Жаҳон | 16:12 / 08.09.2022
10228
19 дақиқада ўқилади

Меҳнат лагеридан раҳбарликкача: Си Жинпингнинг сиёсий йўли ҳақида

Хитой Халқ Республикаси раиси Си Жинпинг келаси ҳафта давлат ташрифи билан Тошкентга келади. Хитой раҳбари Самарқандда бўладиган Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти саммитида ҳам иштирок этади.

Фото: Greg Baker / AFP / Getty Images

1976 йил 9 сентябр куни Хитой Халқ Республикасининг биринчи раҳбари Мао Цзедун вафот этади. Шундан буён бу давлат тепасида бир неча раҳбар алмашди. Жумладан, 1976-1981 йилларда Хуа Гофэн, 1981-1989 йилларда Дэн Сяопин, 1989-2004 йилларда Цзян Цзэмин, 2004-2012 йилларда Ху Цзинтао раҳбарлик қилган. 2012 йилдан бошлаб Чин юртини Си Жинпинг бошқариб келмоқда.

Бугун Си Жинпинг ҳақида гап кетганда, унинг Мао Цзедун ва Дэн Сяопин каби лидерлар билан бир сафда туриши айтилади. У ёшлигида бир неча йил умрини меҳнат лагерида оғир шароитда ўтказган, камбағалларнинг машаққатли турмуш тарзини яхши биладиган шахс сифатида таърифланади.

Юқоридаги таърифлар муболаға эмас – Си Жинпинг даврида Хитой ривожланди. Мамлакатда аҳолининг турмуш тарзи кескин ошди. Хитойнинг АҚШни қувиб ўтиб, дунёнинг энг кучли давлати бўлиши ҳақидаги тахминлар реалликка айланди.

Албатта, дунёдаги энг кўп аҳолига эга бўлган мамлакат муваффақиятини биргина шахсга нисбат бериш тўғри эмас. Аммо кўп нарса бошқарув тизгини қўлида бўлган одамга ҳам боғлиқлиги бор гап.

Фото: Podrobno.uz

Хитойдаги бошқарув тизими

Хитойда раҳбарлик қиладиган шахс бир вақтнинг ўзида ХХР компартияси марказий қўмитаси бош котиби, ХХР марказий ҳарбий кенгаши раиси, ХХР компартияси марказий қўмитаси ҳарбий кенгаши раиси лавозимларини эгаллаши мумкин.

Тарихда бошқачароқ вазиятлар ҳам бўлган ва юқоридаги учта амалга бир неча киши эгалик қилган. Бундай ҳолатларда де-факто Хитой компартияси марказий қўмитаси ҳарбий кенгаши раиси Хитойга раҳбарлик қилган.

Масалан, 1983-1988 йилларда Ли Сяннян ХХР раиси бўлган. Амалда мамлакатни 1981-1989 йилларда Хитой компартияси ҳарбий кенгаши раиси Дэн Сяопин бошқарган.

Ҳозирги кунда ХХР раҳбари бўлиб турган Си Жинпин г юқоридаги учта амалнинг ҳам эгаси ҳисобланади. Ундан аввалги раҳбар, Ху Цзинтао билан ҳам шундай бўлган.

Фото: alamy.com

Сининг ёшлиги ва сиёсатга кириб келиши

Си Жинпинг 1953 йилда Пекинда туғилган. Унинг отаси 1930-йиллардан Мао Цзедуннинг ҳаммаслаги бўлган ва Хитой Халқ Республикаси тузилгандан сўнг юқори даражадаги амаллардан бири – Хитой давлат кенгаши раиси ўринбосарлигига тайинланган.

1962 йилда Си Жинпингнинг отасини партияга қарши фитна уюштиришда айблашади. Отасининг қамалиши Си Жинпингнинг ҳаётига ҳам таъсир кўрсатади.

1966 йилда, Си Жинпинг 13 ёшда бўлганида, Пекинда Маданий инқилоб номи билан аталган тўполонлар бошланиб кетади. Бу тўполонларда мактаб ўқувчилари ҳам фаол қатнашади.

Оқибатда, пойтахтдаги барча мактаблар ёпилади ва болаларнинг аксарияти уйда индивидуал тарзда билим олади. Шу жумладан, Си ҳам.

