Жаҳон | 20:32 / 06.11.2023
8391
2 дақиқада ўқилади

Эрон ШҲТ давлатларини ўзаро ҳужум қилмаслик тўғрисида пакт имзолашга чақирди

Ҳамкорликда хавфсизлик ва мустаҳкам тинчликни биринчи навбатда ШҲТ аъзолари ўртасида амалга ошириш таклиф этилди. 

Фото: Getty Images

Эрон олий раҳбари Али Хоманаий маслаҳатчиси генерал Раҳим Сафавий Хитойга ташрифи чоғида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар ўзаро «ҳужум қилмаслик тўғрисида» пакт имзолаши кераклигини айтди. Бу ҳақда Fars News агентлигига таяниб ТАСС хабар берди. 

«Мен ҳамкорликда хавфсизлик ва мустаҳкам тинчликни биринчи навбатда ШҲТ аъзолари ўртасида амалга оширишни таклиф қиламан, бу ҳаракат намунаси ШҲТ аъзолари ўртасида ўзаро ҳужум қилмаслик тўғрисида пакт имзолаш билан бўлади», деди у. 

ШҲТ минтақавий халқаро бирлашма бўлиб, унга тўққиз давлат: Россия, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Покистон, Тожикистон ва Ўзбекистон киради. 

Хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик доирасида ШҲТ аъзолари мунтазам равишда қўшма аксилтеррор машғулотларини ўтказиб туради, улардан энг йириги - «Тинчлик миссияси» 2003 йилдан бери ўтказилмоқда. 

Эрон 2023 йил 4 июлда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг тўққизинчи аъзосига айланди.

Мавзуга оид