Ўзбекистон | 10:00 / 31.08.2022
14667
7 дақиқада ўқилади

Ташвишлардан эътироф сари: «SULTON TEX GROUP» раҳбари қийинчиликларни қандай енггани ҳақида

«SULTON TEX GROUP» хусусий корхонаси икки йил аввал медиамаконда машҳур бўлди: Қашқадарё вилоятининг пахтачиликка асосланган етакчи кластерларидан бирига айланган корхона олдида турли тўсқинликлар пайдо бўлди.

Алалоқибат, «SULTON TEX GROUP»га пахта етиштириш ажратилган 15 минг гектар ер қайтариб олинди, Қарши тумани фермерларига корхона билан шартнома имзолаш эса ўшандаёқ тақиқланган эди. 

Шунча тўсиқлар ва қийинчиликларга қарамасдан, ип йигирув, тўқимачилик ва трикотаж-тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона ўз олдига қўйган мақсадларга етишиш йўлида собитқадам бўлди.

Ўтган қисқа давр ичида корхонада ишлаб чиқариш ҳажми оширилган, корхона анча кенгайтирилган ва Қашқадарёнинг экспорт салоҳиятига ҳисса қўшишда давом этмоқда.

Корхона аҳлининг фидокорона меҳнатлари бесамар кетмади. Корхона раҳбари Нурбек Эргашев тадбиркорлар кунида президент фармонига кўра «Дўстлик» ордени билан мукофотланди.

Тақдирлаш жараёнидан сурат. Фото: Президент матбуот хизмати

Биз корхонага етиб борганимизда, меҳнат жамоаси бошлиқларини байрамона кутиб олгани устидан чиқдик. Шу куни байрам бўлди. Ишчи-ходимларга зиёфат дастурхони ҳам ёзилди.

Нурбек Эргашев биз билан суҳбатда юксак мукофотга лойиқ кўрилгани, билдирилган ишонч учун давлат раҳбарига, Қашқадарё вилояти мутасаддиларига ўз ташаккурини изҳор этди.

Нурбек Эргашев

Шундан сўнг Нурбек Эргашев ўзи раҳбарлик қилаётган корхонани айлантирди, амалга оширилган ва келгусида режалаштирилаётган ишлар хусусида ҳикоя қилиб берди. 

Корхонада ўзлари 74 гектар далада етиштираётган, Касби тумани фермерларидан ва биржадан харид қилаётган пахтани тозалаб, ундан ип йигирмоқда. Маълум бўлишича, 2022 йил март ойида корхонада янги ип йигирув цехи ишга туширилган. Замонавий ип йигирув цехи ишлаб чиқараётган маҳсулотлар тўлиқ хорижга экспорт қилинади.

Мато тўқиш цехида корхонанинг ўзи йигирган ипларда тоза мато тўқилмоқда. Буюртмага қараб бу ерда 100 фоиз пахтадан ёки синтетик тола аралаштирилган ҳолда трикотаж матолар ҳам тўқилар экан.

Тозаланган пахтанинг чигитларидан шу ерда рафинадланган «Оқ ёғ» бренди остида тоза пахта ёғи тайёрланмоқда. Шуниси қизиқки, шу цехда тоза асал ҳам қадоқланар экан. Корхонанинг ўз асаларичилик хўжалиги ҳам бор экан. 10 минг асалари қутисидан олинган асаллар қадоқланиб, маҳаллий бозорга тортиқ қилинмоқда. Соф асалларни хорижга экспорт қилиш бўйича музокаралар ҳам олиб борилмоқда экан.

Икки мавсумдан бери ишлатилаётган пахтани қайта ишлаш цехида Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган ускуналар ўрнатилган. Улар ўзининг энергия самарадорлиги ва кам инсон кучи талаб этиши билан фарқланиб туради. 

Қайд этиб ўтиш жоизки, корхонада ишловчи ходимлар вахта усулида 3 сменада ишлашади. Уларни корхона автобуслари ишхонага ва уйга ташиб қўяди. Бунинг учун 12 та автобус сафарбар қилинган.

Ишчи ходимлар мароқли ҳордиқ чиқариши учун мўъжаз боғ барпо этилган. Очиқ майдонда ҳали стадион, соғломлаштириш йўлаклари қилиш режалаштирилмоқда.

