19:22 / 01.10.2022
56519

“Бу ерда бир умр қоласан дейишганди” – ўйлаб топилган айбловлар билан 12 йилга қамалган собиқ тезкор ходим ҳикояси

“Қоронғи тергов хонасига олиб киришди. Хонадаги стулга «Кириш бор, чиқиш йўқ». Бу кунингдан ўлганинг яхши!» деб ўйиб ёзиб қўйилганди. Сўроқ бераётган шахс стулга ўтқазилгач, қўллари занжирланади, ерга қоқилган занжирлар қўлингизни маҳкам тортиб турарди. У ерда қўлланган қийноқларга одам боласи дош бериши мушкул”.

2011 йилнинг 19 декабри Хоразм вилояти Хазорасп тумани ички ишлар бошқармаси тезкор ходими Дилшод Машариповнинг ҳаётида қора кун сифатида муҳрланган. Боиси у худди шу куни Миллий хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ишхонасидан жиноятчилардек ушлаб кетилган.

У Kun.uz’га берган интервьюсида сўроқ пайтида инсон зоти чидаши мушкул бўлган шафқатсиз усуллар билан қийноққа солинганини айтади.

Ўша куни Хазорасп тумани ИИБ раҳбари маърифат соати ўтказди. Ўтган ҳафтада қилинган ишлар бўйича масъуллардан ҳисобот олди, янги ҳафтадаги режаларни белгилаб берди. Шу билан йиғилиш тугади, ҳамма ўз иши билан шуғулланиш учун тарқалди. Машинамга ўтираётганимда зарур ҳужжатни хонамда унутиб қолдирганим эсимга тушди.

Ишхонамга қайтиб кираётганимда қўриқчилардан бири мени раҳбар йўқлаганини айтди. Йўлакда ўринбосар ва фуқаро кийимидаги номаълум эркак кутиб олди. Хонага кирсам, у ерда туман ИИБ раҳбаридан ташқари, вилоят ИИБ бошлиғи, мен билан бирга ишлайдиган тезкор ходим Бахтишод Маткаримов, яна фуқаро кийимидаги ўн чоғли одам бор эди. Кейин билсам фуқаро кийимидаги шахслар МХХ ходимлари экан.

Улар нима гаплигини тушунтирмасдан хонамни тинтув қилишди. Мендан ташқарига чиқиб туришни сўрашганди, бу қонунга зид талаб бўлгани учун унамадим. Ҳеч нарса топиша олмади. Сўнгра тинтув ўтказган ходимлар ким биландир телефонлашиб, аввал Бахтишод Маткаримовни, сўнгра менинг қўлимга кишан солиб, қўлларимни орқага қилиб, бошимни ерга энкайтириб, худди жиноятчилардек ишхонамдан олиб чиқиб кетишди. Нима сабабдан олиб кетаётганларини ҳам айтишмади.

Шахсий машинамнинг орқа ўриндиғига ўтқазиб, олдинда иккитаси ва икки ёнимда иккитаси ўтириб, МХХ Хоразм вилоят бошқармасига олиб кетишди. Йўл-йўлакай биқинимга муштлаб боришди. Мен ва ҳамкасбимни олдинма-кетин вилоят хавфсизлик бошқармаси биносига олиб кириб, раҳбарларига «яна иккита мусорни олиб келдик» деб хабар беришди.

Сўнг қоп-қоронғи тергов хонасига олиб киришди. Хонадаги иккита стул, битта стол ерга цемент билан қотириб ташланган. Ўрнидан қўзғатиб бўлмайди. Стол устига «Кириш бор, чиқиш йўқ. Бу кунингдан ўлганинг яхши!» деб ўйиб ёзиб қўйишган. Сўроқ бераётган шахс стулга ўтқазилгач, қўллари занжирланади, ерга қоқилган занжирлар қўлингизни маҳкам тортиб туради.

Баҳодир деган тезкор ходим вакили ҳеч йўқ бе йўқ пешонамга мушт туширди. Айбим нима деб сўрагандим: «Айбинг бўлмаса, айб топамиз. Жиноятчи бўлмасанг, жиноятчига айлантирамиз», деди. Сўнгра маска кийган тўрт ходимга: “Буни ўзига келтиринглар”, деб буюрди. Улар мени деворга суяб, икки қўлимдан ушлаб туриб, дубинка билан ура бошлашди. Икки соатча азоб беришди. Ҳаттоки, икки қўлимни тепага боғлаб, моягимга сув солинган баклажка осиб қўйишди. Бу усулни кўп марта қўллашди, сўроқ қилинаётган шахс оғриқдан додласаям, то у ҳушдан кетмагунча олишмайди.

