Ўзбекистон | 18:31 / 25.12.2023
9116
2 дақиқада ўқилади

2024 йилда электротехника, кимё ва фармацевтикада 12 миллиард долларлик 24 та лойиҳа бошланади 

Президент раислигида саноат тармоқларидаги лойиҳалар ва режалар кўриб чиқилди. 

Президент Шавкат Мирзиёев 25 декабр куни ҳудудларда электротехника, кимё ва фармацевтика тармоқларини ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. 

Йиғилишда саноатдаги таркибий ўзгаришлар ва шароитлар натижаси ҳақида маълумот берилди. Шу билан бирга, бу тармоқларда фойдаланилмаган имкониятлар ҳали кўплиги қайд этилди. Жумладан, ички бозорни маҳаллий маҳсулотлар билан тўлдириш электротехникада 50 фоизга, кимё саноатида 40 фоизга, фармацевтикада 18 фоизга ҳам етмаслиги таъкидланди. 

Ҳудудларда ташкил қилинган зоналардан ҳамда саноат кооперацияси имкониятларидан етарлича фойдаланилмаётгани, 116 та корхонада 85 миллион долларлик саноат ускунаси ишга тушмасдан тургани, 727 та корхона тўлиқ қувватда ишламаётгани айтилди. 

Йиғилишда шу каби камчиликлар танқидий таҳлил қилиниб, долзарб вазифалар белгиланди. 

«Ҳокимликлар саноат тармоқлари билан узвий боғлиқликда ишлаб, ҳудудларда иқтисодиётни диверсификация қилиши, лойиҳаларни кўпайтириши зарур. Шундагина жойларда иқтисодий ўсиш, иш ўрни, бюджетга тушум бўлади», деди Шавкат Мирзиёев. 

Келгуси йилда мазкур 3 тармоқда 12 миллиард 700 миллион долларлик 24 та йирик лойиҳа бошланиши қайд этилди. «Навоийазот»да поливинилхлорид ва Қўнғиротда калцийланган сода қувватларини кенгайтириш, Қоракўлда метанолдан олефин олиш, Самарқандда маиший техника ва автомобиллар учун металл листлар ишлаб чиқариш лойиҳалари шулар жумласидан. 

Давлат раҳбари бу лойиҳаларга керак бўладиган қурилиш материаллари ва асбоб-ускуналарни етказиб беришга маҳаллий корхоналарни жалб этиш муҳимлигини таъкидлади. 

Қайд қилинишича, тармоқ ва ҳудудлар биргаликда ишлаб, электротехникада 2,1 миллиард долларлик 190 та, кимё саноатида 3,8 миллиард долларлик 139 та, фармацевтикада 1,5 миллиард долларлик 110 та ўрта ва кичик лойиҳаларни шакллантирган. Йиғилишда президент уларнинг қуввати, яратилажак маҳсулотлар тури ва иш ўрнига эътибор қаратиб, лойиҳаларни жадаллаштириш ва самарадорлигини ошириш бўйича кўрсатмалар берди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид