20:55 / 24.09.2022
45698

«Россия молиявий томондан қодир эмас». Шарқда Путиннинг сафарбарлик қарори қандай кутиб олинди? 

Россия президенти Владимир Путиннинг сафарбарлик ҳақидаги қарори Украинани қўллаб-қувватлаётган Ғарб давлатлари томонидан кескин қораланган эди. Аммо Кремль хўжайинининг юз минглаб одамларни армияга жалб қилиш нияти, Украина ҳудудларига эгалик қилиш даъвоси ва ядровий таҳдидлари Шарқда ҳам танқидларга учради. Ваҳоланки, Москва Ғарб давлатларига мутаносиб «кўп қутбли дунёни» яратишда Шарқнинг қўллаб-қувватлашини кутган эди. 

Фото: EPA

Яқинда Самарқандда бўлиб ўтган Шанҳай Ҳамкорлик Ташкилоти саммитида экспертлар Россиянинг Шарқ давлатлари билан муносабатларидаги ўзгаришларни қайд этишди. Масалан, Путин Хитойнинг Украинадаги уруш билан боғлиқ «саволлари» борлигини тан олди. Ҳиндистон етакчиси Нарендра Моди эса Россия президентига «ҳозир урушлар даври эмас», деб очиқчасига айтди. Шунингдек, ШҲТ саммитини ёритган журналистлар Путин музокаралардан олдин бошқа давлат раҳбарларини кутиб қолганини қайд этишди, ваҳоланки, аввал у ҳаммани куттирар эди. 

Шарқнинг йирик давлатлари, жумладан, минтақадаги энг йирик давлатлар – Хитой ва Ҳиндистон оммавий ахборот воситалари Россиядаги сўнгги воқеалар ҳақида нималарни ёзмоқда? 

Ҳиндистон ТВ каналлари уруш эскалацияси ҳақида гапирмоқда 

Россия қуролларининг энг йирик харидори ва Москванинг жаҳон миқёсидаги анъанавий иттифоқчиси бўлган Ҳиндистон матбуоти сафарбарлик ҳақидаги янгиликларга катта эътибор қаратди. 

Ҳиндистоннинг етакчи телеканалларидан бири Republic TV муҳаррири эфирда «Путин экстремал қуроллардан фойдаланишни истисно қилмаслиги»ни айтди ва Россияни «урушни кескинлаштиришга уриниш»да айблади. 

Яна бир машҳур WION TV бошловчиси Модининг Россия президентига айтган сўзларини эслади ва шундай қўшимча қилди: «Афтидан, Путин урушни осонликча якунламайди, у ғалабадан бошқасига рози эмас». 

NDTV 24x7 ахборот канали эксперти Путиннинг баёнотини «таққослама эскалация» деб баҳолади ва Кремль ўз ҳарбий мақсадларига эришиш учун қонуний сабабларни топишга уринаётганини айтди. 

«Уруш Россия учун жиддийлашмоқда, чунки жорий этилган санкциялар фонида унинг позицияси заифлашмоқда», - деди машҳур Zee News канали таҳлилчиси. 

Хитойда Путин очиқдан очиқ танқид қилинмади, аммо «Россия бунга молиявий томондан қодир эмас»лиги айтилмоқда 

Хитой давлат матбуотининг Путин таҳдидлари ва сафарбарлик ҳақидаги мақолалари (қўшниларга нисбатан) камроқ танқидий руҳда бўлди. Улар Кремлнинг «қисман сафарбарлик» режалари ҳақида гапириб, ядро қуролидан фойдаланиш таҳдидларига унчалик аҳамият бермади. 

Фото: EPA

Бундай йўналиш Пекиннинг расмий сиёсатига тўлиқ мос келади, у асосан Москванинг дунё тузуми ҳақидаги қарашларини қўллаб-қувватлайди ва Украинадаги ҳаракатларини Ғарб билан қарама-қаршилик контекстида кўради. 

Бироқ Хитойнинг бу позицияси оғзаки қўллаб-қувватлашдан нарига ўтгани йўқ. ШҲТ саммити хабарларига қараганда, Путин Хитой раҳбарининг «Сила Сибири 2» газ қувурини қуриш учун шартнома имзолашига эриша олмаган. Бу қувур Россия газини Европага етказиб бериладиган ва тобора қисқариб бораётган ҳажмини қоплаш учун мўлжалланган эди. 

CCTV давлат канали Кремлнинг сўнгги қарорлари ҳақида хабар бераркан, Путиннинг Ғарб давлатларини айблашига урғу берди. Жумладан, Россия президенти Ғарбни «Россияни заифлаштириш ва йўқ қилишга, Москва ва Киев ўртасида тинчлик ўрнатишга қаратилган саъй-ҳаракатларга путур етказишга уринаётганликда» айблаган эди. 

Хитой оммавий ахборот воситалари Путиннинг ядро тўқмоғи билан таҳдид солишига умуман эътибор бермади. Бироқ Global Times таблоиди «Спутник» Россия давлат ахборот агентлигига таянган ҳолда, Путиннинг Ғарбни «ядровий шантаж»да айблашига эътибор қаратди. Жумладан, унинг «Мамлакатимиз ҳудудий яхлитлиги таҳдид остида қолса, биз, албатта, Россия ва халқимизни ҳимоя қилиш учун қўлимиздаги барча воситаларни ишга соламиз. Бу блеф эмас», деган сўзларини келтирди нашр. 

«Пандора қутиси» 

Бироқ ҳатто Хитой оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларида ҳам Путин қарорларининг танқидини топиш мумкин. 

