15:59 / 04.09.2022
13852

Ишлари Олий суддан қайтаётган судяларга нисбатан жавобгарлик кучайтирилиши таклиф этилмоқда

Ўзбекистон конституциясига киритилаётган ўзгартиришларда тўғридан тўғри судларга дахлдор ислоҳотлар амалга оширилиши кўзда тутилмаган. Kun.uz ҳуқуқшуносларнинг бу борадаги фикрлари билан қизиқди. Суҳбат давомида суд тизимидаги муаммолар таҳлил қилинди.

– Конституциявий ислоҳотларни кузатар эканмиз, нима учундир судлар фаолиятига оид ўзгартиришлар кўзга ташланмайди. Президент администрацияси раҳбари танқидий йиғилишда ҳам аҳолининг судлар фаолиятидан норози эканини таъкидлади. Олий суд раиси бежиз ўзгаргани йўқ. Фаолиятида йўл қўйган камчиликлари туфайли ишдан олингани айтиляпти. Нима деб ўйлайсиз, шундай вазиятда судларнинг мустақиллигини том маънода таъминлайдиган ислоҳотларга қўл урилмаяпти?

Расул Кушербоев, депутат, ҳуқуқшунос:

– Биласизми, фикримча, Конституцияда судга оид белгиланган нормалар шундоқ ҳам етарли. Гап уни ишлатишда қолган. Унинг мустақиллиги ҳам кўрсатилган ва ҳоказо. Бошқа қонунларимизда ҳам кўзда тутилган. Лекин улар амалда мустақил бўла олмаётгандир. Сиз менга биргина мисолни айтяпсиз. Балки ижобий ҳолатдир, лекин оддий мантиқий савол келиб чиқади. Администрация раҳбари нега Олий судга бориб танқидий йиғилиш ўтказяпти?

Нега?

– Бу ташкилот Олий суддан юқори турувчи органми деган савол пайдо бўлади? Нима учун унинг мақоми Конституцияда шундай деб кўрсатилмаган?

Биргина Олий суд раисининг ўзи суд тизимининг бу аҳволга тушиб қолишига сабабчими? Йўқ. Тизим шунақа бўлиб қолди. Қонунда бошқача, амалда умуман бошқача тизимни ўзимиз яратиб қўйдик-ку. Оқибатда судяларнинг кўпчилигида журъат йўқ, қўрқоқ.

– Чунки босим бор...

– Босим бор. Шу пайтга қадар улар фуқароларнинг конституцион ҳуқуқини бузадиган нормалар қабул қилаётганини улар билмасди деб ўйлайсизми? Улар жуда яхши биларди, фақат улар жуда қўрқоқ эди. Журъатсиз эди. Улар шундай қарор қабул қилиб қўйса, эртага уни ишдан бўшатиб юборишини ёки нимадир уюштириб, айблаб, қамаб қўйишлари мумкинлигини доим ҳис қилиб яшади улар. Оқибатда қўрқоқлардан иборат корпусни шакллантирганмиз.

Ўйлайсизки, биргина раисни алмаштирган билан тизим ўзгариб қоладими? Йўқ. Уларга, аввало, журъатни қайтариш керак. Ишонч, журъат ўзига қайтмагунича фойдаси йўқ. Биргина мана шу администрация вакилларининг Олий судга келиб танқидий йиғилиш ўтказишининг ўзи Олий суд мустақилми деган саволни юзага келтирмайдими?

Конституцияга киритилаётган ўзгаришларни судларга тегишли эмас деб айта олмаймиз. Бевосита суд ҳокимияти институтига тегишли бўлганлари камдек кўриниши мумкин. Лекин бошқа ўзгаришлар, масалан, инсон ҳуқуқларига оид ўзгаришлар киряптики, бу бевосита барча давлат органлари қаторида суд органларига ҳам тегишли ҳисобланади.

