17:56 / 27.09.2022
35134

Украина армияси бош қўмондони Time муқовасида. Ушбу генерал журналга ўзи ва уруш ҳақида нималар деган?

У Россия қуролли кучлари Бош штаби қўмондонини «одамларнинг энг ақллиси» деб ҳисоблайди.

Валерий Залужний 1973 йилда туғилган ва болаликда комик бўлишни орзу қилган. Аммо бунинг ўрнига оилавий анъанани давом эттирган ҳолда Одессадаги қўмондонлик мактабига ўқишга киради. Унинг дипломи АҚШ армияси тузилмасига бағишланганди. У Россия ҳарбий фан мактабини ҳам ҳурмат қилган. Залужний РФ қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи Валерий Герасимовнинг барча китобларини ўқиб чиққан ва уни «одамларнинг энг ақллиси» деб атаган. «Мен рус ҳарбий доктринаси асосида ўсганман ва ҳамон барча ҳарбий илмлар Россияда эканига ишонаман», — деган Залужний Time нашрига.

У Қрим аннексия қилинганидан кейин взвод командирлигидан Донбассдаги қўшин қўмондонлигигача бўлган йўлни босиб ўтди. 2021 йилда унга Украина қуролли кучлари бош қўмондонлигини таклиф этишади. У эсанкираб қолади: ўшанда унинг мартабаси ва мақоми бу лавозимга мос келмасди. Бундан ташқари, 2020 йилда унинг раҳбарлигида Американинг Javelin ракеталари синови муваффақиятсиз ўтган ва у президент офисидагилар уни «Жавелинларни эплай олмаган шўртумшуқ» сифатида эслаб қолганига амин эди. Аммо Украина президенти Володимир Зеленский фуқаролик соҳаларидаги каби ҳарбий соҳада ҳам ўзгаришлар бўлишини истайди.

Залужний Россиянинг кенг кўламли босқини бошланиши вақт масаласи деб ҳисоблайдиган офицерлар сафига мансуб эди. Украина қуролли кучларига раҳбарлик қилар экан, у командирларга юқори турувчи қўмондонлик рухсатини кутмасдан ўт очишга рухсат беради. «Биз уларнинг ҳужумга бўлган иштиёқини сўндиришимиз керак эди. Биз ўз тишларимизни кўрсатиб қўйишимиз керак эди», — дея изоҳлайди Залужний. Уруш бошланиши арафасида украин армияси махфий тарзда техникаларни қайта жойлаштиради. Бош қўмондон рақиб Украинадагилар «наша чекиб, телевизор кўриб ва фейсбукка пост қўйиб ўтирибди» деб ўйлашини хоҳлаган.

24 феврал тонгида Залужнийнинг мақсади иккита эди. Биринчидан, Киевни ушлаб қолиш. Иккинчидан, Россия армиясини мамлакат ичкарисига жалб этиш ва унинг таъминот линиясидаги заиф нуқталардан фойдаланиш. Урушнинг олтинчи кунига келиб у ўз стратегияси иш бераётгани, россиялик командирлар эса «ўз аскарларини шунчаки қирғинбаротга йўллаётгани»ни тушуниб етади. Кейин Россия Киев ва Черниҳив областларидан чекинади, ярим йил ўтиб эса — Харкив области озод этилади. Аммо Залужний аввалбошдан узоқ давом этувчи урушга тайёрланган. «Бизнинг ғалабамиз нафас ростлаш ва кейинги жангларга тайёрланиш имконини беради», — деган у.

Time журнали Валерий Залужнийдан 2022 йил июнида интервю олган. Нашр буни Украина қуролли кучлари бош қўмондонининг уруш бошидан буён берган илк интервьюси деб атаган. Уни тўлиқ ҳолатда мазкур ҳавола орқали ўқиш мумкин.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top