21:03 / 27.09.2022
34643

Диверсия ёки авария? «Шимолий оқим» қувурининг бирданига учта жойидан газ сизиб чиқмоқда

Россиядан Европага газ етказиб бериладиган «Шимолий оқим» қувурининг ҳар икки тармоғида бирданига учта жойдан газ сизиб чиқмоқда. Европа мамлакатлари ҳукуматлари Кремлнинг ЕИга қарши энергетика урушида асосий қуролга айланган, ишламаётган, лекин газ билан тўла сувости қувурларида диверсия амалга оширилганини гумон қилмоқда.

Фото: DANISH DEFENCE COMMAND

Авария Европада 1 октябрда бошланадиган иситиш мавсуми ва Полшадан Норвегияга муқобил сувости газ қувури очилиши арафасида юз берди. Шу билан бир вақтда Норвегия ҳукумати денгиздаги нефт-газ қазиб олиш платформаларида диверсиялар содир этилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

«Шимолий оқим»нинг Борнҳолм ороли атрофидаги иккита тармоғидан газ сизиб чиқаётгани ҳақида душанба куни кечқурун Дания ва Швеция ҳукуматлари хабар берди. Сувости газ қувурлари камдан кам ҳолатларда ишдан чиқиши сабабли иккита янги қувурда бирданига ва бир вақтнинг ўзида учта жойда авария юз бериши Европа мамлакатлари ҳукуматларида аввалига шубҳа, кейин эса бу тасодиф эмаслигига ишонч келтириб чиқарди. 

«Бугун биз диверсияга дуч келдик. Тафсилотлар ҳозирча аниқ эмас, лекин диверсия бўлгани аниқ, бу эҳтимол Украинадаги уруш авж олишида янги қадам бўлиши мумкин», деди Полша бош вазири Матеуш Моравецкий.

Дания бош вазири Метте Фредериксен шу руҳда, лекин эҳтиёткорлик билан сўз юритди.

«Вазият жуда ҳам ғайриоддий. Бир-биридан унча узоқ бўлмаган учта жойда сизиб чиқиш юз берди. Бу тасодиф эканлигини тасаввур қилиш қийин», деди у.

Швеция ва Дания сейсмологлари душанба куни «Шимолий оқим»дан газ сизиб чиқа бошлаган ҳудудларда кучли портлашлар содир бўлганини қайд этган, деб хабар берди Швециянинг SVT телевидениеси.

Нефт миноралари узра дронлар

Россия Европага газ етказишни ўтган йил ёзидан қисқартирган, февралда Украинага бостириб кирганидан кейин эса Кремл очиқ газ урушига ўтганди. Сентябрда «Газпром» «Шимолий оқим-1»ни ўчирди ва газ етказиш тарихий минимумгача тушиб кетди. Европа Россияни энергетик қамалда айбламоқда, Владимир Путин эса санкциялар киритгани ва «Шимолий оқим-2»га сертификат бермагани учун бунга Европанинг ўзи айбдор деб жавоб қайтармоқда.

Европа Россиядан газ етказилиши камайишини АҚШ ва Қатардан суюлтирилган табиий газ сотиб олиш эвазига қисман қоплади, қувур орқали эса Россияни сиқиб чиқариб, илк бор Евроиттифоққа энг кўп газ етказиб берувчига айланган Норвегиядан олмоқда.

Фото: AFP

Норвегия газ ва нефтни шелфдан қазиб олади. «Шимолий оқим»да сирли авария содир бўлган куни Норвегиянинг нефт-газ соҳасидаги хавфсизликка жавоб берувчи PSA ташкилоти денгиздаги платформалар устида номаълум учар жисмлар пайқалганини билдирган.

«PSA барча платформалар эгалари ва кемалар операторларини Норвегия шелфи ҳудудида ҳушёр бўлишга чақиради. Номаълум дронлар/учар қурилмалар юқори даражада хавф солмоқда», деб огоҳлантирган PSA.

Газ уруши

«Шимолий оқим»нинг шикастланган қувурларидан газ яна бир неча кун сизиб чиқади, деб маълум қилди Дания ҳукумати. Денгиз юзасидаги пуфаклар диаметри 100 метрга яқин майдонни эгаллаган. Ҳукумат авария юз берган жой атрофидан беш миля масофадаги ҳудудни кемалар учун ёпди.

Бу Россиянинг Европага газ етказиб бериш ҳажмига таъсир қилмайди, чунки Россия «Шимолий оқим-1»ни сентябрдаёқ ўчирган, «Шимолий оқим-2»ни ишга туширишга эса Германия рухсат бермаган.

Бироқ эндиликда Европа урушга қадар нафақат энг асосий газ етказиб берувчи манба бўлган қувурдан, балки Россия гази етказилишига бўлган умидни ҳам йўқотди.

ЕИ сўнгги ярим асрдаги энг кенг кўламдаги энергетика инқирозини бошдан кечирмоқда. Инқироз Европага ярим триллион евродан ортиқроққа тушди, қиш эса ҳали бошлангани йўқ, иситиш мавсуми олдинда.

Май ойида Россиядан Европага газ етказиш уч йил аввалги суткасига 250 млн куб метрдан икки бараварга камайди. Ҳозирда эса бу кўрсаткич 80 млн куб метрдан ошмаяпти.

Россия бу камайишни техник сабаблар ва санкциялар билан изоҳламоқда. «Газпром» санкциялар газ компрессор станциялари турбиналарининг режали таъмирланишига халал бераётгани, шу боис газ етказиш қисқараётганини айтмоқда. Валюта санкциялари эса президент Владимир Путинни европаликларни газ учун Россия банки орқали ва рублда тўлашга мажбур қилишга ундади. Бунга рози бўлмаганлар учун газ етказиш тўхтатилди. 

Сешанба куни Кремл сувости қувурларидаги аварияни «мутлақо мисли кўрилмаган вазият» деб атади.

«Ҳозирда ҳеч бир вариантни истисно қилиб бўлмайди. Дарҳақиқат, гап қувурлардаги шикастланишлар ҳақида бормоқда, аммо қандай тусдалиги ҳозирча номаълум. Биз бу хабарлардан жудаям хавотирдамиз», дея матбуот котиби Дмитрий Песковнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Россия агентликлари.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top