18:03 / 27.05.2024
8411

Самарқандда магистрал сув қувури тешилиб, кўчаларни сув босди

Самарқанд шаҳрини сув билан таъминлаётган асосий магистрал сув қувурларидан бири тешилгани туфайли айрим кўчаларни сув босган. Йигирмадан ортиқ кўча ва уларда жойлашган маҳаллаларда ичимлик сув таъминоти вақтинча тўхтаб қолган.

Фото: Видеодан кадр

Шаҳар ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, Самарқанд шаҳридаги Чўпон ота сув иншоотидан келаётган диаметри 1000 миллиметрлик катта босимдаги марказий сув қувурида фавқулодда носозлик юзага келган

Шу сабабли Зарафшон, Андижон, Уста Умар Жўрақулов, Панжикент, Сўзангарон, Навоий, Садриддин Айний, Амир Шоҳмурод, Регистон, Термиз, Университет хиёбони, Орзу Маҳмудов, Ўзбекистон, Фирдавсий, Абдураҳмон Жомий, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Акбар Отахўжаев, Бобур Мирзо кўчалари ва ушбу кўчаларга туташ маҳалла ва ҳудудларда вақтинча ичимлик сув тўхтатилган.

Самарқанд сув таъминоти шаҳар филиалининг хабар беришича, фавқуллодда юз берган носозлик мутахассислар томонидан бартараф этилмоқда.

Ичимлик сув таъминоти тўхтаган ҳудудларга “Samarqand suv ta'minoti" AJ шаҳар филиали томонидан махсус техникалар билан етказиб берилмоқда.

Қайд этилишича, сув таъминоти қачон тикланиши бўйича қўшимча маълумот берилади.

Ижтимоий тармоқларда носозлик юз берган ҳудудда кўчалар тўлиб сув оқаётгани тасвирланган видеолар тарқалди. Уларда сувнинг босими жуда юқорилигини кўриш мумкин.

Top