Украина қуролли кучлари Авдийивка бой берилганидан кейинги икки ой ичида барибир навбатдаги барқарор мудофаа чизиғини ташкил эта олмади. Россия қўшини бир неча кун ичида Украина қуролли кучлари учун энг хавфли ҳисобланган участкада етти километр масофада олдинга силжиди ва деярли ҳеч қандай қаршиликсиз Очеретино посёлкасини эгаллади. Украин қўмондонлиги энди Авдийивка шимолидаги мудофаа икки қисмга ажратиб ташланган вазиятга тушиб қолди, бу инқирозли участкага ташлаш учун эса олдинги жангларда ҳойдан тойган биргина 47-механизациялашган бригадаси бор. Энди Донецк областининг жануби ва ғарбидаги Украина назоратида қолган бутун ҳудудлар хавф остида қолмоқда.
Авдийивка фронти

- 2022 йилда тузилган 47-бригада ғарб қуроллари билан таъминланган — жумладан Leopard-2 танклари ва Bradley жангова пиёдалар машиналари билан — унинг бўлинмалари илк бор 2023 йил июнида Запорижжя областининг Работине қишлоғида жангга кирган. Ўшанда бўлинмалар катта қурбонликлар берган, аммо барибир Россия мудофаасини ёриб ўтолмаганди.
- 2023 йил октябрида бригада шошилинч тарзда, Россия қўшини кутилмаганда ёриб кириши ортидан Авдийивка фронтининг шимолий қанотига олиб ўтилади. Бу ерда 47-бригада яна йўқотишларга учради; шу билан бирга, у РФ қуролли кучларининг юришини Авдийивка кокс кимё заводи ҳамда Степове қишлоғи ҳудудида тўхтатишга муваффақ бўлганди. Аммо феврал ойида Украина қуролли кучлари Авдийивкани ҳам, заводни ҳам ва Степовени ҳам тарк этиб, Дурная дарёси бўйидаги Бердичи ва Семеновка қишлоқларига чекинди.
- Ниҳоят, апрел ойида Россия қўшини 47-бригаданинг Бердичидаги мудофаасини шимолдан айланиб ўтди. Зарба Авдийивка — Покровск темирйўли бўйлаб берилди. РФ қуролли кучлари йўл-йўлакай Очеретино посёлкасини эгаллашди. У Украина қуролли кучлари янги мудофаа линиясини қуришга ҳаракат қилган Дурная ва Волчя дарёлари водийсидан тепаликда жойлашган.
- Шундан кейин 47-бригадага тегишли Bradley машиналарини РФ қуролли кучлари ёриб ўтган жойдан шимолда, Новокалиново қишлоғи ҳудудида ҳам, жанубда, Россия қўшини эгаллаб олган Соловево қишлоғи чеккаларида ҳам учратишган.
- Очеретинонинг ўзида охирига қадар 115-механизациялашган бригада мудофааланди. Аммо, украин манбалари қайд этишича, бригада номаълум сабабга кўра, Россия танклари ҳужум бошлаши арафасида посёлкани тарк этган. Бригада қўмондонлиги бунда айбни ўзидан соқит қилмоқда.
- Очеретино қулагач, украинларнинг мазкур ҳудуддаги мудофаасида катта тешик юзага келган: энди ягона мудофаа чизиғи йўқ, Украина қуролли кучларининг олдиндаги таянч пунктлари билан тўғридан тўғри алоқа узилган.