Масалан, CCTV телеканали Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михайло Подолякнинг «Сафарбарликнинг жорий этилиши Россия томонидан жанг майдонидаги йўқотишлар кўламини тан олишини англатиши» ҳақидаги сўзларини келтирди. 

Фото: EPA

Global Times сайтидаги Buyidao блогида Россиянинг «ҳарбий ва дипломатик босимга учраётгани ва бу тобора ошиб бораётгани» ёзилди. Шунингдек, Моди айтган ҳозир урушлар даври эмаслиги ҳақидаги сўзлар келтирилди.

The Paper давлат нашри юз минглаб оддий россияликларнинг урушга жалб этилишида «катта сиёсий хавф»ни кўрди. «Россия жамияти буни истамаслиги аниқ, Россия ҳукумати эса бунга молиявий томондан қодир эмас», деб ҳисобламоқда нашр. 

Хитойнинг Phoenix TV телеканали шарҳловчиси Чжен Хао сўзларига кўра, Россия томонидан босиб олинган ҳудудларда ўтказилган «референдумлар» ноқонуний ҳисобланади ва халқаро ҳамжамият уларни тан олмайди. 

Путиннинг қарорлари одатда қаттиқ цензура қилинадиган Хитой ижтимоий тармоқларида ҳам танқид қилиняпти. 

«Россия ва Украина ўртасидаги зиддият қачонгача давом этади?» деб сўрайди Sina Weibo платформаси фойдаланувчиларидан бири. «Бу саволдан мақсад инфляцияга дош бера оламизми ёки йўқлигини тушуниш, шунингдек, уруш фонд бозорига ҳам тўғридан тўғри таъсир қилмоқда. Беқарорлик керак эмас, ҳамма нарса оқилона чегараларда сақланиши лозим». 

Баъзи шарҳловчилар Россиянинг Украина билан қарама-қаршилиги янги, анча хавфлироқ шаклга айланиб кетиши мумкинлигидан қўрқишади. Global Times газетаси собиқ бош муҳаррири Ху Си Жин Guancha веб-сайтида ёзишича, агар ядровий уруш бошланиб кетса, «Пандора қутиси очилади ва оқибатларини тасаввур қилиб бўлмайди». 

Марказий Осиё: «Мигрантлар Россия учун «тўп еми» 

Марказий Осиёдаги сиёсатшунослар Кремль ҳаракатларини танқид қилишда анча узоққа боришмоқда. 

«Меҳнат мигрантлари – Россия учун жуда қулай восита», деб ёзди ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимов. «Россияда гастарбайтерларнинг ҳаёти ҳеч қандай қийматга эга эмас. Минглаб мигрантлар қурбон бўлса-ю, аммо украиналикларни ўлдирса, Россия хурсанд бўлади». 

Таниқли ўзбек иқтисодчиси Юлий Юсупов бундан ҳам кескинроқ бўлди. «Донбасс кончилари ва тракторчиларидан тўп еми тугади. Энди «оддий россияликлар» қирғинга юбориляпти», деб ёзди у. 

Қирғизистоннинг машҳур Kloop сайтида ҳуқуқшунос Бексултон Осмонов сўзлари келтирилди. Унга кўра, Россия паспортига эга Қирғизистон фуқароларига сафарбарликка дуч келмаслик учун имкон қадар тезроқ ватанига қайтиш маслаҳати берилган. 

Яна бир адвокат Фотима Якупбаева ҳуқуқий оқибатлардан огоҳлантирди. У «қирғиз фуқаросининг чет давлат ҳудудидаги қуролли тўқнашувлар ёки ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиши фуқаролигини йўқотиш учун асос бўлиши мумкин»лиги Қирғизистон қонунларида белгилаб қўйилганини айтди. 

Туркия «мигрантлар омбори» бўлишни хоҳламайди 

Туркиядаги шарҳловчиларнинг қайд қилишича, сафарбарлик ҳақидаги хабарлар эълон қилинганидан сўнг, бу давлатга ва қўшни Арманистонга «бир томонлама чипта» билан келаётганлар кўпайиб кетган. 

Фото: Reuters

Туркия россиялик муҳожирлар тўлқинига дуч келиши ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Маҳаллий аҳоли бундан норози, турк жамоатчилиги аввалдан ҳам муҳожирларга нисбатан салбий муносабатда бўлиб келган. 

«Мамлакат муҳожирлар омборига айланди», деб шикоят қилди машҳур Eksi Sozluk мунозара платформаси фойдаланувчиларидан бири. 

«Толибон» Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритганида, уларнинг ҳарбийлари Туркияга қочиб келди. Россия уруш бошлади – қочқинлар бу ерга келди. Сурияда фуқаролар уруши бошланади ва жанг қилишни истамаганлар ҳам бу ерга келди», деб ёзди ғазаб билан бошқа фойдаланувчи. 

Маҳаллий аҳолининг баъзилари, шунингдек, мигрантларнинг кўпайиши нархларнинг кескин ўсишига туртки бераётганидан шикоят қилмоқда: август ойида мамлакатда инфляция 80 фоиздан ошган. «Ижара ҳақи, озиқ-овқат, кийим-кечак, иш юритиш буюмлари, мактаблар, шифохоналар, почта хизматлари қимматлашмоқда. Ҳамма жойда навбатлар, ҳамма жойда одамлар. Нархлар тез орада яна кўтарилса керак», деб қўрқади Eksi Sozluk фойдаланувчиларидан бири.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top