13:45 / 22.08.2022
6784

“Ўйин қоидалари тушунарли бўлиши керак” — Савдо-саноат палатасида туризм соҳаси муаммолари муҳокама қилинди

Туризм ва меҳмондўстлик соҳаларида фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектларининг муаммоларини ўрганиш ва уларнинг ечимлари буйича аниқ механизмлар ишлаб чиқиш мақсадида Савдо-саноат палатаси йиғилиш ўтказди.

Мамлакат иқтисодиётининг муҳим драйверларидан бири, шубҳасиз туризм соҳаси ҳисобланади. Охирги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан соҳани тубдан ривожлантириш, янги туристик зоналар барпо этиш ва туризм саноатида фаолият олиб борадиган тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида ўнлаб қарор ва фармонлар имзоланди. Бунинг натижасида мамлакатимизга ташриф буюрадиган сайёҳлар сони бир неча бараварга ошиб туристик дестинация сифатида етакчи позицияларни эгаллашга эришди.

Шу билан бирга, бутун дунёда кузатилган пандемиядан энг кўп зарар кўрган соҳалардан бири ҳам туризмга тўғри келди. Сайёҳлар ва тадбиркорларнинг ишончини тиклаш, талабни рағбатлантириш ва туризмни қайта тиклашни тезлаштириш учун тезкор чора-тадбирлар механизмларини ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш зарурияти пайдо бўлди. Мазкур оғир вазиятдан кам зарар кўрган ҳолда чиқиш мақсадида давлатимиз раҳбари ва ҳукумат томонидан кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди ва изчиллик билан давом эттирилмоқда.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобовнинг айтишича, бугунги кунга келиб туризм саноати соҳасида фаолият олиб бораётган тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни қийнаётган муаммоларга тизимли ечим топиш ва таклифларини ўрганиш мақсадида Савдо-саноат палатаси ҳузурида мутлақо янги механизм асосида фаолият олиб борадиган Туризм масалалари қўмитаси ташкил этилди.

Мазкур қўмита доимий равишда тадбиркорлар билан ҳамкорлик қилиб соҳада мавжуд муаммоларни ечими буйича ҳукуматга таклифлар тайёрлайди. Жаҳон тажрибасига эътибор бериладиган бўлса, мазкур тизим ўзини ижобий натижалари билан ўзини оқлай олган.

Шунингдек, қўмита қошида соҳада узоқ йиллик тажрибага эга тадбиркорлардан ташкил топган Экспертлар кенгаши тузилди ва унга 25 нафар тадбиркор жалб қилинди. Мазкур кенгаш тадбиркорларнинг муаммоларига тезкор ечим топиш мақсадида дастлабки тизимли-таҳлилий баҳолашни амалга ошириб якуний таклифларни ишлаб чиқишда муҳим рол ўйнайди.

Бугунги учрашув якунида, билдирилган муаммо ва таклифлар жорий йил 20 август куни Президентнинг тадбиркорлар билан бўладиган очиқ мулоқотида олиб чиқиш мақсадини ҳам ўзида жамлаган. Шунингдек, муҳокама қилинган масалалар ва муаммоларнинг ечими буйича концептуал равишда асосланган таклифлар тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда ҳукуматга етказилиб уларнинг натижаси буйича тадбиркорлар хабардор этилиши режалаштирилган.

Савдо-саноат палатаси туризм соҳасида фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектларини миллий иқтисодиётимиз учун алоҳида муҳим бўғин сифатида эътироф этади ва улар билан доимий равишда ҳамкорлик қилишнинг янгича механизмларини жорий қилишда давом этади.

Савдо-саноат палатаси матбуот хизмати (Т)

Top