15:46 / 14.09.2022
14173

30-40талаб объектни ютаётган пудратчилар, қоғоздаги иш ўринлари ва постфактум-кенгашлар — Сенатдаги танқидлар

Сенатнинг 32-ялпи мажлиси танқидий руҳда ўтди. Kun.uz мажлиснинг энг жонли қисмларини ҳавола қилади.

13 сентябрда Сенатнинг 32-ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Мажлис танқидий ва бироз асабий руҳда ўтди.

Муҳокамалар давомида Сенат раиси Танзила Норбоева вазирлик идораларнинг шунчаки ахборот ёки ҳисоботлар эмас, сенаторлар томонидан берилаётган саволларга аниқ жавоб беришни сўради.

Ялпи мажлисда портлаётган газ баллонлари муаммоси яна кўтарилди. Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов газ баллонлари ўрнатилган автомобиллар “кўз билан” техник кўрикдан ўтказилганини айтди.

“Сенатнинг олдинги ялпи мажлисларида халқимизни қийнаётган муаммолардан бири – автомобилларга ўрнатилган газ баллонлари билан боғлиқ масала кўтарилиб, Сенат томонидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юборилганди. Июн ойида кўрсатилган 1300дан ортиқ камчиликлардан 815 таси бартараф этилгани, 70 та газ шохобчаларининг фаолияти вақтинча тўхтатилгани тўғрисида ҳисобот берилганди. Шунга қарамасдан, шу йил ёзида Сирдарё вилоятида Хоразм вилоятидаги “Питак-Сармишсой” МЧЖга қарашли автобус аҳолини олиб кетаётганда газ баллони портлади ва натижада 6 нафар фуқаро воқеа жойида ҳаётдан кўз юмди ва 9 нафари шифохонанинг жонлантириш бўлимига жойлаштирилди”, – деди сенатор.

Унинг айтишича, бу – Вазирлар Маҳкамаси қароридаги вазифа, яъни юк машиналари ва автобусларга ўрнатилаётган газ баллонларни техник кўрикдан ўтказиш лабораторияларини харид қилиб олиш вазифаси бажарилмаётганини кўрсатмоқда.

Ялпи мажлис давомида Танзила Норбоева ҳудудларда қурилиш компаниялари бир вақтнинг ўзида 10-20 талаб қурилиш лойиҳаларини ютиб олаётгани, бу эса сифатни тушираётганини айтди.

“Шаффоф тендер тизими қарор билан белгиланган, тўғрими? Мисол учун, битта объектни ютган қурилиш ташкилоти қурилишини тугатмасдан бошқа объектни ҳам ютиб олади. Ўн бешталаб объектни ютиб олган ташкилотларни биламиз-да. Биринчидан, бу сифатсиз қурилишга олиб келяпти. Иккинчидан, мана шунақанги иш ўринларида ҳам ҳар хил муаммолар келиб чиқяпти. Шунинг учун шаффоф тендер йўналишида ишларни қайта кўриб чиқиш зарурати туғилмадими?

Қандай қилиб битта фирма ўн бештадан, йигирматадан объектни ютиб олиши мумкин? Қанақа қилиб ишини якунламасдан, топширмасдан, одамларни рози қилмасдан яна бошқа объектни ютиб олаверади? Қанақа қилиб? Қанақа ёндашув?” – деди Сенат раиси қурилиш вазири ўринбосари Шукрулло Жаҳонгировга.

Вазир ўринбосари бу каби ҳолатлар жуда кўплаб кузатилаётганини тасдиқлади.

“Ҳаттоки 30 талаб қурилиш объектларини олган пудратчиларимиз бор. Бу бўйича ҳозирги кунда алоҳида қарор лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. “–5” тизими ҳақида қурувчиларимиз яхши билишади. Ҳар бир олинган объект учун қурувчи компаниянинг рейтингидан минус беш балл олинади. Натижада 30-40 талаб объектларни оладиган пудратчи ташкилотлар 5 ёки максимум 10 та объектни олиш имкониятига эга бўлади. Баллар қисқариши натижасида рейтинги борган сари пастга тушиб кетади ва катта объектларни ола олишмайди. Лойиҳа ҳозирги кунда муҳокамадан ўтди ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритилган”, – деди Жаҳонгиров.

Шунингдек, Норбоева бўш иш ўринлари сонини ошириб кўрсатиш, фаолияти тугатилган тадбиркорлик субъектларидаги иш ўринларини ҳам қўшган ҳолда маълумотларни кўпиртириб кўрсатишга барҳам бериш кераклигини айтди.

“Минглаб иш ўринлари яратдик, деб ҳар бир тизим, ҳар бир ҳокимлик ҳисобот беради. Олдинлари бир миллион иш ўрни яратилди, деган ҳисоботлар кетарди. Лекин амалда ярми ҳам яратилмасди. Чунки ҳар бир иш ўрнини яратиш қанча маблағ талаб этишини, қанча технология олиб келиниши кераклигини биламиз. Лекин шу ишлар қилинмасдан ҳисоботда чиройли рақамлар кетарди. Натижада аҳоли сарсон, иш излаб четга кетади…

Бу масалага ҳозир бошқача ёндашиляпти. Ҳаққонийлик нуқтайи назаридан сенаторлар, депутатлар бу масалани ўрганишни бошлади. Иш ўринлари сонидаги тафовутлар бор, бир тизимда яратилаётган иш ўринлари борасида ҳисобот 3 та вазирликдан кетяпти. Биринчи навбатда, тафовутларни йўқ қилиш лозим: тадбиркорлик фаолиятини тўхтатганлар яратган иш ўринлари ҳам яратилган иш ўринлари сифатида ҳисоботда кетяпти”, – деди у.

Айниқса, Тошкент ва Сирдарё вилоятларида маҳаллий кенгашлар қарорисиз ҳокимликларнинг тегишли фармойишлари билан маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбаларидан миллиардлаб маблағлар тартибга зид тарзда сарфлангани танқид қилинди.

“Амалиётда Бюджет кодексини бузиш ҳолатлари кузатиляпти. Сирдарё вилоятида 2 млрд сўм маблағ қўшимча манбалар ҳисобидан молиялаштирилиши назарда тутилмаган ташкилотларга юборилган. Вилоят солиқ органининг маъмурий биноларини таъмирлаш ва уларни алтернатив энергия манбайи билан таъминлаш учун 2 млрд сўм, Гулистон шаҳар жиноят ишлари бўйича суд биноси 49,2 млн сўм, Гулистон шаҳар ИИБ моддий техник базасини мустаҳкамлаш учун 41 млн сўм, Сирдарё вилояти қўриқлаш бошқармаси шахсий таркиб ходимларининг иш ҳақи учун 30 млн сўм ажратилган.

Ёки халқ депутатлари кенгаши қарорисиз Тошкент вилоятида ҳокимликларнинг тегишли фармойишлари билан маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан 33,5 млрд сўм турли тадбирларга сарфлаб бўлингач, кейинчалик кенгаш қарорлари қабул қилинган. Сирдарё ва Тошкент вилояти ҳокимликлари мутасаддиларидан изоҳ сўраймиз. Бюджет кодекси унда нимага керак, агар маҳаллий кенгашлар унга риоя қилмаса?” – деди Сенат раиси.

Мадина Очилова,
Жавоҳир Ғайратов,
Kun.uz

Top