16:30 / 19.08.2022
14555

“Янги норма битта ҳуқуқбузарлик учун 2 ё 3 марта жазо берилишини чеклайди” — эксперт

Юридик фанлар бўйича фалсафа доктори, доцент Фарҳод Примовнинг таъкидлашича, қонун ҳужжатларидаги ҳеч бир норма одамларга ҳаддан ортиқ оғир бўлмаслиги, фуқаро битта ҳуқуқбузарлик учун бир нечта жазо билан “сийланмаслиги” керак.

— Конституциянинг янги таҳрирдаги 13-моддасида инсонга нисбатан ҳуқуқий таъсир чоралари давлат органи томонидан кўзланадиган қонуний мақсадга эришиш учун етарли бўлиши ҳамда манфаатдор шахсларга имкон қадар қийинчилик туғдирмаслиги кераклиги белгиланмоқда.

Юридик тилда ифодаланган бу жумла юртдошларимиз учун мураккаблик қилиши мумкин. Шу боис келинг, уни соддалаштирайлик. Бу ўзгартириш нима учун таклиф этиляпти, эртага у қабул қилинса фуқаролар ҳаётида қандай енгилликка сабаб бўлади?

— Таъкидлаш керакки, Конституциянинг 13-моддаси янги таҳрирда баён этилмоқда. Янгиланаётган моддада инсон ҳуқуқларига оид бўлган муҳим нормалар ифодаланмоқда. Бу ўзгартириш тадбиркорларни, фуқароларни йиллар давомида қийнаб келган муаммоларга ечим бўла олади.

Таклиф этилаётган таҳрирда давлат томонидан шахсга қўлланадиган таъсир чораси кўзланган мақсадига эришиш учун етарли бўлиши кераклиги таъкидланмоқда. Шунинг билан бирга ушбу чора инсонлар учун имкон даражасида енгил бўлиши лозимлиги қайд этилмоқда. Юридик тилда ёзилган бу жумлалар юртдошларимиз учун тушунарсизроқ бўлиши мумкин.

Оддий тилда тушунтирадиган бўлсам, ҳар бир қоида ва мажбуриятнинг замирида мантиқ бўлиши керак. Ҳеч қайси бир тақиқ, чеклов ёки таъсир чораси инсон ҳуқуқларига ортиқча юк бўлмаслиги, унинг зиммасига зарур бўлмаган мажбуриятни юкламаслиги керак.

Фарҳод Примов, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори, доцент Фото: Kun.uz

Ҳайдовчилар билан боғлиқ битта мисол ёрдамида Конституцияга киритилаётган ўзгартириш моҳиятини тушунтириб беришга ҳаракат қиламан. Ҳайдовчи маълум бир турдаги қоидани бузадиган бўлса, унинг машинаси жарима майдончасига қўйилади. Аслида бу ортиқча иш, яъни хато. Ҳайдовчи то жаримани тўлагунча транспорт воситаси жарима майдонида туради. Иш кўриб чиқилади, жарима тўланади, ана ундан кейин автомобилни жарима майдонидан олиб чиқишга рухсат берилади.

Жарима майдонида сақлаб туришнинг ҳам кунлик тўлови бор. Бу тўлов ҳамма жойда ҳар хил. Лекин республика бўйича бир кун учун ўртача 20 мингдан 100 минг сўмгача тўланади.

— Бу худдики битта қоидабузарлик учун икки марта жазолашга ўхшайди, шундай эмасми?

— Икки марта эмас, уч марта жазолашга ўхшайди. Биринчиси, ҳайдовчи йўл ҳаракати қоидасини бузганлик учун жазо сифатида жарима тўлаяпти. Иккинчиси, машинаси жарима майдонида сақлангани учун алоҳида тўлов ундириляпти. Учинчиси эса ўша давр мобайнида транспорт воситасини бошқариш имкониятидан ҳам маҳрум бўлиб қолмоқда, аслида буям жазо ҳисобланади.

Энди Конституцияга киритилаётган ўзгартириш моҳиятидан келиб чиқиб айтсам, қўлланадиган таъсир чораси кўзланган мақсадга эришиш учун етарли бўлиши керак, деяпмиз. Йўл ҳаракати қоидасини бузган ҳайдовчига қўлланадиган таъсир чорасидан кўзланган мақсад нима? Унинг жаримага тортилиши, яъни содир этган ҳуқуқбузарлиги учун жазолаш.

