13:25 / 16.09.2022
4315

Шавкат Мирзиёев келгуси йилни ШҲТда туризмни ривожлантириш йили деб эълон қилишни таклиф этди

Шанҳай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлат раҳбарлари кенгаши тор доирадаги учрашувидан сўнг кенгайтирилган тартибдаги мажлис бошланди. Унда президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзламоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент маданий-гуманитар алоқалар анъанавий равишда ҳамкорлик мустаҳкам асоси эканини таъкидлади. Халқлар ўртасидаги мустаҳкам дўстлик ва бир-бирини ўзаро тўғри тушуниш ШҲТ минтақасидаги тинчлик ва кенг қамровли шериклик гаровидир.

Билдирилишича, бугун қабул қилинаётган узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани амалга ошириш бўйича комплекс режа шу мақсадларга қаратилган. 

ШҲТ доирасида университет ректорлари форуми, маданият ва туризм кунлари, қўшма спорт тадбирлари ва универсиадалар сингари қўшимча форматларни таъсис этиш зарурлиги қайд этилди. Маданиятлараро мулоқот рақамли платформаларини ишга тушириш таклиф этилди.

Ўзаро туристик оқимларни кўпайтириш, сайёҳлик соҳасида қўшма дастурлар ва лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди. Ушбу устувор йўналишдаги ҳамкорликни фаоллаштириш учун давлат раҳбари келгуси йилни ШҲТ маконида туризмни ривожлантириш йили, деб эълон қилишни таклиф этди.

Мавзу
Самарқандда ШҲТ саммити
15–16 сентябр кунлари Самарқанд шаҳрида Шанҳай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммити ташкиллаштирилади.
Барчаси
Top