Жамият | 12:06 / 20.02.2024
14247
7 дақиқада ўқилади

“Хорижда грант асосида ўқиш имкониятлари кўпчилик ўйлаганидан кўпроқ” — Ню-Йоркдаги ўзбек докторант

Замонавий дунёнинг ҳозирги қулайликларини яратишда кимё муҳандисларининг ўрни жуда катта, дейди АҚШда докторантурада таҳсил олаётган Сарвар Толипов. Тадқиқотчи қуёш энергиясидан биоёқилғи олиш устида ишлаяпти. Унинг айтишича, узоқ истиқболда электромобиллар учун литий батареялари муаммоси пайдо бўлиши мумкин.

Сарвар Толипов Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида туғилган. Бакалавриат ва магистратурани Россиянинг Қозон федерал университетида ўқиган. Ҳозирда АҚШдаги City college of New York'да докторантурада кимё муҳандислиги йўналишида таҳсил олади.

Қаҳрамонимиз Kun.uz'га берган интервюсида ўқиш учун қандай қилиб океанортига боргани, қуёш энергиясидан биоёқилғи олиш устида ишлаётгани, хорижда тадқиқотчилар учун яратилган шароитлар ва ўқишга топшириш жараёнлари ҳақида гапириб берди.

Нефтчи муҳандислар кўп пул топишаркан деб шу соҳага қизиққанман”

— 2014 йилда Қозон федерал университетида ўқишни бошлаганман. “Пятница” каналида “Орёл и решка” деган саёҳатлар ҳақидаги бир кўрсатув бўларди, шу кўрсатувнинг бир сонида бошловчи Дубайда 100 доллар билан яшаши керак бўлганида нефт соҳасида инженер бўлиб ишлайдиган одамнинг уйига боради, шунда унинг яхши яшашини кўриб, нефтчи муҳандислар шунчалар кўп пул топишаркан деб шу соҳага қизиқиб қолганман. Қозон, Татаристон тарихан нефтга бой, катта нефт саноати бор ҳудудда жойлашгани, қолаверса, маданияти яқинлиги сабаб Ўзбекистондан бориш осонроқ ўтган. Шунинг учун Қозон университетига кириб, 4 йил нефт муҳандислиги бўйича ўқиганмиз.

Кейин 4 йил давомида илм-фанга қизиқиш ортиб, 2018 йилда шу университетнинг магистратурасида қолишга қарор қилдим. Университет бизга стипендиялар, шароитлар яратиб берди. Ўша вақтнинг ўзида кимё соҳасига, иссиқлик орқали кечадиган реакцияларига қизиқиб, шуни чуқурроқ ўрганиш учун магистратурадан кейин ҳам 2 йил шуғулландим. Шу давр давомида илмий раҳбарларим, ҳамкасбларим билан бирга “Scopus” каби биринчи кварталдаги нашрларда илмий мақолалар чиқардик. Умуман олганда, мана шундай илм ҳаёти, турли катта илмий конференциялар, табиат жумбоқларига ечим топиш жудаям қизиқ бўлгани учун ўқишимни докторантурада давом эттиришга қарор қабул қилганман.

Тадқиқотчилик менинг ҳаётим эканини тушуниб етганман, лекин қаерда нима қилишни билмаганман. Магистратурадан кейин ҳаёт ҳам ўзгарди, жадаллашиб кетгани сабаб табиатга зарарсиз, унга фойдали энергия услубларини ўрганишга қизиқиш уйғонди. Шундай қилиб, ҳозир Ню-Йоркда электроорганик реакциялар ҳақида илмий ишлар, тадқиқотлар олиб боряпман, қуёш энергиясидан фойдаланиб, бизга керакли бўлган биоёқилғини қандай қилиб арзон нархда олиш устида ишлаяпман. Тадқиқотим охирига етиб қолай деди, кейинчалик яна бошқа ечимларни ҳам топишга ҳаракат қиламиз.

Кимё муҳандислари ким?