Узлуксиз қийноқлардан сўнг Машариповдан собиқ раҳбарига қарши кўрсатма беришга мажбурланади. Тергов давомида наркотик модда савдосида айбланиб қўлга олинган аёлдан бу моддаларни Машариповдан олгани ҳақида кўрсатма олинади. Машариповдан эса уни собиқ раҳбаридан олиб, гиёҳфуруш аёлга етказиб берганига иқрор бўлиш талаб этилади.

Қаҳрамонимизнинг айтишича, Хазорасп тумани ички ишлар бошқармасининг собиқ раҳбари хавфсизлик хизматининг бир қанча ходими қамалишига сабаб бўлган, шундан сўнг ундан ўч олиш мақсадида аслида содир бўлмаган бу воқеа, тўғрироғи, тузоқ ўйлаб топилади.

Қийноқлардан сўнг мендан бир аёлни таниш-танимаслигимни сўрашди. Уни кўрсатишларини айтганимда, терговчи компьютеридан қорачадан келган аёлнинг суратини кўрсатди. Уни танимаслигимни, умуман кўрмаганлигимни айтдим. Танимасам, таништиришларини, кўрсатишларини айтишди. МХХ ходимларидан: “Бугун шу ерда қоламанми?” деб сўрадим. Улар: “Умрбод шу ерда қоласан” деб жавоб беришди. Уйдагиларга хабар бергани ва адвокат ёллагани қўйишмади. Ўзларининг адвокати борлигини айтишди.

Эртасига судга олиб боришди. Ўзлари адвокат беришди. Ўша ерда айтишдики, «Сиз Курязова Ширин деган аёлга наркотик модда сотганликда гумонланиб ушлангансиз», деди. Мен судьяга уни танимаслигимни айтдим. Судья адвокатимни чақирди ва уни нега бу ерга олиб келдингиз, танимас экан-ку, деди. Шунда адвокатим «Муҳтарам судья, санкция бераверинг. Бу масалани хавфсизликдагиларнинг ўзлари ҳал этишади», деб айтди. Ўзимнинг адвокатим судьядан қамоққа олинишим учун санкция беришни сўради. Судья прокурорга қаради, прокурор ерга қаради. Аммо судья менга қарай олмади ва “бўлди чиқиб кетаверинглар”, деди.

Суддан қайтиб борганимиздан сўнг уч кун аёвсиз қийнашди. Қийноқлардан чарчаб кетганимдан сўнг шартларига тайёрлигимни айтдим. Шу орқали мақсадлари нима эканини билиб олмоқчи бўлдим. собиқ раҳбар Равшан Пирматов берган наркотик моддаларни терговда менга суратини кўрсатишган аёлга сотганнимни тан олишим кераклигини айтишди.

У аёл ҳақиқатан ҳам наркотик савдосида айбланиб қўлга олинган. Уни ҳам кўз олдимда калтаклашиб, ушбу моддани мендан олганлигини тан олдиришди ва иқрорномага қўл қўйдиришди. Аёл билан юзлаштиришиб, ундан мени кўрсатиб, бу ким деб сўрашди. «Бу Дониёр ака», деди у. Кўряпсизми, исмимниям билмасди.

Шунда ходимлардан бири унинг орқасидан дубинка билан бир уриб, “бу Дониёр эмас, Дилшод” деди. Бечора аёл: “Ҳа, ҳа, ўша киши” деб такрорлади. Сценарий бўйича собиқ раҳбар у аёлга қўнғироқ қилиб, мен ва яна бир шеригим орқали унга гиёҳванд модда етказиб беришини айтган. Аммо жиноят иши бўйича шеригим сифатида иш ҳужжатларида қайд этилган ҳамкасбимни бирор марта мен билан юзлаштиришмади, судга ҳам, сўроққа ҳам олиб келишмади. Чунки унинг юқори доираларда ишлайдиган танишлари бор эди.

Менга қарши кўрсатма бераётганда виждон азобидан қийналди шекилли, аёл йиғлаб кечирим сўради. Ходимлар унинг бошига уришиб, кечирим сўрама, дейишди. Мен бу кўрсатмаларга қўл қўймадим.

– Тергов жараёнида сизни айбдор эканлигингизни исботлайдиган бирор далил борми?

– Йўқ, уларнинг ўзи йўқ нарсани тасдиқлаб беришинг керак эди, дейишди. Шунчаки собиқ раҳбарни қўлга олиш учун мени қурбон қилишди. Баҳодир, Мақсуд, Фаррух, Обид исмли МХХ ходимлари судья ва прокурорлар бизнинг қўлимизда деб таҳдид қилишди. Ҳар куни уриб азоб беришди. Етти-саккиз кундан кейин қаттиқ зарб натижасида кўзим жароҳатланди ва чап кўзим кўрмай қолди.