Яна бир қизиқ жиҳати, ҳайдовчи жаримани шу жойнинг ўзида тўлайман десаям, айрим инспекторлар бунга рози бўлишмайди. Аслида жарима тўланса, кўзланган мақсад амалга ошади ва транспорт воситаси қўйиб юборилиши керак. Амалдаги тартибга кўра, машина жарима майдонига қўйилишига асос бўладиган қоидабузарликлар бўйича ишни суд кўриб чиқиши керак, бунгача ҳам маълум муддат – 10-15 кун ўтади. Суд кўриб чиққандан кейин жаримани тўлайди, сўнгра машинаси жарима майдонида сақланган ҳар бир кун учун белгиланган тўловни тўлагач, автомобилини олиб чиқа олади.

Транспорт воситасининг жарима майдонига қўйилиши кира қилиб кун кечираётган ҳайдовчиларни жуда мураккаб аҳволга солиб қўяди. Чунки уларнинг тирикчилиги ана шу машина билан боғлиқ. Кўпинча, улар автомобилни ижарага олиб, киракашлик қилади. Мантиқсиз таъсир чораси оқибатида улар ҳам тирикчилигидан маҳрум бўлишяпти, ҳам жарима тўлашяпти, ҳам транспорт воситаси жарима майдонида сақланган ҳар бир кун учун қўшимча тўлов тўлашга мажбур бўляпти.

Фарҳод Примов, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори, доцент Фото: Kun.uz

Энди тасаввур қилинг, жарима майдонида 10 кун турадиган бўлса, кунлик тўлов 50 мингни ташкил этса, 500 минг сўм тўлаш керак. Жуда кўплаб ҳолатларда қўлланиладиган жаримадан кўра транспорт воситасини жарима майдонида сақлашга кетган харажат кўп бўлиб чиқмоқда. Яъни уловидан тушови қиммат бўлиб кетяпти.

Бошқа ҳайдовчиларга ҳам бу чора оғирлик қилмайди, деб айтиш қийин. Бу битта кичкина мисол. Бундай мисолларни бошқа соҳалардан ҳам келтириш мумкин. Масалан, Конституциянинг янги таҳрирдаги 13-моддасида бажариб бўлмайдиган нормалар бўлиши керак эмас, деб айтиляпти, лекин афсуски, қонун ҳужжатларида бажариб бўлмайдиган нормалар кўп.

— Масалан?

— Ёнғин хавфсизлиги, санитария қоидалари, солиқ қонунчилиги – мана шу учта соҳадаги қонун ҳужжатлари талабларини кўп ҳолатларда тўлиқ бажаришнинг имкони йўқ. Биргина ёнғин хавфсизлиги қоидаларини олайлик. Ёнғин хавфсизлиги инспектори исталган ташкилотга борадиган бўлса, камчилик топиши аниқ. Нега деганда ёнғин хавфсизлиги қоидалари шундайки, уни охиригача мукаммал ва доимий бажариш имконсиз. Ушбу қоидаларга амал қилиш жараёнида кичкина бўлса ҳам битта камчиликка йўл қўясиз ва бунинг учун жаримага тортиласиз.

Санитария қоидалари ҳам худди шундай. Дейлик, умумий овқатланиш шохобчасини юритадиган тадбиркор санитария ходими келяпти деса ваҳимага тушиб қолади. Нега деганда у келдими, албатта камчилик топади. Чунки санитария қоидаларига ҳам тўлиқ ва охиригача амал қилиш имконсиз. Бу эса амалдаги тартибга кўра жавобгарликка сабаб бўлади. Бу – тадбиркорлар учун ортиқча чиқим.

Бу билан ёнғин хавфсизлиги ёки санитария қоидалари керакмас демоқчимасман. Жамоат хавфсизлиги, фуқароларнинг соғлиғи, мулкини ҳимоялаш учун бундай қоидаларнинг бўлиши муҳим. Лекин уларни ҳам либераллаштириш керак, яъни ушбу қоидалар адолатли бўлиши керак. Конституцияга биз муҳокама қилаётган норма киритиладиган бўлса, қонунлар ва қонуности ҳужжатлар унга мувофиқлаштирилади ва бу каби мантиқсизликлар барҳам топади.

Суҳбатни тўлиқ ушбу ҳавола орқали кўришингиз мумкин.

Жамшид Ниёзов суҳбатлашди.

Top