Ўзбекистон | 15:20 / 02.09.2022
19002
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг хавфсиз давлат деб топилди

Ўзбекистон Global Peace Index рейтинги томонидан Марказий Осиёдаги энг хавфсиз давлат деб топилди. 

Ушбу индекс биринчи марта 2007 йил май ойида ҳисоблаб чиқилган. У дунё мамлакатларини ҳаёт хавфсизлиги бўйича рейтингга киритишга биринчи уриниш бўлди. 

Ғоя муаллифи австралиялик тадбиркор Стив Киллеле бўлиб, у, хусусан, Далай-лама ва АҚШнинг собиқ президенти Жимми Картер томонидан маъқулланган. 

Global Peace Index рейтинги ҳар йили Тинчлик институти халқаро экспертлар гуруҳининг социологлари ва иқтисодчилари томонидан Сидней университети ҳузуридаги Тинчлик ва можароларни ўрганиш маркази билан биргаликда ишлаб чиқилади. 

Якуний индексни тузиш учун мутахассислар қуйидаги кўрсаткичларни ўрганади: ички ва ташқи низолар, улар интенсивлиги ва қурбонлар сони; қўшни давлатлар билан алоқалар; аҳоли орасида қочқинлар улуши; фуқаролар ўртасидаги ишончсизлик даражаси; сиёсий беқарорлик ва жамоат тартиби; сиёсий террор; террористик хуружларнинг тез-тез содир бўлиши; ҳар 100 минг кишига тўғри келадиган қотилликлар сони; маҳкумлар сони; оғир жиноятлар нисбати; ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари сони; ЯИМдаги ҳарбий харажатлар улуши; қурол олиб кириш ва олиб чиқиш; БМТ ёки бошқа кучлар контингентларида иштирок этиш; ўқ отиш қуролларининг мавжудлиги ва оғир қуролларнинг миқдори; қуролли кучларни модернизация қилиш.

2022 йил ҳолатига кўра, рейтингга киритилган 163 давлат орасида Афғонистон охирги ўринда. Россия 160-ўринни эгаллаган (Россия қуролли кучлари олти ойдан бери махсус ҳарбий операция ўтказаётган Украина эса 153-ўринда). Бу учала давлат ҳам энг хавфли давлатлар гуруҳига киради. 

Туркманистон 104-, Қозоғистон 97-, Тожикистон 92-, Қирғизистон 91-поғонада қайд этилди, Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг хавфсиз давлат сифатида 86-ўринни эгаллади

Шуни таъкидлаш керакки, Марказий Осиёнинг барча республикалари Исроил, АҚШ ва Туркия каби давлатларга қараганда хавфсизроқ бўлиб чиқди. 

Рейтингнинг дастлабки уч поғонасини Исландия, Янги Зеландия ва Ирландия эгаллаган. 

Мавзуга оид