Ҳар қанча қийноққа солинмасин, Машарипов ўзига қўйилаётган айбловларни тан олмайди. Ҳар қанча уринишмасин, терговчиларнинг йўриғидан юришга унамайди.

Қаҳрамонимиз шундан сўнг ходимлар унга босим ўтказишнинг янги йўлини ўйлаб топишгани, яъни агар ўзлари ўйлаб топган жиноятни бўйнига олмаса, аёли, акаларини ҳам олиб келиб қамашлари ва кўз ўнгида қийнашларини айтиб қўрқитишганини айтади.

Жазо сифатида бир тор хонага қамашди. Ғалати шовқинли овоз қўйиб қўйишарди. Сутка ддавомида 4 соат тинарди бу овоз.  Психологик эзиш учун қилинарди бу нарса. Терговчилар ичиб келиб, кечаси ҳам сўроқ қилишарди. Муттасил қийнашарди.

Сигарет чекиб, кулини қўлимга босишарди. Охири кимдандир 100 минг пора олдим, деб ёзиб бер, дейишди. Қўлимга қоғоз, ручка беришди. Кимдан олдим деб ёзай десам, ўзинг ўйлаб топ, дейишди. Кечга томон соқчилардан бири келиб, ёзиб бўлдингми, деб сўради. Кимдан олдим деб ёзишни билмаяпман деб айтдим унга. Кетди. Орадан бироз ўтиб, тепага олиб чиқишди. Мендан ёзгинг келмаяптими, деб сўрашди. Энди ҳеч нарса ёзишинг керак эмас. Энди аёлингни ва оила аъзоларингни ҳам олиб келаман, деб роса уришди.

Эртасига ходимлар мен билан бирга қўлга олинган тезкор ходимнинг хотинини олиб келиб қамашганини айтишди. Кўришни истайсанми, деб у сўроқ қиланаётган хонага олиб боришиб, эшигини қия очиб кўрсатишди. Чиндан ҳам хонада унинг аёли ҳам ўтирганди. Агар сен ҳам биз айтган ишни қилмасанг, сенинг ҳам аёлингни олиб келиб қамаймиз, керак бўлса ака-укаларингни ҳам тиқамиз,  дейишди. Бунга ишондим. Ўзим қамалганим етмасди, уларни ҳам олиб келиб қийнашса ким деган одам бўламан, деган хаёл миямни эгаллаб олди.

Тўрт кундан кейин ўзим эшикни тақиллатдим. Сабаби оиламга тегмаслиги учун ҳамма нарсани ёлғондан бўлса ҳам ёзиб беришимни айтдим.

Ҳужжатларга кўра, Дилшод Машарипов Жиноят кодексининг бешта моддаси билан айбланган. Шулардан бири 121-моддада кўзда тутилган жиноят (хизмат, моддий ёки бошқа жиҳатлардан айбдорга қарам бўлган аёлни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш). Бироқ Машарипов бошқа айбловлар қатори буни ҳам тан олмайди. Ушбу айбловга сабабчи бўлган аёл Бикажон Матёқубова Kun.uz’га берган интервьюсида қийноқларга чидолмасдан шундай кўрсатма берганини айтади.

Бикажон Матёқубова:

– Бу ҳодиса бўлмаган. 2011 йил менга Машариповнинг исмини айтиб, уларга қарши кўрсатма берасан, деб айтишган. Йўқ деганимда зулм қилишди. Улар Хоразм вилояти миллий хавфсизлик ходимлари эди. Мени бу шартларга рози қилиш учун онамни азоблаб, унинг бақириқларини менга эшиттиришди. Кичик фарзандим бор эди. Турмуш ўртоғим ҳам қамоқда эканлиги учун ёш болам кўчада қолмасин деб уларнинг шартига рози бўлдим ва улар айтганидек кўрсатма бердим. Буларнинг барчаси ёлғон эди. Онамнинг ёши улуғлиги, иккинчи гуруҳ ногирони эканлигига қарамасдан калтаклашди.

У пайтларда мен бозорда савдо қилардим. Мени уйга олиб келишди ва олиб кетишди. Ҳеч нарса дейишмади. Биз келгунимизча ҳеч нарса демагин дейишди. Бир ҳафта индамай ўтирдим. Шундан кейин терговга олиб чиқишди. У ерда Машарипов Дилшод ва Бахтишодни танийсанми, дейишди. Уларни танимаслигимни айтдим. Кейин камерага қамашди. Беш кунча газли хонага қўйишди. Ана шундан бери астма касаллигини орттириб олдим. Ҳозиргача безовта қилади. Кейин яна терговга олиб чиқишди.