Расул Кушербоев. Фото: Kun.uz

Судларнинг ҳаётимиздаги аҳамияти жуда муҳим. Ўзим суд ва адолат сўзларини синоним деб тушунаман. Судларнинг муҳимлиги шундаки, ҳар қандай ҳуқуқбузарлик, низо ёки келишмовчилик бўладими унинг охирги ечими бориб ушбу идораларга тақалади. Яъни охирги нуқтани суд қўяди.

Шу сабабли агар судларда ҳам адолат топилмайдиган бўлса, бу жамиятдаги ижтимоий кескинликни келтириб чиқаради. Судга ишонмаган фуқаро, давлатга ҳам ишонмайди. Шу учун ҳам судларга бўлган ишончни ошириш, судловдаги профессионалликни таъминлаш билан боғлиқ бўлган масалалар ўзининг ечимини тўлиқ топади. Судларнинг мустақиллигини амалда таъминлашимиз керак деб ўйлайман.

– Қандай қилиб таъминлаш мумкин, сизнингча?

– Вилоят судлари бор, туман судлари бор, Яна Олий суд бор. Эътибор бериб қарайдиган бўлсак, кўп ишларимиз туман ва вилоят судларида ўтади-да, эътибор берадиган бўлсангиз, туман судларида кимнингдир аралашмовчилик ҳолатлари бор-да. Туманда ким аралашиши мумкин? Буни кўпчилик яхши билади, аммо мен фалон лавозимдагилар деб аниқ айта олмайман. Нимагаки, буни айтсам далиллар билан исботлаб беришим керак.

Тажрибамдан келиб чиқиб ўз фикримни айтмоқчиманки, туманларда бор шу нарса. Вилоятда ҳам ўтиши мумкин. Лекин Олий судга келиб, ўша нарса бекор бўлиб қайтариляпти. Бу бугунги кундаги табиий факт. Ўша ернинг ўз терговчиси бор, ўзининг прокурори бор. Лекин ўша ерда қандайдир манфаатлар кўзланадими, энди бу нарсани аниқ айта олмайман, бироқ туман ва вилоят судларининг мустақиллиги, қонунан ишлаши, якуний натижага нуқта қўйиб берса, коррупциянинг олди олинган бўлади деб ўйлайман.

Нимагаки, сўнгги нуқтани суд қўйяптими, судгача тергов олиб борган терговчи ўйлаб иш қилади. Бизда ўша иш ўтиб кетади, улар ҳам билади ўтиб кетишини, балки Олий судда синишини ҳам билар, лекин шу ергача ўтиб кетади-ку деган маънода иш кўради ва кимлардир бунинг орқасидан жабр тортади.

Ҳудудларда, туманларда олиб қарайдиган бўлсак, ҳалигача ҳокимнинг таъсири сезилади. Номи айтилмайдиган, айтилса қўрқадиган идоралар бор. Ўша ерда ишловчи ходимларнинг босими бор судяларга нисбатан. Улардан қўрқишади. Нима қилинса шу қўрқув йўқолади?

– Раҳбарни ёки бир-икки ходимни алмаштириш билан иш битмайди. Ҳақиқатан аттестация қилиш керак. Тизимнинг ўзи ўз-ўзига савол бериши керак: шундай иккиюзламачилик қилиб яшайверамизми ёки бирор ўзгариш қиламизми? Чунки иккиюзламачилик қиёфаси ахборот технологиялари ривожланиб бораётган, ахборотга тўсиқ қўйиш имконсиз бўлиб бораётган бир вақтда бутун бир жамиятга, бутун бир дунёга ошкора кўриниб қоляпти.

Бу нафақат Ўзбекистонда, балки бошқа давлатларда ҳам шунақа. Ошкора кўриниб турибди-да. Шунинг учун ҳам ўша ташкилот бетимнинг қаттиқлиги, жонимнинг ҳузури тарзида фаолият юритаверамизми ёки юзимизни ёруғ қилиш вақти келдими деган саволларга жавоб бера олиши керак. Йўқ, бўлди, ўзгарамиз, иккиюзламачилик қилмаймиз дейиладиган бўлса, унинг ечими қийин эмас.

