Дунёда бойлар учун ҳамма нарса мужассам. Қимматбаҳо кийим-кечаклар, уйлар, шахсий яхталар ва самолётлар дегандай. Улар фақат пулини тўлашса бўлди.

Шу жумладан, асосий автокомпаниялардан фарқли ўлароқ фақат бойлар учун ҳашаматли автомобиллар ишлаб чиқарувчи компаниялар ҳам бор.

Бундай автокомпанияларнинг айримларини, масалан Ferrari, Lamborghini, Bugatti, Rolls-Royce, Mercedes-Benz кабиларни жуда кўпчилик билади.

Фақат махсус буюртмалар билан ишловчи ва ўта қиммат машиналар ишлаб чиқарувчи Pagani Automobili компанияси ҳақида унча кўп одам эшитмаган.

Pagani Automobili S.p.A. нисбатан ёш бўлса ҳам ҳашаматли автомобиллар ишлаб чиқариш бўйича дунёнинг етакчи компаниялари билан муносиб рақобатлашмоқда.

Бу компания асосчиси италиялик бўлмаса-да таниқли автомобиллар яратувчилари сингари унда ҳам италияликлар қони оқади.

Фото: autoleht.ee

Компания тарихи

Pagani Automobili S.p.A. компанияси асосчиси Горацио Пагани ҳисобланади. У 1955 йилда Аргентинада италиялик муҳожирлар оиласида туғилади.

Горацио ёшлигидан спорт автомобилларига қизиқади. У ўзининг биринчи автомобилини ёғочдан тайёрлаганда ҳали 15 ёшга ҳам тўлмаганди.

1976 йилда Горацио 21 ёшда эканида “Формула-3” автопойгалари учун спорт автомобили тайёрлайди. Бироқ машина учун кучли двигател топиш муаммо бўлади.

Шунда Горацио уни Renault Argentina компанияси ходимларига кўрсатиш учун мамлакат пойтахти Буэнос-Айресга олиб боради. Компания вакиллари двигател беришга рози бўлишади. Бу автомобил 1977 йилда ўтказилган пойгаларда қатнашади.

Шу жойда Горацио тайёрлаган автомобил 1950-йилларда беш марта “Формула-1” пойгаларида ғолиб чиққан аргентиналик Хуан Мануэл Фангионинг эътиборини тортади.

Горацио Пагани ва у ясаб чиққан пойга машинаси
Фото: supercarclub.natemat.pl