Бир аёл менга наркотик берганман, деб кўрсатма берган экан. Мен ҳам қийноқларга чидай олмай тан олганман. Бармоқларимга дубинка билан уришди. Қаттиқ зарб егани учун бармоқларим ҳали ҳам яхши ишламайди.

Қийноқлардан сўнг бир камерага олиб чиқишди. У хонада бир аёл бор эди. У мени роса қийнаган. Мис тарелка билан бошимга урган. Зарба кучидан у қийшайиб кетганди. Аёл менга кун бермасди, ҳамма ишларини қилдирарди. Аямнинг қийноқларга чидолмай додлаётган овозини қўйиб беришганидан сўнг охири уларнинг айтганларига рози бўлдим ва кўрсатмага қўл қўйиб бердим.

– Машарипов апелляцияга берганда, Хоразмдан туриб қатнашган экансиз. Судьяга воқеаларни айтдингизми?

– Ҳаммасини судьяга айтдим. Қийноқлар сабаб бу ишни қилгандим. Ҳозир ҳам ҳеч кимнинг босимисиз виждоним олдида қийналганим учун айтиб беряпман. Айбловлар сохта эканлигини тан оламан. Айбдорман. Бу ишни қилишим керак эмас эди. Барчасига чидашим керак эди. Аммо чидаб бўлмади-да.

Жиноят иши эпизодлари шу қадар ҳафсаласизлик билан тўқиб чиқарилганки, ундаги бир модда бўйича жабрланувчи сифатида қайд этилган аёл бошқа бир модда бўйича гувоҳ сифатида тиркаб қўйилган. Яъни Дилшод Машарипов гўёки бир таксичидан 100 минг сўм пора олаётган вақтда Бикажон Матёқубова бунга гувоҳ бўлган. Бироқ аёл бу эпизод тергов вақтида ўзи билан бир камерада сақланган аёл томонидан ўйлаб топилганини айтиб берди.

– Тергов пайтида қийноққа олиб, камерага жўнатарди. Камерадаги аёл буларга қўйилаётган айбловлар кам. Яна нимани қўшиб ёзамиз деди. У аёл айтдики, пул олди деб айтсанг, сенга енгиллик бўлади деди. Кафега бордик. Ўша кафеда Алламов Тоҳир ўтирган бўлади ва мен, Машарипов Дилшод, Бахтишод ўша ерга борамиз. Алламов Тоҳир Машарипов Дилшодга 100 минг сўм пора берди, деб ёздирди. Дилшод Машарипов ва Бахтишод Маткаримовни эрим қўлга олинган вақтда уйимизга тинтувга боргандагина кўрганман. Ўшандан кейин қайтиб кўрганим йўқ. Мени МХХ ходимлари ушлаб кетиб, терговда юзлаштиришган вақтда иккинчи марта кўрдим.

Дилшод Машарипов судгача оила аъзолари билан учраштирилмаган, ҳимояси учун тайинланган адвокат эса тергов давомида деярли қорасини кўрсатмаган. Иш судга ошгач, адолат қарор топишидан умидвор бўлган Машариповнинг ҳафсаласи бутунлай пир бўлади.

Тергов давомида уни наркотик олди-сотдисида шерикликда айблаб кўрсатма берган Ширин Курязова  судда қийноқлар таъсирида бунга мажбур бўлгани, аслида Машариповни танимаслигини айтса-да, раислик этувчи буни инобатга олмайди ва айбланувчини 12 йил муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилади.

Суд ҳукмидан сўнг Машарипов дастлаб Тоштурмага, у ердан эса собиқ ички ишлар ходимлари жазо муддатини ўтайдиган Бекободдаги қамоқхонага юборилади. Бу ерларда кўрган-кечирганлари таъсирида ҳақиқат қарор топишидан умидини узганини айтади.

12 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган Дилшод Машариповга нисбатан 2015 йили амнистия акти қўлланиб, у манзил-колонияга ўтказилади. У ерда маълум вақт бўлганидан сўнг эса унга ахлоқ тузатиш ишлари тайинланиб, икки йил назорат остида бўлиш шарти билан озодликка чиқади.