Ишни қаердан бошлашни ҳамма билиб турибди. Фақат муаммо шунда, тан олмасликда ва ўзининг қулай турмуш шароитида яшаш, тўқ яшаш ва нафснинг юқорилиги оқибатида шунақа давом этяпти. Агарки, йўқ, умумжамият, умумдавлат манфаатлари йўлидан юриладиган бўлса, кўп нарсадан тийилишимиз керак. Тан олиш керак, керак пайтда тўхтатиш керак. Йўқ, оғайнилар, шу ерда тўхташимиз керак, бу ерда қонун бор дея олиши керак.

– Муаммолар айнан нималардан иборат? Қайсидир ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар таъсиридан судялар ҳалигача қутула олмаяптими? Шундай ҳолатларни кўрамизки, терговчилар ёки айбловчилар томонидан эълон қилинадиган айблов хулосаси билан суд қарори ҳаттоки тиниш белгиларигача бир хил. Сал ўзгартириш билан суд қарорига айлантирилган ҳолатлар бор. Яна қандай муаммоларни санаб ўтган бўлардингиз?

Фарҳод Примов, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори:

– Энди судлар фаолияти бўйича мутахассислар ўз фикрларини билдириб боришяпти. Албатта, ҳамманинг ўз фикри бор бу жараёнда. Судлар фаолиятини ҳам ислоҳ қилишда баъзи бир омилларни инобатга олишади деб ўйлайман.

Масалан, судяларнинг сони бўйича тўхталмоқчи эдим. Энди суднинг бир ишни тўлиқ ва батафсил кўриб чиқиши учун уларнинг вақти бўлиши керак. Баъзи ҳолатларда судларнинг маъмурий, жиноий ва фуқаровий ишлари кўпайиб кетадики, суднинг вақти етишмаса, бу албатта, сифатга ҳам таъсир қилади.

Фарҳод Примов. Фото: Kun.uz

Айтганингиздек, терговчи ишни якунлаётганда айблов хулосаси билан якунланади. Айблов хулосасида ўша ишга оид барча тафсилотлар хулоса қилинади. Яъни унинг айблари исботлангани, қайси модда билан жавобгарликка тортиш мумкинлиги тўғрисидаги якуний ҳужжат ҳисобланади.

– Лекин у ўзининг нуқтайи назарини ифода этади.

– Албатта, терговчи ўзининг ваколатларидан келиб чиққан ҳолатда қонунга биноан тайёрлайди бу ҳужжатни. Баъзи ҳолатларда айблов хулосаси ва суд ҳукми бир хил бўлиб қоляпти деб айтяпсиз. Лекин ҳақиқат битта бўлади ҳамиша. Уни терговчи ҳам, суд ҳам қайси йўл билан исботламасин, барибир бир тўхтамга келинади.

Шу нуқтайи назаридан улар бир-бирига ўхшаш бўлиши мумкин деб ўйлайман. Шу билан биргаликда, судялар кўриб чиқиши керак бўлган ишларнинг сони кўп, аммо вақти камлигини яна бир марта таъкидлаб ўтмоқчиман. Агар судянинг вақти бўлмаса, кўп ҳолатларда бу ишнинг сифатига ҳам таъсир қилиши мумкин.

– Биринчи инстанцияда кўрган ишлари Олий суддан қайтаётган, бошқача айтганда, “синаётган” судяларга нисбатан ҳам қандайдир чора кўрилиши мумкинми?

Илёс Юсупов, адвокат:

– Нима бўлган тақдирда ҳам судяларимиз адашмаслиги керак. Чунки бунинг ортида инсон тақдири ётибди. Судя шундай қарор қабул қилиши керакки, ўша чиқарган қарори инсонпарварлик принципига ҳам, одиллик принципига ҳам, қонунийлик принципига ҳам мос бўлиши керак.

