16:28 / 21.09.2022
7697

Шавкат Мирзиёев кимё заводларидаги давлат улушини хусусийлаштиришга кўрсатма берди

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 21 сентябр куни кимё саноатида эришилган асосий кўрсаткичлар ва режалаштирилган лойиҳалар тақдимоти билан танишди.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона, Навоий ва Тошкент вилоятларидаги йирик корхоналар негизида 4 та кимё кластери ташкил этилмоқда. Улар хомашёдан тайёр маҳсулотгача ишлаб чиқарадиган бўлади. Ҳозирда 1,8 миллиард долларлик 14 та лойиҳа амалга оширилмоқда ва 5,6 миллиард долларлик яна 29 та лойиҳа режалаштирилган.

Президент ушбу кластерлар фаолиятини самарали йўлга қўйиш учун лойиҳа офиси тузиш, бўш турган майдонларни лотларга ажратиб, хусусий инвесторларни жалб этиш кераклигини айтди.

Кимё заводларида илғор тажриба ва замонавий технологияларни жорий этиш, улардаги давлат улушини хусусийлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Дунёдаги ҳозирги мураккаб вазиятда қишлоқ хўжалигини минерал ўғит билан узлуксиз таъминлаш муҳимлиги таъкидланди.

Бозорда ҳамиша талаб бўлган яна бир йўналиш – маиший кимё воситалари. Бу талаб катта қисми импорт ҳисобидан қопланмоқда. Маҳаллий маҳсулотлар ўрнини ошириш йўналишида хусусий секторга кенг ўрин бериб, хомашё билан таъминлаш, халқаро брендларни олиб келиш вазифаси қўйилди.

Top