12:51 / 04.09.2022
25109

Ўзбекистонда содир бўлган авиаҳалокатлар: Самарқанд яқинида Ил-18 самолёти нега қулаб тушганди?

1970 йилда Ўзбекистон фуқаро авиацияси бошқармасининг Тошкент отрядига қарашли Ил-18 йўловчи самолёти Самарқанд шаҳри яқинида ҳалокатга учрайди. Оқибатда, унинг бортида бўлган 106 кишидан қарийб 100 нафари ҳалок бўлади.

СССР фуқаро авиацияси тарихида юз берган 150 дан ошиқ авиаҳалокатларнинг йигирмага яқини Ўзбекистон ҳудудида содир бўлган.

Жумладан, 1989 йилда Навоий вилояти ҳудудида Ту-254 қулаб тушган ва 200 киши ҳалок бўлган. Бу собиқ иттифоқда содир бўлган энг йирик авиаҳалокат ҳисобланади.

1970 йилда Самарқанд шаҳри яқинида Ил-18 самолёти билан содир бўлган ҳодиса ҳам йирик авиаҳалокатлардан бири бўлган – унда 92 киши ҳалок бўлган. Ўшанда ҳалокатга аэропорт ва самолётдаги ускуналарнинг эскиргани ҳамда диспетчер ва учувчиларнинг хатоси сабаб бўлган деб топилади.

Ил-18 самолётларининг тарихи

Ил-18 самолёти Сергей Илюшин бошчилигидаги конструкторлик бюроси томонидан 1950-йилларда ясаб чиқилган. Ил-18нинг илк синов парвози 1957 йилда ўтказилган. Мазкур самолётлар 1958 йилдан 1978 йилгача серияли тарзда ишлаб чиқарилган.

Ил-18 самолётларидан йўловчи ва юкларни ташишда ҳамда ҳарбий соҳада фойдаланишган. Унинг турли модификациялари 73 нафардан 111 нафаргача йўловчи ўрнига эга бўлган.

Бу самолётлар ўртача соатига 625-650 километр тезликда парвоз қилган. Уларга турбовинтли тўртта двигател ўрнатилган. Ил-18 самолётларида модификацияларига қараб 5 нафардан 10 нафаргача экипаж аъзолари бўлган.

Фото: semnasem.org

Ўтган асрнинг 60-йилларида Ил-18 фуқаро авиациясида хизмат қилган энг яхши самолётлардан бири бўлган. У 1958-59-йилларда узоқ масофага учиш, баландликка кўтарилиш ва юк кўтариш бўйича 20 дан ортиқ жаҳон рекордини ўрнатган.

Кейинчалик, фуқаро авиацияси тараққий этиб, бошқа турдаги мукаммалроқ самолётлар ишлаб чиқарила бошлагач, Ил-18 ўз ўрнини уларга бўшатиб беради.

Ил-18 самолётларидан жами 527 дона ишлаб чиқарилган. Уларнинг бир қисми хориж давлатларига ҳам сотилган. Бугунги кунда ҳам бир нечта давлатларда Ил-18 самолётларидан турли мақсадларда фойдаланиб келишмоқда.

Фото: artfile.me

Ил-18 самолёти билан ҳам кўплаб авиаҳалокатлар содир бўлган. Aviation Safety Network маълумотларига кўра, илк парвозни бошлаган вақтидан 2019 йилгача 100 дан ортиқ Ил-18 самолётлари ҳалокатга учраган. Уларда жами 2 501 киши ҳалок бўлган.

Ҳалокат

1970 йил 6 феврал куни Самарқанд яқинида ҳалокатга учраган Ил-18 1962 йилда ишлаб чиқарилган бўлиб, ўша йили «Аэрофлот» таркибидаги Ўзбекистон фуқаро авиацияси бошқармаси ихтиёрига берилган.

Самолёт ҳалокатга учраган кунгача 4 968 та учиш-қўнишни амалга оширган, 12 885 соат парвоз қилганди. Ушбу самолёт Тошкент-Самарқанд йўналишида доимий парвозларни амалга оширган.

Гарчи самолёт бортида 89 нафар йўловчи ўрни бўлса-да, ўша куни унда 98 нафар йўловчи бўлган. Улардан 90 нафари ёши катталар, 8 нафари ёш болалар бўлган.

1970 йил 6 феврал куни ҳаво булутли, Ил-18 учиши керак бўлган баландликда шамол тезлиги секундига 60 метр бўлган. Самолёт маҳаллий вақт билан соат 14:11 да Тошкентдан ҳавога кўтарилиб, 5 100 метр баландликда Самарқандга яқинлашгунча тўлиқ булутлар орасидан учиб ўтган.

Фото: www.skyscrapercity.com

Жиззах шаҳри тепасидан учиб ўтишаётганда учувчилар Самарқанд аэропортидаги диспетчерлар билан боғланишади ва улардан вазиятни сўрашади. Ўшанда Самарқанд аэропортигача 93 километр қолганди.