Ўшанда ёшлар Мао Цзедун асарларини, унинг иқтибослари жамланган китоб ва ҳукуматнинг даврий нашрларини ўқишга мажбур бўлган. Ёнидан бошқа адабиётлар чиққан ўқувчилар жазоланган.

1960-йилларда Хитойдаги қишлоқларда аҳвол жуда оғир эди. Электр тармоқлари тортилмаган, транспорт умуман йўқ, халқ 1958-1961 йилларда кузатилган очарчиликдан сўнг ҳали ўзига келмаган, одамлар жуда қашшоқ яшарди.

1968 йилда Ма Цзедуннинг махсус қарори эълон қилинади. Унга кўра, Хитойнинг турли шаҳарларда яшовчи миллионлаб ёшлар қишлоқларни ривожлантириш учун мамлакатнинг қолоқ ҳудудларига мажбуран жўнатилади. 1969 йилда 16 ёшли Си Жинпингни ҳам «душманнинг ўғли» сифатида Хитойдаги энг қолоқ ҳудудлардан бири бўлган Шенси провинциясида жойлашган Лянцзяхе қишлоғидаги меҳнат лагерига «қайта тарбиялаш» учун жўнатиб юборишади.

Фото: tianya.cn

Си Жинпинг у ерда жуда оғир шароитда яшайди. Уй ўрнида ғор, ғишт устидаги ётоқ, ҳожатхона вазифасини эса челак бажарган. Кейинчалик Си Жинпинг ўша давларларни эслаб, оғир жисмоний меҳнат, доимий ёлғизлик ва бургаларга чидашга тўғри келганини билдирган.

«Мен 15 ёшимда бегона жойга бориб қолганман. Ўшанда ҳали ҳаётнинг паст-баландларини кўрмаган, хом бир ўспирин эдим. Биз ёш бўлишимизга қарамай катталар каби оғир ишларда ишлардик – йўллар ва дамбалар қурардик. У ерни ёшим 22 да, қийинчиликларда тобланган ва ўзимга ишонч пайдо бўлган ҳолда тарк этганман. Мен умрбод ўша заминнинг ўғли бўлиб қоламан. Менинг юрагим Лянцзяхеда қолган», деган эди у кейинчалик.

Аммо ОАВда Си Жинпингнинг меҳнат лагеридаги машаққатли ҳаёти тасвирланган китоблар ва чоп этилган мақолалар хитойликлар орасида давлат раҳбарининг оддий хитойликлар қандай яшаётгани ҳақида тасаввурга эга эканлигини оммага сингдириш мақсадида қилингани ҳақида ёзишган. Аммо у бир неча йил умрини меҳнат лагерида ўтказгани факт.

1971 йилда Си Жинпинг меҳнат лагерига юборилганига 2 йил бўлганда Хитой комсомоли сафига киради ва зўр бериб мамлакат компартиясини тарғиб қила бошлайди. Буларнинг барчаси жазони енгиллатиш ва меҳнат лагеридан тезроқ чиқиб кетиш учун бўлган бўлса ажабмас. Аммо Си Жинпинг меҳнат лагеридаги сургунда 7 йил қолиб кетади.

Фото: avaz.ba

Илк амал ва мансаб пиллапояларидан кўтарилиш

Комсомол сафига киргандан сўнг Си Жинпинг Хитой компартияси сафига кириш учун кўп марта ариза бера беради. Аммо отаси қамоқда экани учун ҳар сафар рад жавобини олади.

Ниҳоят 1974 йилда у Хитой коммунистик партияси сафига қабул қилинади. Уни меҳнат лагери жойлашган қишлоқдаги партия ташкилоти раҳбари этиб тайинлашади. Бу унга сургундан тезроқ қайтишига имконият беради. Чунки Хитой компартияси сафида бўлган одамнинг сургунда юриши партия обрўсига тўғри келмасди. Орадан бир йил ўтиб Си Жинпинг сургундан қайтади ва Пекиндаги нуфузли олий ўқув юртларидан бири бўлган Цинхуа университетининг кимё технологиялари факультетига ўқишга киради.

1979 йилда Си ўқишни битиради ва бир муддат давлат кенгаши маъмуриятида ҳамда марказий ҳарбий кенгашда котиб вазифасида ишлайди.

