10:55 / 22.09.2022
3994

Ўзбекистонда аёллар эркакларга нисбатан юқорироқ балл тўплаган ҳолда талабаликка тавсия этилди

Талабаликка тавсия этилган абитуриентлар 46 фоиздан ортиғини аёллар ташкил қилди.

Фото: Kun.uz

Жорий йилда олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга кириш учун 1 146 744 нафар абитуриент онлайн рўйхатдан ўтди.

Давлат тест маркази хабарига кўра, бунда эркаклар — 542 858 нафар (47,34 фоиз)ни, аёллар — 603 886 нафар (52,66 фоиз)ни ташкил этди. Тест синови натижаларига кўра 190 375 нафар абитуриент талабаликка тавсия этилган бўлиб, улар 102 441 нафари (53,8 фоиз) — эркаклар, 87 934 нафари (46,2 фоиз) — аёллар ҳиссасига тўғри келади.

Абитуриентлар тест синовида тўплаган балларига эътибор қаратилса, аёллар эркакларга нисбатан юқорироқ балл тўплаган ҳолда талабаликка тавсия этилганини кўриш мумкин. Талабаликка тавсия этилган абитуриентлар ўртача ўтиш балли давлат гранти асосида эркакларда — 114,98 баллни, аёлларда — 127,21 баллни, тўлов-контракт асосида эркакларда — 90,92 баллни, аёлларда — 101,94 баллни ташкил этган.

Эркаклар ва аёлларда ўртача ўтиш баллари бундай фарқ қилиши улар рўйхатдан ўтишда танлаган таълим йўналишлари ва улардаги ўтиш баллари билан боғлиқ. Таълим соҳалари бўйича фоиз ҳисобида олинганда «Тиллар» (85,11 фоиз) ва «Таълим» (74,49 фоиз) соҳаларига аёллар, «Транспорт хизматлари» (94,53 фоиз) ҳамда «Архитектура ва қурилиш» (87,1 фоиз) соҳаларига эркаклар кўпроқ талабаликка тавсия этилган.

Top