11:48 / 13.09.2022
7357

“Техник кўриклар фақат кўз билан ўтказилган” – Сенатда портлаётган газ баллонлар муаммоси кўтарилди

Сенатнинг 32-ялпи мажлисида портлаётган газ баллонлар муаммоси кўтарилди. Маълум қилинишича, 70та газ қуйиш шохобчалари фаолияти тўхтатилиб, юзлаб чора кўрилганига қарамай, газ баллонлари портлашлари кузатилмоқда. “Амалда Вазирлар Маҳкамасининг юк машиналари ва автобусларга ўрнатилаётган газ баллонларини техник кўрикдан ўтказиш лабораторияларини харид қилишга оид қарори бажарилмаяпти”, – деди сенатор Қутбиддин Бурҳонов.

Фото: Олий Мажлис Сенати

13 сентябр куни Сенатнинг 32-ялпи мажлисида портлаётган газ баллонлари муаммоси кўтарилди. Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳоновга кўра, Сенат томонидан ушбу масала юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови ва ундан кейин юзлаб камчиликлар бартараф этилганига қарамай, автобусларга ўрнатилган газ баллонлари портлашлари кузатилмоқда.

“Сенатнинг олдинги ялпи мажлисларида халқимизни қийнаётган муаммолардан бири – автомобилларга ўрнатилган газ баллонлари билан боғлиқ масала кўтарилиб, Сенат томонидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юборилганди. Июн ойида кўрсатилган 1300дан ортиқ камчиликлардан 815 таси бартараф этилгани, 70 та газ шохобчаларининг фаолияти вақтинча тўхтатилгани тўғрисида ҳисобот берилганди. Шунга қарамасдан, шу йил ёзида Сирдарё вилоятида Хоразм вилоятидаги «Питак-Сармишсой» МЧЖга қарашли автобус аҳолини олиб кетаётганда газ баллони портлади ва натижада 6 нафар фуқаро воқеа жойида ҳаётдан кўз юмди ва 9 нафари шифохонанинг жонлантириш бўлимига жойлаштирилди”, – деди сенатор.

Унинг таъкидлашича, бу Вазирлар Маҳкамаси қароридаги вазифа, яъни юк машиналари ва автобусларга ўрнатилаётган газ баллонларни техник кўрикдан ўтказиш лабораторияларини харид қилиб олиш вазифаси бажарилмаётганини кўрсатмоқда.

“Шу кунгача техник кўриклар фақат кўз билан назорат қилинган. Шунинг учун қилинаётган ишларга қўшимча равишда техник кўрикдан ўтказиш лабораторияларини харид қилиш, автобусларни техник кўрикдан ўтказиш ва газ баллонлари ўрнатилганига беш йилдан кўп муддат бўлганларга фойдаланишни вақтинча тўхтатиш ёки фойдаланишдан чиқариш масаласини ўрганишни айтамиз. Портлашлар август ойида ҳам Қашқадарё вилоятида Nexia ва Жиззах вилоятида “Жигули” газ баллонлари портлади. Масала ўрганилганда, асосан, газ тўлдириш шохобчаларида белгиланган миқдордан кўпроқ газ қуйилаётгани аниқланди. Газ тўлдириш шохобчалари ходимлари белгиланган миқдордан кўп тўлдираётганда маълум муддатга лицензиясидан маҳрум қилиш масаласи борасида Вазирлар Маҳкамаси томонидан чора кўрилса яхши бўларди”, – деди сенатор.

У бу вазифага бир нечта ташкилот масъуллиги, шунинг учун ҳам ҳукумат томонидан кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўриш, газ баллонлари борасида муносабатларни тартибга солувчи битта масъул ташкилотни белгилашни таклиф қилди.

Top