Жаҳон | 21:10 / 31.08.2022
38758
11 дақиқада ўқилади

Украинанинг босиб олинган ҳудудларида Россия томонига ўтган амалдорлар ўлдирилмоқда. Рўйхат кенгаймоқда

Россия босқинини қўллаб-қувватлаган ва Москва томонидан истило қилинган ҳудудлардаги вақтинчалик маъмуриятлардаги лавозимларга тайинланган украин амалдорларига суиқасдлар уюштирилаётгани ҳақидаги хабарлар урушнинг илк давридаёқ пайдо бўла бошлаганди. Сўнгги вақтларда эса бундай хабарлар сони ортди — бу Украина қуролли кучлари Херсон областида қарши ҳужум бошлагани ҳақидаги хабарлар фонида юз бермоқда.

Фото: Станислав Красильников / ТАСС

Херсон областида Украина Олий радаси собиқ депутати, Россия томонига ўтган Алексей Ковалёв ўлдирилди. У ишғол этилган Херсон областининг янги маъмуриятидаги ягона украин амалдори эди, ОАВда ёзилишича, у региондан дон ҳосили олиб чиқилишига масъул бўлган.

Ковалёвнинг ўлими ҳақидаги дастлабки хабарлар якшанба куниёқ тарқала бошлаганди. Душанба куни кечқурун бу маълумот Россия тергов қўмитаси томонидан тасдиқланди:

«Дастлабки маълумотларга кўра, ўқотар қуролдан олинган жароҳат оқибатида Херсон области ҳарбий-фуқаролик маъмурияти раисининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Алексей Ковалёв вафот этган. Ҳужум унинг яшаш жойида 2022 йил 28 август куни амалга оширилган. У билан бирга яшаган қиз ҳам жиноятчилар қурбонига айланган», дейилади идора баёнотида.

Херсоннинг Украина томонидан тайинланган маъмурияти раҳбари маслаҳатчиси Сергей Хлан фейсбукдаги саҳифасида Ковалёвнинг жасади олдида унинг номига расмийлаштирилган қурол топилган. Astra телеграм-канали аниқлик киритишича, бу Mossberg милтиғи бўлган.

Baza телеграм-канали маълумотига кўра, ушбу суиқасд якшанба куни маҳаллий вақт билан соат 15:00 атрофида содир бўлган, Ковалёвнинг бошида ўқотар қуролдан олинган жароҳат аниқланган, унинг ёнидаги аёлнинг бўйнига тиғ билан жароҳат етказилган.

Херсон областида россияпараст маъмурият билан ҳамкорлик қилиш йўлини танлаган амалдорлар ҳаётига суиқасд қилиниши ҳолатлари тез-тез рўй бермоқда. Украинада бу партизанлар фаолияти билан изоҳланади. Июл ойи бошида украин телеграм-каналларида Ковалёвга таҳдидлар битилган варақа фотосуратлари тарқатилганди - бу унга суиқасд муваффақиятсиз чиққанидан бир неча кун ўтиб рўй берганди.

Қочқин депутат

Алексей Ковалёв 33 ёшда бўлган, у 1989 йилда Херсон областининг Хола Пристан посёлкасида туғилган, Одесса юридик академиясини тамомлаган, ўз телеканали бўлган ва аграр бизнес билан шуғулланган.

2019 йилда Ковалёв Олий Рада депутатлигига сайланади, Володимир Зеленскийнинг «Халқ хизматкори» партияси фракциясига киради.

Россия босқинидан кейин эса Херсонга қайтишга қарор қилади, у буни бизнес зарурати ва ўз сайловчилари олдидаги мажбуриятлари билан изоҳлайди. 28 апрел куни «Халқ хизматкори» фракцияси Ковалёвнинг партиядаги аъзолигини тўхтатади, бунга у Херсон областидаги россиялик ҳарбийлар билан мулоқот қилгани аниқлангани сабаб қилиб кўрсатилади. 3 май куни эса Ковалёв фракциядан чиқариб юборилади.

Ковалёв чиндан ҳам Россия томонига ўтган ва россияпараст маъмурият билан ҳамкорлик қилиб, «Херсон областининг ҳарбий-фуқаролик маъмурияти раисининг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосари» лавозимини олганди.

«Агентство» нашри маҳаллий журналистларга таяниб хабар қилишича, Ковалёв Херсон областидан ҳосилни олиб чиқиш учун керак эди, у маҳаллий вазиятни яхши билган, фермерлар билан яқин таниш бўлган ва Россиянинг божхона қоидаларидаги ишларни ҳал қила оларди, унинг мақоми юкларни Қрим ҳудудига тез фурсатда ўтказиш имконини берарди.

