10:38 / 01.06.2024
11142

Юридик шахслар учун электр ва газ истеъмолига ошувчи коэффициент жорий этилиши мумкин 

Юридик шахслар учун белгиланган лимитнинг 10 фоизидан ортиғи миқдорида газ ёки электр энергияси истеъмоли учун ошувчи коэффициентлар қўлланиши мумкин.

Фото: Kun.uz

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервюсида юридик шахслар учун электр энергияси ва газ истеъмолига ошувчи коэффициентлар жорий этиш режалари ҳақида гапирди.

Унинг айтишича, 2024−2025 йиллар куз-қиш мавсуми учун вилоятлар, шаҳарлар, туманлар ва маҳаллалар кесимида электр энергияси ва табиий газни тежаш бўйича мақсадли кўрсаткичлар ишлаб чиқилган. Ушбу мақсадлар ишлаб чиқаришга халал бермасдан, истеъмолни самарали ташкил этиш орқали ресурсларнинг маълум қисмини тежашни таъминлайди.

Ташкилот раҳбарлари учун энергосамарадорлик бўйича асосий самарадорлик кўрсаткичлар (KPI) жорий этилади.

«Қўшимча равишда меъёрлар белгиланади, яъни газ ёки электр энергияси истеъмоли белгиланган лимитнинг 10 фоизидан ошса, ортиқча ҳажмга 2 бараваригача бўлган тариф қўлланади. Бу — бугунги кунда импорт борлиги ҳисобига янада қимматлашиб бораётган энергия ресурсларини тежаш», — деди у.

Тартиб юридик шахслар учун жорий этилади. 

Аввалроқ энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов тарифлар оширилганидан сўнг май ойида Ўзбекистонда 2023 йилнинг шу даврига нисбатан электр истеъмоли 324 млн кВт/соатга, газники эса 125 млн куб метрга камайганини айтганди

Top