Дилшод Машарипов:

– Ҳеч қаерга ёзмаганим, суд қарори устидан шикоят қилмаганим, қамоқхона режимини бузмаганим учун 2015 йилнинг март ойида амнистия билан Қорақалпоғистондаги манзил колонияга ўтказилдим. У ерда қийноқ ва бошқа қонунга зид ҳолатларнинг гувоҳи бўлмадим. Лекин у ерда ҳам ҳақиқатни қарор топтириш учун аризабозлик қилган маҳкумларни Бекободга қайтаришмасдан, Жаслиққа жўнатиб юборишди. Жим юришсин, ҳақиқат очилмасин деган мақсадда.

Манзил-колонияда кўп ўтирмадим. У ерда уч ойча бўлганимдан кейин менга ахлоқ тузатиш ишлари тайинланди. Мени икки йиллик назоратга қўйиб қўйишди, яъни кўчада юраверардим, иш ҳақимнинг маълум қисми давлат ҳисобига ўтиб турарди. Бу ҳам босимнинг кичик бир кўриниши, назорат остида бўлса у ҳеч қаерга мурожаатбозлик қила олмайди. Яна қамалиб кетишдан қўрқади. Яна бир амнистияга тушганимдан кейин бу нарсаям ечилди.

Терговда менга қарши кўрсатма берган Ширин Курязова исмли аёлнинг номидан 2018 йили уйимизга хат билан диск келди. Дискда видео бор экан. Видеода у қилган жинояти учун жазосини ўтаб қайтгани, терговда қийноқларга чидолмай менга қарши кўрсатма бергани, аслида мени танимаслигини, менинг мутлақо айбсиз эканимни айтади ва судда кўрсатма беришини маълум қилади. Бу диск ва мурожаатни мендан ташқари у Олий судга, Бош прокуратурага ва бошқа идораларга ҳам жўнатган экан. Бу вақтда Ўзбекистонда раҳбарият ҳам алмашганди, ўзгаришлар бўлаётганди. Шундан сўнг менда ҳақиқатни қарор топтиришга қайта умид уйғонди.

Адолатни қарор топтиришга киришганидан сўнг қаҳрамонимиз кўплаб қийинчиликларга дуч келади. У ўзига нисбатан таҳдидлар кучайгани, турли идораларга мурожаат қилишни тўхтатиш талаб қилингани ортидан маълум муддат Россия ва Қозоғистонга бош олиб кетишга мажбур бўлганини айтади.

Ниҳоят Машариповнинг тинимсиз ҳаракатлари натижа бера бошлайди. Апелляция инстанциясида 2011 йилда унга қўйилган 5 та айбловнинг учтаси олиб ташланади.

Тергов давомида унга қарши кўрсатма берган яна бир аёл кўрсатмасидан қайтади ва кўрсатмасидаги эпизодлар Миллий хавфсизлик хизматининг вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ўйлаб топилгани, ўзи ва онасини қийнашгани учун шундай кўрсатма беришга мажбур бўлганини айтиб судда гувоҳлик беради.

Машарипов Олий суд судьяси даъво аризасини кассация тартибида кўриб чиқишни бир неча ой давомида пайсалга солиб келгани, минг бир қийинчилик билан бошланган суд процесслари ҳам мантиқсиз воқеалар билан кечганини айтади. Тергов давомида қийноққа солингани, адолатни қарор топтириш учун идорама-идора сарсон бўлгани етмагандай қаҳрамонимиз ОБОНчи аёллар ҳужумига ҳам учрайди. Ноҳақ қамалишига сабаб бўлган кучлар уни жиннихонага ётқизиб, муомалага лаёқатсиз деб топишга, шу орқали ёпиғлик қозон ёпиғлигича қолишини таъминлашга ҳаракат қилишади.

Олий суд томонидан чиқарилган оқлов ҳукмидан кўчирма. Фото: Kun.uz

Бошидан шунча кўргуликлар ўтган қаҳрамонимиз шу йил 22 сентябрь куни Олий судда оқланди. Унга қўйилган барча айбловлар олиб ташланди.

Албатта оқлов ҳукми қаҳрамонимизнинг ҳавога совурилган 12 йиллик умрини қайтариб бера олмайди. Бироқ у юзи ёруғ экани, фаолияти давомида ноқонуний ишларга аралашмаганини исботлаб бера олди. Умид қиламизки, бу оқлов Ўзбекистон судларининг том маънода мустақилликка эришаётгани ва тизимдаги ўзгаришларнинг ифодасига мисол бўла олади.

Жамшид Ниёзов, журналист

Суҳбатни тўлиқ ушбу видеода кўришингиз мумкин.

Мавзу
Ҳаётий ҳикоялар
Турфа тақдирлар ва умр манзаралари
Барчаси
Top