Июн ойида Украина давлат тергов бюроси Ковалёвга нисбатан жиноий иш қўзғатди ва уни давлатга хиёнатда айблади. Июл ойида у сиртдан ҳибсга олинди.

«Депутат Херсон областининг вақтинча истило қилинган ҳудудида Россия Федерациясининг истилочи кучлари билан ҳамкорлик қилади. Унинг назорати остидаги корхоналар кейинчалик Россия ҳудудига ўтказилиши учун Қрим автоном республикаси ҳудудига дон маҳсулотлари етказиб беради, шунингдек Херсонга оккупация остидаги Қримдан ёнилғи-мойлаш материаллари импорт қилади», дейилган тергов баёнотида.

Собиқ халқ депутати Ковалёвнинг ўлими ҳақидаги хабар Украина армиясининг Херсон областида ҳужумга ўтгани ҳақидаги хабарлар фонида пайдо бўлди.

Ковалёв нега урушаётган томонлар учун муҳим фигурага айланди?

BBC рус хизматининг Украинадаги мухбири Святослав Хоменко:

Олий раданинг 33 ёшли депутати, херсонлик аграр соҳасидаги ўрта даражадаги тадбиркор Алексей Ковалёв, албатта рамзий фигура эди.

Россия босқинига қадар у ҳеч бир жиҳати билан ажралиб турмаган, фақат ота-онаси томонидан берилган пул эвазига телеканал сотиб олгани ҳақидаги мавҳум тарихни ҳисобга олмаганда. Ковалёв буни нима учун, аниқроғи ким учун қилгани номаълумлигича қолган.

Уруш бошланганидан кўп вақт ўтмай, апрел ойи бошларида Ковалёв кутилмаганда ватанига, ўша вақтда россияликлар босиб олган Херсонга йўл олади. У бунга ижтимоий тармоқда изоҳ беради: оилавий бизнесни талончилардан ҳимоя қилиш, шунингдек ўз округида яшовчиларни ташлаб қўймаслик учун. «Барчаси Украинаники бўлади», дея якунланади унинг ўша кунларда фейсбукда қолдирган постларидан бири.

Президент раҳбарлигидаги «Халқ хизматкори» партиясида Ковалёвнинг бу ҳаракати қабул қилинмайди ва уни Олий Рада фракцияси таркибидан ўчиришади. Чиндан ҳам, бир неча ҳафта ўтиб Ковалёв Кремлнинг босиб олинган ҳудудлар бўйича куратори Сергей Кириенконинг Херсондаги фермерлар билан учрашувида қатнашгани ҳақида хабар беради. «Россия бу ерга ҳамиша қолиш учун келди», дея хабар қилади у ушбу тадбирдан хулосаларини баён этган ҳолда.

Шу вақтдан эътиборан Ковалёв урушнинг икки томони учун ҳам муҳим фигурага айланади.

Босиб олинган ҳудудларда ҳамкорлар топишда аниқ муаммоларни бошдан кечирган (ва бошдан кечираётган) ҳамда ишғол этилган ҳудудлар маъмуриятларида ишлаш учун мансабдор шахсларни «асосий ердан» олиб келишга мажбур бўлган Россия учун Ковалёв қимматли ресурс эди. Ёш, маҳаллий, ҳудудда қандайдир алоқаларга эга. Парламент депутати - у очиқчасига Россия томонига ўтган ягона депутат эди (ўта ўнгчи Илья Кивани ҳисобга олмаганда, унинг ҳам мандати дарҳол бекор қилинганди).

Украина учун ҳам Ковалёв шу сабабларга кўра муҳим шахсга айланди. Депутат, ҳа, президент партиясидан, босқинчи томонига ўтиб кетган - бундай персонаж мавжудлигининг ўзиёқ давлат учун ҳам, шахсан Зеленский учун ҳам чақириқ бўлиб кўринарди.

Июнда Ковалёвнинг автомобили портлатилади, аммо депутатнинг ўзи тирик қолади. «Кутманг ҳам!» - дея мурожаат қилганди у ўшанда ўз душманларига шифохона койкасидан туриб.

Шу кунлардаги суиқасдда эса мақсадга эришилди. Бу суиқасд ким томонидан ижро этилгани муҳим эмас - украин махсус хизматларими (улар бу мавзу бўйича изоҳ беришмади) ёки бошқа кимдир.

Украина армияси Херсон йўналишида ҳарбий ҳаракатларни фаоллаштирган маҳалда Россия тергов қўмитаси Алексей Ковалёвнинг ўлимини тасдиқлади.

Ва ҳозирдан аниқки, Ковалёвнинг ўлими россияпараст маъмуриятга қўшилиш, Херсон областининг тақдири бўйича «референдум»ни ташкиллаштиришда иштирок этиш, россияликлар билан ҳар қандай ҳамкорлик тўғрисида ўйлаётганлар учун сигнал бўлиши мумкин.

