Дубчекнинг 1968 йилда биринчилардан бўлиб мамлакатда либерал ислоҳотлар ўтказишга бўлган уриниши – «Прага баҳори» фожиали якун топди. У Чехословакияда давлат ва партиянинг барча тузилмаларини ислоҳ қилиш бўйича фаол жараённи бошлаганди. Дубчекнинг иқтисодиётни марказлаштиришни бекор қилиш лойиҳаси «инсонийликка эга социализм» деб номланарди.

Биз ўшанда КПСС марказий қўмитасида ишлаётган ва амалидан айрилишдан қўрққан дўстларимиздан фарқли равишда Прагада содир бўлаётган воқеаларни таажжуб билан кузатганмиз. Совет сталинпарастлари Чехословакия советларга қарши бораётганидан фойдаланиб, бу мамлакатга танкларни киритишди. Шу билан СССРдаги барча ислоҳотларга чек қўйилди ва тоталитар тузумга қарши бўлган совет фуқароларига бундай ишлар Чехословакияда бўлгани каби ёмон оқибатларга олиб келиши мумкинлиги таъкидланди.

Дўстим Николай Шишлинни аэропортда қандай кутиб олганимни яхши эслайман. У СССР ва Чехословакия коммунистик партиялари раҳбарлари ўртасидаги музокараларда қатнашиб келаётганди.  У рўпарамга ғамгин юз билан чиқди ва «ҳаммаси тугади», деди. «Биз ўн йил давомида сталинпарастларнинг хандақлари томон жимгина ўрмалаб бордик. Бу аҳмоқ эса ҳаммамизга хиёнат қилиб ўрнидан туриб югурди. Бундан буёғига тенгдошларимиз ҳеч қандай ишларни амалга ошира олмайди – ислоҳотларни йигирма йил давомида унутиш керак».

Шу тариқа Чехословакияда социалистик тузумни ислоҳ қилиш учун бошланган уриниш қурол кучи билан тўхтатилади. Орадан 21 йил ўтиб, 1989 йилда Чехословакия аҳолиси социалистик тузумга қарши яна намойишларга чиқади. Бу сафар совет иттифоқи ҳам ўзи билан ўзи овора бўлиб тургани учун Чехословакиядаги ишларга аралашмайди. Қолаверса, СССР раҳбари Горбачёвнинг ўзи ҳам СССРда коммунистик партия гегемонлигига чек қўйиб, кўппартиявийликка рухсат берган эди.

Кейинчалик Чехословакия иккига ажралди. Чехия ва Словакия алоҳида мустақил давлатлар бўлди. Бугун ҳар икки давлатда 21 август куни «Варшава шартномаси ташкилоти ҳарбийларининг Чехословакияга бостириб кириши оқибатида ҳалок бўлганларни эслаш куни» сифатида белгилаб қўйилган. Чехия ва Словакияда Прага воқеаларида ҳалок бўлганлар шарафига ёдгорликлар ўрнатилган.

Шунингдек, Чехияда 1968 йилда ўз ҳаётини хавф остига қўйиб совет қўшинлари қаршисига чиққан инсонларга «ҳарбий ҳаракатлар иштирокчи фахрийси» мақоми берилган.

Дубчекнинг кейинги тақдири

Прага фожеасидан бир йил ўтиб, 1969 йилда Дубчек эгаллаб турган лавозимидан бўшатилади ва Туркияга элчи қилиб жўнатилади. Унинг ўрнига Густав Гусак Чехословакия компартияси биринчи котиби этиб тайинланади.

1970 йилда Дубчекни социалистик тузумга қаршилик кўрсатишда айблашади ва компартия сафидан ўчиришади. Унинг депутатлиги бекор қилиниб, уй қамоғига тиқиб қўйишади. Кейинчалик у озод қилинади ва Словакияга жўнатиб юборилади. Шундан сўнг Дубчек узоқ йиллар Словакия ўрмон хўжалигида турли вазифаларда ишлайди.

1989 йилда Чехословакияда коммунистик тузумга қарши кенг кўламли намойишлар бошланганда Дубчек унинг актив қатнашчиларидан бири бўлади. Чехословакия бўлиниб кетгандан сўнг 1992 йилда автоҳалокатга учраб, вафот этади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Top