08:34 / 28.09.2022
5531

Италия бош вазирлигига асосий номзод Жоржа Мелони Киевни қўллаб-қувватлашини билдирди

Италия бош вазири лавозимига асосий фаворит Жоржа Мелони Зеленскийни бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлашига ишонтирди.

Фото: AP

Италиядаги навбатдан ташқари парламент сайловларида ғалаба қозонган «Италия биродарлари» партияси етакчиси Жоржа Мелони Украинани «Украина халқининг эркинлиги йўлини қўллаб-қувватлашга содиқлигига» ишонтирди. Бу ҳақда у 28 сентябр, сешанба куни Twitter-аккаунтида ёзди.

«Ҳурматли президент Зеленский, сиз Украина халқи озодлиги йўлида бизнинг содиқ қўллаб-қувватлашимизга ишонишингиз мумкинлигини биласиз. Кучли бўлинг ва букилмас ишончни сақланг», - дея жавоб берди Мелони Украина президенти Володимир Зеленскийнинг табригига.

«Жоржа Мелони ва унинг партиясини сайловдаги ғалабаси билан табриклаймиз. Биз Италиянинг Россия агрессиясига қарши курашда Украинани қўллаб-қувватлаётганини қадрлаймиз. Италиянинг янги ҳукумати билан самарали ҳамкорликни кутамиз», деб ёзди Зеленский.

Италияда навбатдан ташқари парламент сайловлари натижаларига кўра ўнг кучлар коалицияси ғалаба қозонди. Дастлабки маълумотларга кўра, Мелони бошчилигидаги «Италия биродарлари» партияси 26 фоиздан кўпроқ, бошқа коалициядаги партиялар эса тахминан 18 фоиз овоз тўплаган. Демократик партия 20 фоиздан кам, «Беш юлдуз» ҳаракати эса 15 фоизга яқин овоз олди.

Сайловдан сўнг Мелони мамлакат бош вазири лавозимига асосий фаворит ҳисобланади, чунки унинг партияси коалиция бўйича келишувга эришган ўнг кучлар орасида энг кўп овоз тўплади.

Сайлов кампанияси давомида у Италиянинг Украина ва Россияга нисбатан сиёсатини ўзгартиришни режалаштирмаганлигини бир неча бор таъкидлади, деб эслайди dpa агентлиги. Ўнг қанот коалициянинг яна икки етакчиси, собиқ ички ишлар вазири Маттео Салвини ва Италия собиқ бош вазири Силвио Берлускони Кремль билан яқин алоқада бўлганликда бир неча бор айбланган.

Россиянинг Украинага бостириб киришидан кейин Салвини Россия президенти Владимир Путинга муносабати ўзгарганини эълон қилди. «Уруш туфайли Путин ҳақидаги фикрим ўзгарди. Чунки одам бомбардимон қила бошласа, танклар юборса, чет давлатга бостириб кирса, бу бутунлай бошқа нарса», - деди Салвини сайловдан бир ҳафта олдин Bloomberg агентлигига берган интервьюсида.

Берлускони ҳам сайловлардан бир неча кун олдин «Украинага қарши тажовуз асоссиз ва қабул қилиб бўлмайдиган, «Олға, Италия» партиясининг позицияси аниқ. Биз ҳар доим Европа иттифоқи ва НАТО билан бирга бўламиз» деди.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top