Ўша йили унинг отаси қамоқдан озод қилинади ва ўзининг сиёсий фаолиятини қайта бошлайди. Бу пайтда Мао Цзедун вафот этган, мамлакатни янгича ислоҳотлар тарфдори бўлган Дэн Сяопин бошқараётганди.

Си Жинпингнинг отаси компартиянинг Гуандун провинцияси бўлими раҳбари ва провинция губернатори вазифасига тайинланади. Бу провинция Ҳонгконгга яқин бўлиб, кескин ривожланётган ҳудудлардан бири эди. Шундан сўнг Си Жинпинг ҳам мансаб пиллапояларидан тез кўтарила бошлайди.

Фото: huhaokan.com

1970-йиллар охирида у Хитой халқ озодлик армияси зобити бўлади. 1982 йилда эса мудофаа вазири Гэн Бяога котиб этиб тайинланади. Си бу вазифага тайинланиши бежиз эмасди, Гэн Бяо унинг отаси билан дўстона алоқада бўлган. Мудофаа вазири котиби сифатида бир йил ишлагач, у партия раҳбарларидан ўзини провинциялардан бирига ишга жўнатишни илтимос қилади. Уни Хэбэй провинциясидаги Чжендин уезди партия комитети котиби ўринбосари қилиб юборишади.

1982-1994 йиллар оралиғида, 12 йил давомида Си Жинпинг унча муҳим бўлмаган ҳудудларда бир неча уезд, шаҳар ва провинция партия қўмитаси раҳбари сифатида ишлайди. 1995 йилда у яна ҳарбий соҳага қайтади ва 2002 йилгача Фуцзян провинциясининг биринчи ҳарбий комиссари лавозимида ишлайди. Шу орада, 1997 йилда Хитой компартияси марказий қўмитаси аъзолигига номзод бўлади. 1998-2003 йилларда халқ вакиллари Умумхитой кенгашига депутат этиб сайланади.

Хитой компартияси марказий қўмитаси сафида ва мамлакат раҳбари

2002 йил ноябрда Хитой компартиясининг навбатдаги съездида Ху Цзинтао партиянинг янги бош котиби этиб тайинланади. Ана шу съездда Си Жинпинг компартия марказий қўмитаси таркибига киритилади.

Кейинги 5 йил давомида Си Жинпинг бир неча муҳим шаҳар ва провинцияларда раҳбар бўлиб ишлайди. Жумладан, анча ривожланган Чжецзян провинцияси ва Шанҳай шаҳар партия қўмиталарининг биринчи котиби сифатида ишлайди. Шу билан бирга бир муддат параллел равишда Нанкин ҳарбий округи партия қўмитасини бошқаради.

2007 йилда Хитой компартиясининг навбатдаги съездида Ху Цзинтао мамлакат раҳбари этиб қайта сайланади. Айрим хорижий нашрлар ўша пайтларданоқ 2012 йилда Си Жинпинг ёки яна бир таниқли сиёсатчи Хитой компартияси сиёсий бюроси аъзоси Ли Кецян Ху Цзинтаонинг ўрнига мамлакат раҳбари бўлиши ҳақида ёза бошлайди.

Кейинчалик Ли Кецян ўзаро норасмий рақобатда Си Жинпингга ютқазади. У аввалига Ҳитой ҳукумати раиси ўринбосари этиб тайинланади. 2013 йилдан бошлаб Хитой ҳукумати раиси лавозимида ишлаб келяпти.

Фото: alamy.com

2008 йилда Си Жинпинг халқ вакиллари Умумхитой йиғилишида раислик қилади. Ана шу йиғилишда у ХХР раиси ўринбосари лавозимига сайланади. 2010 йилда Хитой компартияси марказий қўмитаси пленумида Си Жинпинг компартия марказий ҳарбий кенгаши раиси ўринбосари этиб тайинланади.

Амалда ҳар икки лавозимга мамлакат раҳбарининг вориси бўлган шахс тайинланарди. Шундан сўнг Ху Цзинтаодан сўнг Си Жинпинг Хитой раҳбари бўлиши ойдинлашади.