— АҚШга келмасимдан олдин кимё муҳандислиги касби борлигини билмас эдим. Агар эътибор берган бўлсангиз, постсовет мамлакатларида ё кимё, ё технология, ё инженерлик соҳаси вакиллари дейишади. Лекин кимё муҳандислиги касби борлиги – қандайдир тушунарсиз ҳолат. Америкага борганимдан кейин шу саволни ўзимга кўп берганман. Кейин ўрганганимда билдимки, 20-аср бошларида АҚШда кимё саноати ривожланиши билан одатий механик муҳандисликдан ажралиб, кимё муҳандислиги пайдо бўлган. Физик ва кимёвий реакциялар, математикани яхши тушунган муҳандисларни кимё муҳандислари деб атай бошлашган. Агар эътибор берган бўлсангиз, дунёнинг ғарб томонида барча кимёвий заводлар, кимё жараёнлари билан шуғулланадиган барча муҳандисларни кимё муҳандислари дейишади, шарқ томонда эса бундай дейишмайди. Лекин ҳозирги кунда шунга ихтисослашган олий таълим муассасалари очиляпти, ўйлайманки, яқин йилларда биз томонларда ҳам бу соҳа янгилик бўлмай қолади.

Марказий Осиёда нефтни, газни қайта ишлаш заводлари бор, буларнинг ҳаммасида кимё муҳандислари ишлайди. Биз Ўзбекистонда уларни кимё муҳандислари деб атамасак ҳам, лекин айнан улар кимё муҳандислари ҳисобланади. Барча электротехника қурилмалари кимё муҳандислари туфайли бор десак ҳам бўлади.

Қуёш энергиясидан биоёқилғи олиш

— Бу лойиҳани бошлаганимда аввал углерод гази устида ишламоқчи бўлганман. Чунки атмосферада кўпайиб кетяпти, иқлим ўзгаряпти. Шунга қарши курашиш мақсадида углерод гази бўйича илмий иш бошлаганимдан кейин ўйлаб қолдим: дунёда газ ёки бензинда ишлайдиган автомобиллар кўп. Мана шу автомобилларни биз электромобиллар билан ўзгартирмоқчимиз. Лекин электромобил батареяси учун литий ион керак, автомобиллар ўрнини босиш учун бу материалдан бениҳоя фойдаланиб бўлмайди. Биз электромобилларни қуришга қурдик, лекин кейинчалик уларни чиқитга чиқара олмаймиз. Мана шу жараёнда табиатга зарарсиз бўлган ёқилғи ишлаб чиқиш масаласи қизиқ бўлди. Ҳозирда шу илмий иш устида ишлаяпман.

Менинг тадқиқотим жуда ҳам фундаментал. Мен молекулалар даражасида тадқиқот қиламан. Битта молекуланинг иккинчисигача бориши учун ўртада қандай жараён кечади, мана шу жараёнгача таҳлил қилиб чиқаман. Дарвоқе, айтиб ўтсам бўлади. Биомасса лабораториямизда НАСА учун батареялар яратадиган бошқа гуруҳ ҳам бор. Улар ракетанинг космосга чиқиб, ўчиб қолмаслиги учун ёқилғи ишлаб чиқяпти. Улар ҳам бизга ўхшаб молекулалар даражасида ишлашади. Менимча, олимлар ишларни энг фундаментал даражада тушуниб етсалар, кейинчалик уни кенгайтириб, катталаштиришимиз мумкин. Ўша реакция фақат каттароқ масштабда бўлади.

АҚШда докторантура кенг молиялаштирилади”

— Жуда ҳам бой оиладан эмасман, ўқишимни, тадқиқотларимни олиб боришим учун молиявий муҳтожман. Илмий иш давомида жуда қиммат кимёвий моддалар, реагентлар, лаборатория қурилмаларидан фойдаланиш керак бўлади. Бахтимга Америкада докторантура соҳасини молиялаш жуда ҳам катта. Муҳандислик соҳаси жуда ҳам кенг молиялаштирилади ва Америка азалдан иқтидорлиларни “овлаш” бўйича машҳур давлат. Бу давлатга келгиси келган инсонларнинг ҳиссиётларидан унумли фойдаланишади. “Қара, бизнинг давлатимиз қанчалик чиройли, сен бепул ўқий оласан, сенга иш таклиф қиламиз”, деб олиб ҳам қолишлари кенг тарқалган.

  • Тўлиқ суҳбатни юқоридаги видеода томоша қилишингиз мумкин.

Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.

Мавзуга оид