Диспетчерлар учувчиларга тезликни пасайтириш ва 2 700 метргача пастлашни буюришади. Соат 14:35 да диспетчер учувчиларга курсни 272 даражада ушлаш кераклигини буюради. Аммо орадан бир дақиқа ўтиб кучли шамол эсаётгани ва курсни 92 даражада ушлаш кераклигини айтади.

Соат 14:37 да учувчилар диспетчерга Самарқанд аэропортидан 53 километр узоқликда, денгиз сатҳидан 2 700 метр баландликда парвоз қилаётганлари ҳақида ҳисобот беришади. Ўша пайтда самолётнинг тезлиги соатига 410 километр бўлган.

Соат 14:39 да диспетчер учувчиларга аэропортгача 48 километр қолганини, самолётни яна пастлатишни буюради. Ўшанда кўриш масофаси 5 минг метр, ер сатҳида ҳаво ҳарорати +5 даража иссиқ бўлган.

Орадан бир минут ўтиб диспетчер янглишиб, аэропортгача бўлган масофа 31 километр қолганини айтади. Бу пайтда ҳали Самарқандгача 41 километр бор эди.

Фото: szextant.blogspot.ca

Учувчилар диспетчернинг буйруғини бажариб, 1 500 метргача пастлашади ва тезликни ҳам камайтиришади. Ўшанда улар самолёт 1 дақиқа ичида 17 километрни учиб ўта олмаслигини ўйлаб ҳам кўришмайди.

Ана шу пайтда денгиз сатҳидан 1 500 метр баландликда, булутлар орасидан соатига 380 километр тезликда учаётган самолёт қор билан қопланган тоғ нишаблигига урилади.

Қаттиқ зарба туфайли самолёт фюзеляжи беш бўлакка бўлиниб кетади. Оқибатда, иккинчи учувчи ва яна 13 нафар йўловчи тан жароҳатлари олишади. 85 нафар йўловчи ва 7 нафар экипаж аъзоси, шу жумладан 7 нафар ёш бола ҳодиса юз берган пайтда ҳалок бўлади.

Ҳодиса юзасидан суриштирувлар

Ҳалокат сабабларини ўрганиш чоғида Самарқанд аэропортидаги диспетчернинг хато қилгани аниқланади. Кейинчалик, аслида самолётга ўрнатилган радиолокаторлар булутли об-ҳаво шароитида, қор аралаш ёмғир ёғиб турганда яхши ишламагани ва оқибатда, диспетчерга самолётнинг парвоз қилаётган жойи ҳақида нотўғри маълумотлар боргани ойдинлашади.

Фото: aviator.guru

Шунингдек, Самарқанд аэропортидаги диспетчерлик хизмати фойдаланиб келган ускуналар ҳам эскириб кетгани, улар оралиқ масофаларни ўлчашда хатоликларга йўл қўйиш билан бирга, диспетчер ва учувчилар ўртасидаги ўзаро алоқаларни қийинлаштиргани ҳам маълум бўлади.

Ҳодисани ўрганган комиссия ҳалокатга самолётдаги радиолокаторлар ва аэропортдаги ускуналарнинг нотўғри ишлагани сабаб бўлган деган хулосага келади.

Шунингдек, якуний хулосада учувчилар орасида парвоз интизомининг пастлиги, тарбиявий ишларда камчиликлар борлиги туфайли улар доимий равишда парвоз қоидаларини мунтазам бузиб келгани маълум қилинади.

Жумладан, ўша куни Самарқанд аэропортидаги диспетчернинг 1 дақиқада оралиқ масофани 48 километрдан 31 километргача қисқартириб айтганига экипаж командири эътиборсизлик қилгани, бу вақт оралиғида 17 километр масофани учиб ўтиб бўлмаслигини у инобатга олмагани қайд этилади.

Самарқанд аэропорти, 1970 йил / Фото: flickrhivemind.net

Шунингдек, мамлакатнинг бошқа ҳудудларидан Самарқандга Ил-18 самолётида парвоз қилган учувчилар айнан Жиззах ва Самарқанд вилоятлари орасидаги тоғли ҳудудда парвоз қоидаларини бузган ҳолда белгиланганидан пастроқ учгани аниқланади.

Бундан ташқари, Тошкент аэропортидаги авиация метеорология станцияси мутахассиси Ил-18 экипажи метеорологик тайёргарликдан ўтди, деб ҳужжат тўлдиргани, аслида эса учувчилар синовдан ўтмагани ойдинлашади.

Шундан сўнг қоидаларни бузган кўплаб учувчилар ва диспетчерлар жазоланади ва парвоз интизомига қаттиқ эътибор берила бошланади. Ўзбекистондаги аэропортлардаги диспетчерлик хизмати ускуналари ҳамда самолётлардаги радиолокаторлар янгиланади.

Бундан ташқари, учувчиларни тайёрлаш мактабларида уларни метеорология бўйича ҳам ўқита бошлашади. Учувчиларнинг малакасини ошириш ишларида ҳам назорат кучайтирилади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Top