Бу Россия ҳар қанча бу ерга жиддий мақсадда келганини эълон қилмасин, Рада депутати ва Херсон области «маъмурияти» аъзоси ҳаётини сақлаб қола олмаганини англатади. Аммо Украина - бундай вазият доимий эмаслигини ишонч билан айтишга яқин.

«Медуза» Украинада сотқинлиги учун коллаборант деб аталадиган, Россияда эса қонуний ҳокимият вакили сифатида тақдим этиладиган одамларнинг ҳаётига суиқасд қилиниши ҳолатларини тўплади.

Херсон области

20 март — Херсонда ўз уйи яқинида машинасида Павел Слободчиков отиб кетилди, у шаҳарнинг собиқ мэри ва Херсон областига Россия томонидан тайинланган янги раҳбар Воладимир Сальдонинг ёрдамчиси эди.

20 апрел — Херсонда ўз машинасида блогер Валерий Кулешов отиб кетилди, у Херсон областининг россияпараст маъмурияти раҳбари ўринбосари Кирилл Стремоусовнинг ёрдамчиси эди.

18 июн — Херсонда автомобил портлаши оқибатида област жазони ижро этиш хизмати бошқармасининг россияпараст маъмурият томонидан тайинланган раҳбари Евгений Соболев шифохонага ётқизилди.

22 июн — Чорнобайивкада ҳудуднинг россияпараст маъмурияти раҳбари Юрий Турулевнинг автомобили портлатиб юборилди. У жароҳат олган.

24 июн — Херсонда автомобил портлаши оқибатида Херсон области маъмуриятида оила, ёшлар ва спорт ишлари бўйича бошқарма бошлиғи Дмитро Савлученко ҳалок бўлди.

7 июл — Нова Каховкада шаҳар полицияси бошлиғи ўринбосари Сергей Томко ўз автомобилида отиб кетилди.

4 август — Херсон областининг Россия томонидан тайинланган раҳбари Володимир Сальдо заҳарланиш оқибатида шифохонага ётқизилди.

6 август — Нова Каховканинг россияпараст маъмурияти раҳбари ўринбосари Виталий Гура ўз уйида отиб кетилди. Ушбу амалдор аввалига оғир тан жароҳатлари билан маҳаллий шифохонага ётқизилганди. У Қримга транспортировка қилиш чоғида жон берди.

22 август — Херсонда областнинг Россия томонидан тайинланган маъмурияти ички сиёсат департаменти бошлиғи ўринбосари Игор Телегиннинг автомобили портлатилди. Амалдор тирик қолди.

29 август — Ишғолдаги Херсон области маъмурияти раҳбарининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Олексий Ковалёв Хола Пристандаги уйида жонсиз ҳолда топилди. Унинг бошидан отишган. Июнда унинг машинаси портлатилганди. Ўшанда у тирик қолган ва шифохонага тушганди.

Запорижжя области

22 май — босиб олинган Энергодар шаҳри мэри Ондрий Шевчик ўзи яшайдиган уй подъездига киришда рўй берган портлашдан кейин шифохонага ётқизилди.

11 июл — босиб олинган Мелитополда район маъмурияти раҳбари Ондрий Сигуту ҳаётига суиқасд амалга оширилди. У омон қолган.

12 август — Мелитополда портлаш оқибатида «Единая Россия» сайлов штаби раҳбарларидан бири Олег Шостак жароҳатланди.

24 август — босиб олинган Михайловка шаҳарчаси маъмурияти раҳбари Иван Сушко автомобил портлатилиши оқибатида ҳалок бўлди.

26 август — Бердянскда қочқинлар истиқомат қилувчи соғломлаштириш маркази биноси яқинида портлаш рўй бериши оқибатида шаҳар ГАИ раҳбари Александр Колесников снаряд парчасидан олинган жароҳатлар туфайли вафот этди.

27 август — босиб олинган Михайловкада шаҳар полицияси бошлиғи Андрей Рижков осилган ҳолда топилди.

Харкив области

10 июл — Великий Бурлук посёлкаси раҳбари Евгений Юнаков маҳаллий маъмурият биноси атрофида автомобил портлатилиши оқибатида ҳалок бўлди.

Луҳанск области

2 март — Луҳанск област кенгаши собиқ депутати, Креминна шаҳри раҳбари Володимир Струк жонсиз ҳолда топилди.

Донецк области

20 август — Мариуполда ҳайвонот боғига кираверишда қўлбола бомба портлади, бу ерга шаҳарнинг Россия томонидан тайинланган мэри Константин Ивашченко ташриф буюриши кутилаётганди. Ҳеч ким жабрланмаган.

Мавзуга оид