Кутилганидек 2012 йилда ўтказилган компартия съездида Ху Цзинтао партия марказий қўмитаси таркибидан чиқади. Ўша йили 15 ноябр куни Хитой компартияси марказий қўмитасининг навбатдаги йиғилишида Си Жинпинг марказий қўмита бош котиби ва Хитой марказий ҳарбий кенгаши раиси этиб сайланади. 2013 йил 14 март куни халқ вакиллари Умумхитой йиғинида у ХХР раиси этиб сайланади.

Қизиқишлари ва оиласи

Си Жинпинг китоб ўқиш ўзининг севимли машғулоти экани, рус классик адабиёти, айниқса Достоевсикий, Толстой ва Шолохов асарларини севиб мутолаа қилишини бир неча бор таъкидлаган. Бундан ташқари, у футбол мухлиси ҳисобланади. Шунингдек, цигун гимнастикаси ва хитой жанг санъати билан шуғулланган.

Си Жинпинг бир неча бор Forbes ва Time томонидан тузилган дунёнинг энг кучли таъсирга эга инсонлари рейтингига кирган.

Си Жингпинг 1980-йиллар бошида Хитойнинг Буюк Британиядаги элчиси қизига уйланган, аммо у билан узоқ яшамай ажрашган. ОАВда элчининг қизи Хитойда яшашни хоҳламагани учун Си Жинпинг билан ажрашгани ва Британияга қайтгани ҳақидаги гаплар ёзилган.

Кейинчалик у Хитойдаги машҳур хонанда Пэн Лиюанга уйланади. У пайтларда Си Жинпинг унча машҳур эмас, хитойликлар уни танимасди ҳам. Ўшанда одамлар уни машҳур хонанданинг эри сифатида таний бошлашган.

Хитойда ҳам аксарият юқори лавозимли шахсларнинг фарзандлари хорижий давлатларда ўқийди ва яшайди. Шу жумладан, Си Жинпингнинг қизи ҳам бошқа исм-шариф билан Ҳарвардда ўқиши ҳақида гаплар юради.

Бундан ташқари, Си Жинпингнинг сингиллари Канада ва Австралияда, акаси эса Ҳонгконгда яшаши айтилади.

Bloomberg агентлиги маълумотига кўра Си Жинпингнинг хотини ва қизи бизнес билан шуғулланмайди. Аммо унинг яқин қариндошлари бой компанияларда улушларга эгалик қилади. Жумладан, Википедияда Си Жинпингнинг сингиллари ва бошқа қариндошлари турли компанияларда бир неча юз миллион долларлик улушларга эгалик қилиши аниқлангани ҳақида ёзилган.

Интернет устидан назорат кучайтирилиши

Су Жинпинг 2012 йилда ҳокимиятга келар экан, Хитойда ҳеч қачон «Араб баҳори»га ўхшаш ҳодиса содир бўлишига йўл қўйиб бўлмаслигини тушуниб турарди. Қолаверса, биргина 1989 йилда Пекиндаги Тянанмэн майдонида талабалар бош кўтариши мамлакат ва унда ҳукмрон бўлган коммунистик партия обрўсига жиддий зарба бергани барчанинг ёдида эди.

Шу сабабли Чин юртида интернет устидан назоратни кучайтириш ишларига жиддий эътибор қаратила бошланади. 2017 йилда Хитойда оммабоп бўлган ижтимоий тармоқларда Си Жинпинг ва Барак Обаманинг 2013 йилда учрашганда ёнма-ён кетаётган ҳолда тушган сурати ёнига мультфильм қаҳрамонлари айиқча Винни-Пух ва йўлбарснинг ёнма-ён турган сурати қўйилган мем тарқалади.

Фото: BBC

Орадан бироз ўтиб Си Жинпинг Япония бош вазири билан учрашганда унинг қўлини сиқиб турган ҳолати тасвирланган фотосурат билан Винни-Пухнинг дўсти Иа-Ианинг қўлини сиқиб турган ҳолати ёнма-ён қўйилиб, ҳазил мем қилинади.

Фото: BBC

Шундан сўнг Хитойда айиқча Винни-Пухга қарши «уруш» бошланди. Унинг тасвири барча жойдан олиб ташланади. Телевидениеда Винни-Пух ҳақидаги мультфилмни қўйиш тақиқланади. Интернет ва ижтимоий тармоқлар янада кучлироқ назоратга олина бошланади. 2017 апрелда ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Си Жинпингни булочкага ўхшатган шахс 2 йилга қамалади.