«SULTON TEX GROUP»нинг Қарши шаҳри марказида жойлашган тикувчилик фабрикасида ҳам бўлдик. Бу ердаги маҳсулотларнинг 99 фоизи экспортга йўналтирилади. Тикувчилик цехи ишчи-ходимлари ҳам юксак давлат мукофотига лойиқ кўрилган раҳбарларини қарсаклар билан кутиб олишди.

Тикувчилик цехида тикилаётган сифатли кийим-кечак маҳсулотларини асосан Россия, Украина ва Туркия каби давлатлар харид қилишади. 

Корхона ўзининг 74 гектар ва фермерларнинг ҳозир 3300 дан зиёд гектар майдонида етиштирилаётган ҳосилни қайта ишламоқда. Албатта, бу кам. Корхона 20 минг гектарда етиштириладиган ҳосилни қайта ишлашга ихтисослашган. Шунга яраша техникалари бор ва уларнинг катта қисми корхона машина-трактор паркида ишлатилмасдан турибди.

Энг муҳими — «SULTON TEX GROUP» Туркия билан қўшма корхона тузиб, тупроқнинг таркибини аниқлаб берувчи, уруғчилик бўйича биолаборатория фаолиятини бошлаган. Бу лабораторияда деҳқонларга ерга керакли миқдорда минерал ўғитлар бериш бўйича тавсиялар берилади. Деҳқонлар ернинг шўрлик даражасини аниқлаш, унинг унумдорлигини ошириш, ортиқча харажатларга йўл қўймасдан экин етиштириш бўйича аниқ хулосага эга бўлишади.

Корхона қошида қишлоқ хўжалиги зараркунандаларига қарши курашувчи биолаборатория ҳам фаолият кўрсатмоқда. Гарчи ушбу мавсумда 5 минг гектар дала майдонларига хизмат кўрсатиш бўйича шартнома қилинган бўлса-да, лаборатория бемалол 20 минг гектар пахта майдони учун биомаҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга.

Юқорида айтилганидек, «SULTON TEX GROUP» кўп тармоқли корхона. Корхона қошида парҳез нон маҳсулотлари ҳам ишлаб чиқариш цехи бор. Нон маҳсулотлари корхонанинг шаҳарнинг турли четларида жойлашган цехлари ошхонасига етказилибгина қолмасдан, аҳоли истеъмоли учун ҳам сотувга чиқарилар экан.

Ундан ташқари, эшик тайёрлаш цехи ҳам фаолият кўрсатмоқда. Сўнгги дизайнда, буюртмага кўра сифатли эшиклар ясалиб, савдога чиқарилмоқда. 

Уруғларни саралаш марказида эса чигит, ғалла, беда уруғи, маккажўхори, ловия, мош каби дуккакли маҳсулотлар калибровка қилиб сараланар ва дориланар экан.

Корхонанинг ўз чорвачилик хўжалиги ҳам бор. Унда корхона ошхоналари эҳтиёжи учун гўшт етиштирилади. Қорамоллар учун сомон ва бедадан ем-хашак захира қилинган. 

Корхона бўйлаб саёҳатимиз ниҳоясида 74 гектарда томчилатиб суғориш технологияси бўйича пахта етиштирилаётган даласида ҳам бўлдик. Бу ердаги ғўзалар бўлиқ бўлиб, аллақачон пахталар очилган. Сентябр ойининг 10-санасидан теримга киришилади. Корхона гектаридан 50 центнердан ҳосил олишни мўлжаллаб турибди.

Нурбек Эргашев кибрдан холи, ҳар бир ишчиси-деҳқонини шахсан танийдиган раҳбар экан. Унинг бош мақсади — корхона ишчилар ва меҳнаткашлар учун барқарор иш жойи бўлиши, корхона улкан бир оилага айланиб, барчанинг дастурхони обод, рўзғори бут бўлишига эришиш, корхонада «устоз-шогирд» анъанаси ривожланишига эришиш экан. 

Биз гувоҳи бўлдик, замонавий дастгоҳларни бошқараётган, лабораторияларда меҳнат қилаётганларнинг барчаси ёшлар. Корхонада ёшлар учун имконият яратилган, уларнинг билим ошириши ва ишлаши учун шароит ҳозирланган — демакки, «SULTON TEX GROUP»ни ҳали ёрқин келажак кутиб турибди.

Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи ва монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов.