08:00 / 26.08.2022
8768

«Досье»: Росгвардия директори Сейшел оролларида юз минглаб еврога дам олган

Росгвардия директори Сейшел оролларида идора учун ягона етказиб берувчининг эгаси Борис Ванинский билан бирга дам олган. 2018 йилда Навалний уларнинг алоқалари бўйича суриштирув эълон қилганди.

Фото: ТАСС

Росгвардия директори Виктор Золотов уч йил кетма-кет Сейшел оролларига, Росгвардияга маҳсулотларни монопол етказиб берувчи «Дружба народов» комбинатининг эгаси Борис Ванинский ҳамроҳлигида учиб кетган. Бу ҳақда «Досье» марказининг 25 август, пайшанба куни чоп этилган суриштирувида айтилади.

«Досье» маълумотларига кўра, парвозлар 2017—2019 йилларда амалга оширилган. Золотов ва Ванинскийдан ташқари, Росгвардиянинг икки ходими, генерал-лейтенант Роман Гаврилов ва генерал-майор Иван Шмелев, шунингдек, Виктор Золотовнинг ўғли Роман ҳам бизнес самолётида учган. Бундан ташқари, уларга тўрт нафар ёш аёл, жумладан, нашр Роман Золотовнинг ҳамроҳи деб атайдиган Анастасия Буевич, шунингдек, Artlife лойиҳаси асосчиси Анастасия Андреева ҳамроҳлик қилган. Artlife - бу Москва шаҳар мэрияси томонидан қўллаб-қувватланадиган онлайн расм чизиш курси ва санъат фестивали. 2019 йилда фестивалда икки мингга яқин росгвардиячилар қатнашди.

Аёлларнинг Instagram-аккаунтларидаги постларга кўра, улар декабрь ойида кетма-кет уч йил Сейшел оролларида бўлган. Ҳар сафар улар бир жойда - Four Seasons Resort Seychelles меҳмонхонасида қолган. Меҳмонхонада 10 кун қолиш хона синфига қараб 12-20 минг евро туради. Журналистларнинг фикрича, 2017—2019 йилларда Falcon 7Х класс бизнес-жетида Москвадан Сейшел оролларига ва орқа йўналишга парвозлар нархи 160-170 минг евро атрофида бўлган. Айни пайтда, расмий маълумотларга кўра, Виктор Золотов ўша пайтда йилига 6,7 миллион рублдан 6,9 миллион рублгача (100 минг евро ҳисобида) ишлаб топган. 

«Досье» материалига кўра, Золотов ва Ванинскийнинг Сейшел оролларига биринчи қўшма парвози 2017 йил 3 декабрда бўлиб ўтган. Бу Россия ҳукумати «Дружба народов» комбинатига Росгвардияга маҳсулот етказиб бериш бўйича монопол ҳуқуқни тақдим этувчи қарор қабул қилганидан бир кун кейин содир бўлган.

2018 йилда Алексей Навалний суриштирув эълон қилди, унда Ванинский комбинати Росгвардияга маҳсулотларнинг ягона етказиб берувчисига айланганидан сўнг, харид нархлари кескин кўтарилгани айтилади. 

Шундан сўнг, Виктор Золотов видеомурожаат ёзиб, унда Алексей Навалнийни дуэлга чорлади ҳамда ундан «яхши гўшт» қилишга ваъда берди. Бунга жавобан мухолифатчи Золотовга теледебатлар шаклида дуэл таклиф қилди, бироқ Росгвардия раҳбари уларда қатнашишдан бош тортди. Кейинчалик, Росгвардия ўз етказиб берувчилари, пудратчилари ва буюртма ижрочиларига махфийлик мақоми бериш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқди, аммо бу амалга ошмади. 

Top