Ўша пайтларда Хитой компартиясига қарашли ОАВ «Интернетда мафкуравий урушлар тўхтамайди. Тармоқни ким назорат қилса, ўша ютади», деб ёзиб чиқиб, интернетнинг кучли назоратга олинаётганини қўллаб-қувватлайди.

Шунингдек, Хитойда сунъий онг билан ишлайдиган технологиялар ривожланишига катта эътибор бериляпти ва бунда ҳам энг аввал мамлакат хавфсизлигини таъминлаш масаласи биринчи ўринга қўйилган.

Мамлакат бўйлаб оддий кузатув камералари билан биргаликда одамларнинг юз кўринишидан таниб оладиган камералар ёппасига ўрнатила бошланиши шулар жумласидан. Бу ишларга ҳам асосан Си Жинпинг бошқарувга келгач жиддий эътибор қаратила бошланган.

Хитой АҚШдаги турли технологик компаниялар учун йирик бозор ҳисобланади. Шу туфайли аксарият уларнинг аксарияти Хитойнинг интернетни каттиқ назорат қилишига кўз юмишади. Ҳатто бу ишда ёрдам ҳам беришади.

Масалан, Су Жинпинг 2015 йилда АҚШга ташриф буюрганда йирик технологик компаниялар раҳбарлари билан учрашганди. Ўшандан кейин Facebook’ка тегишли Whatsapp Хитойга қарши тарғибот олиб борадиган саҳифаларни блоклай бошлаган. Apple эса App Store’даги VPN’ларни Хитойда кўринмайдиган қилиб қўйган.

Шу тариқа, Хитойда блокланган YouTube’га VPN орқали кирувчи танқидчилар чорасиз қолишганди.

Фото: BBC

Кейинги йилларда Хитойда икки фронтда уруш олиб боришига тўғри келмоқда: бири партиядагилар назорати, иккинчиси интернет назорати.

Имиж тарғиботи

Хитойда Си Жинпинг ва компартиянинг ижобий имижини ошириш учун тинимсиз ишлар олиб борилади. Мамлакатнинг жуда кўп жойларида Хитой компартияси мақталган шиорлар ва Си Жинпингнинг улкан портретларини кўриш мумкин.

Фото: alamy.com

Шунингдек, Хитой раҳбари доимий равишда оғир шароитларда яшаётган қишлоқларда бўлади, одамларга ёрдам беради.

Бундан ташқари, тез-тез талабалар билан учрашувлар ўтказиб, расмиятчиликдан холи форматда суҳбатлашиб туради. Улар билан оддий талабалар ошхонасида тамадди қилиб, еган овқатининг пулини ёнидан тўлайди. Бундай ишлари билан у кўпмиллионли талабалар ва камбағаллар қатлами орасида обрў қозонган.

Си Жинпинг бир пайтлар меҳнат лагерида яшаган Шенси провинциясида жойлашган Лянцзяхе қишлоғидаги ғорни ҳар йили миллионлаб хитойликлар бориб кўради. У ерда оддий хитойликларга мамлакат раҳбари оғир шароитда қандай яшагани кўрсатилади.

Фото: BBC

Кучли тарғибот туфайли, ҳатто хорижий давлатда юрган хитойликлар ҳам ўз давлатини, мамлакат раҳбарини ёки Хитой коммунистик партиясини танқид қилавермайди. Аксинча, мабодо хорижда юрган хитойликларга кимдир сиёсий мавзуда савол берса улар жуда хушмуомалалик билан ўзларини жавоб беришдан олиб қочишади.

Шахсан Си Жинпингнинг ўзи ҳам бир неча бор мамлакат аҳолиси билан бирга хорижда юрган хитойликларга «Хитой ҳақида фақат яхши гапларни гапиринг» деб айтган. Бундан ташқари, мамлакат ташқи ишлар вазирлиги хорижда таҳсил оладиган талабаларга Хитойга қарши билдирилаётган гапларга доим қарши туриш кераклигини уқтириб келади.