Ўйлайманки, ўша билдирилган сабаблар, тўғри, у ерда ҳимоя тараф ҳам бор, тортишувли принцип асосида судлар амалга оширилишини ҳаммамиз биламиз. Айблов тарафи айбдор деб ҳисоблаш бўйича ўзининг далилларини, фикрларини баён қилади. Ҳимоя тараф айбсизлиги билан боғлиқ ёки жиноятни содир этишга ундовчи сабабларни баён қилади. Судлар эса барча ҳолатларни синчковлик билан ўрганиб, одиллик ва инсонийлик тамойиллари асосида жазо тайинлаши керак.

Илёс Юсупов. Фото: Kun.uz

Биламиз, қонунда ёзиб қўйилган, қонунларимизда белгиланган жазо уни қийнаш учун эмас, балки тарбиялаш учун берилади дейилади. Яъни берилаётган жазонинг миқдори шу инсонни тарбиялаш учун етарли бўлиши керак деган фикрлар бор. Агар судларимиз ана шунга асосланиб, адолатли ва тўғри қарор чиқарадиган бўлса, ўша қарорлар устидан шикоят қилиш ҳолатлари ҳам кескин камаяди.

Шу билан бир қаторда, ҳимоя томондан билдирилаётган сабабларга, айблов томонидан билдирилаётган сабабларга ва жабрланувчи ва айбловчи томоннинг билдираётган сабабларининг асосли эканини суд қарорларида асослаб кўрсатиб кетиши керак. Ана шунда ўша ҳолат бўйича шикоятлар бирмунча камаяди.

Йўқ бўлиб кетади деб айтмайман. Барибир бир хиллар норози бўлади, шикоят қилади. Иккинчидан, юқори турувчи судларга шикоятлар ёзганимизда маълум бир сабаблар кўрсатамиз. Ҳимоямиз остидаги шахсга нисбатан илгари сурилаётган айбловни инкор қилувчи сабабларни ўн варақ ва баъзан беш варақдан иборат матнда келтириб берамиз. Лекин суднинг ҳал қилув қарорида бизнинг эътирозларимиз, тақдим этган далилларимиз негадир батафсил баён этилмайди, икки қатор сўз билан ифодаланади ва бу табиийки ҳимояда эътирозларни юзага келтиради.

Биз бир нечта маълумотни келтириб, бу асоссиз деб кўрсатсак, у ерда унинг айби белгиланган ҳужжатлар билан ўз тасдиғини топади деб қўйилади, шу билан биз яна шикоят қилишимизга тўғри келади.

Шунинг учун интизомий жазони кучайтириш керак. Агар судяларимиз томонидан шу судянинг билими етарли даражада бўлмагани учунми ёки бирор бир хатоликка йўл қўйилгани сабаблими адолатсиз қарор чиқариб қўйиб ва бу адолатсиз чиқарилган суд қарори юқори судлар томонидан бекор қилинса ёки ўзгартирилса, судяга нисбатан интизомий жазо чораларини маълум бир даражада кучайтирилса, судяларимиз ҳам ўз устида ишлаб, адолатли қарор қабул қилишга замин яратган бўлар эди.

– Яъни иши Олий судда ёки юқори инстанция судида кўриб чиқилиб рад этилса, судяларга қандайдир таъсир чораларини қўллаш керак, деб ҳисоблайсиз?

– Энди бу нарса балким уларнинг тизимида бордир. Ҳозир судялар олий кенгаши бор. Судяларнинг адолатли ва қонунчиликка биноан ҳукм чиқаришини назорат қиладиган идора бор. Балким уларда шу нарса бордир.

Масалан, ҳозир Судялар олий кенгаши фаолият юритмоқда, у судяларнинг қонунларга риоя этиши, адолатли қарор чиқаришини назорат қилиб боради. Балки мен айтаётган механизм аллақачон йўлга қўйилгандир, лекин биз бу ҳақда билмаймиз, фуқароларнинг ҳам хабари йўқ.

Жамшид Ниёзов суҳбатлашди.

Top