Дунёдаги энг кучли давлат бўлишга даъвогарлик

XX асрнинг иккинчи ярмида дунёда энг кучли давлат АҚШ бўлган. Иккинчи ўринга гарчи иқтисодий даражаси паст бўлса-да, космосни ўзлаштириш ва кучли қурол-яроғлар билан совет иттифоқи даъвогарлик қилган.

1991 йилда СССР тарқаб кетгач, Россия ўзи билан ўзи бўлиб қолди ва мавқейини 1990-йиллардан кейин тез суръатларда ривожлана бошлаган Хитойга бўшатиб бера бошлади.

Бугун Хитой нафақат иқтисодий кўрсаткичлар бўйича, балки ҳарбий мақсадлар учун маблағ сарфлаш бўйича ҳам АҚШдан кейин иккинчи ўринни эгаллаб турибди.

Фото: adobe.com

Яқин йилларда Чин юрти АҚШни қувиб ўтиб, дунёдаги энг қудратли давлат бўлиши айтилмоқда. Зеро Хитойнинг турли соҳалардаги кўрсаткичлари шуни кўрсатмоқда.

Мамлакат бундай даражага чиқишида Си Жинпингнинг ҳам хизматлари катта. Масалан, у Хитой раҳбари бўлган 2012 йилда бу ЯИМ ҳажми 8 триллион 226 миллиард 885 миллион долларни ташкил этган. Си Жинпинг бошқарувида ўтган 10 йилда мамлакат ЯИМ ҳажми каррасига ошган ва 2021 йилга келиб 16,94 триллион долларни ташкил этган.

Шунингдек, мамлакат ҳарбий мақсадлар учун харажатларни ҳам оширган. 2012 йилда Хитой ҳарбий мақсадлар учун 100 миллиард доллар сарфлаган бўлса, 2021 йилда 293 миллиард сарфланган.

2012 йилда Хитойда аҳоли жон бошига даромад 6 091 доллар бўлган. 2021 йилда бу кўрсаткич 17,6 минг долларни ташкил этган.

Бугун Хитой дунёнинг жуда кўплаб давлатларига жуда катта миқдорда инвестициялар киритмоқда. Айниқса, сўнгги йилларда Африка давлатларига киритилаётган инвестициялар миқдори кескин ошди. Бу ҳудудларда ўтказилаётган халқаро тендерларнинг аксариятини арзон нарх таклиф этаётган Хитой компаниялари ютиб олмоқда.

АҚШ билан савдо уруши

Гарчи АҚШ билан Хитой ўзаро ғоявий душман ҳисобланса ҳам, бу икки давлат яқин иқтисодий алоқаларга эга ҳисобланади. Сўнгги 10-12 йилда ҳар икки давлат ўртасидаги савдо ҳажми йилига 400-500 миллиард доллардан 750 миллиард долларгача ошди. Жумладан, 2021 йилда эса 755 миллиард долларни ташкил этган.

Ўртача ҳисоблаганда ҳар икки давлат ўртасидаги умумий савдо ҳажмининг 80-85 фоизи Хитой экспортига тўғри келган ва бу Чин юрти учун манфаатли бўлган.

Ана шундай ҳолатда 2016 йилда Доналд Трампнинг президент этиб сайланиши  АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо алоқаларига рахна сола бошлади.

Фото: stock.adobe.com

Трамп ҳали сайлов компанияси олиб бораётган пайтидаёқ Хитой раҳбарияти олиб бораётган сиёсатни танқид қилганди. 2018 йил 23 январ куни у Хитойдан келадиган айрим маҳсулотларга 30 фоизлик бож жорий қилади. Кейинчалик рўйхат катталашиб бораверади. Ана шундай ҳолатда Си Жинпинг ҳам қараб турмади ва АҚШдан Хитойга келтириладиган маҳсулотлар учун божни оширади. Оқибатда, ҳар икки давлат ўртасидаги савдо уруши юзага келади ва савдо ҳажми салмоқли миқдорда камаяди.

2021 январда Трамп президентлик курсинини бўшатиб қўйгандан сўнг ҳар икки давлат ўртасидаги савдо уруши тингандай бўлиб турибди. Аммо келажакда АҚШ ва Хитой манфаатлари дунёнинг турли бурчакларида тўқнашар экан, савдо урушлари такрорланмаслигига кафолат йўқ.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид