Ўзбекистон | 19:56 / 07.10.2022
8735
3 дақиқада ўқилади

Келажак томчилатиб суғоришда – Тўрткўллик фермерлар    

Экин майдонларига сув етказиш масаласи оғир бўлган Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл тумани ерости сувлари яқинлиги ва тупроқда шўр миқдорининг кучлилиги сабаб ҳосилдорлик паст бўлиб келган. Пахта ва ғаллани анъанавий усулда суғориш оқибатида ниҳол нобуд бўлиши, 100 фоиз сепилган уруғдан 65-70 фоизигина униб чиқиши кузатилган. Сув ресурси кам, бунинг устига ҳосилнинг нобуд бўлишидан фермерлар кўп азият чеккан. “Омад старт” компанияси тўрткўллик фермерларга мана шундай шароитда ўсимликни нобуд қилмай, яхши ҳосил олиш бўйича инновацион ечим олиб кирди.  Томчилатиб суғориш ва ёмғирлатиб суғориш усули орқали деҳқонлар илк натижаларни олишни бошлашди.

15-22 центнер 40 центнерга айланди

Тўрткўл туманидаги “Дилшод А” фермер хўжалиги раҳбари Озод Отажонов Амударёга яқин жойда жойлашган ерларидан авваллари 15-22 центнер атрофида пахта ҳосили олган. Томчилатиб суғоришни йўлга қўйганидан сўнг эса айнан шу ерлардан 40 центнердан ошиқ ҳосил олишни бошлади. Фермер томчилатиб суғориш афзалликларини санаб ўтди. Унинг айтишича, томчилатиб суғоришда кўллатиб суғоришда нобуд бўладиган ҳосил сақланиб қолади. Шу билан бирга минерал ўғитлар ҳар бир ўсимлик илдизига бирдай етиб боради. Бундан ташқари, бир қаторга сув томчилаши ва бир қаторда қуруқ тупроқ бўлиши ўсимлик илдизига ҳам намлик, ҳам иссиқлик бориб туришига сабаб бўлади. Бу эса пахта ўсимлигининг яхши ривожланишига замин яратади.

65-70 фоиздан 100 фоизга ниҳол униши

Тўрткўллик фермерлар ғалла экиб, уни анъанавий суғоришган пайтлари буғдой ниҳолининг 30-35 фоизи нобуд бўлган. Бундан ташқари кўллатиб суғоришда махсус ариқлар ёрдамида сув йўналтирилган ва ариқлар жойлашган ерда буғдой яхши бўлмаган. Мисол учун “Дилшодхўжа” фермер хўжалигига тегишли 8 гектарни оладиган бўлсак, шу ердан ариқлар ҳисобига салкам 1 гектар ер йўқотилган. Ёмғирлатиб суғориш йўлга қўйилганидан сўнг эса, ниҳол 98-100 фоиз униб чиқа бошлади. Ёмғирлатиб суғориш учун ариқлар шарт бўлмаганлиги сабабли йўқотишларсиз, ердан тўлиқ ҳосил олинадиган бўлди.

Бундан ташқари, “Дилшодхўжа” фермер хўжалиги раҳбари Дилшод Самандаровнинг сўзларига кўра, ёмғирлатиб суғоришда илдиз атрофидаги тупроқ қотиб кетмайди ва майин туради, шу билан бирга 5-10 сантиметр нам ҳосил бўлганлиги сабабли минерал ўғит қабул қилиниши ҳам юқори даражада бўлади. Авваллари 20-25 центнер ҳосил олган еридан томчилаб суғориш ускуналарини март ойида қўйган бўлишига қарамасдан ҳосилни 45 центнерга оширган.

“Дилмурод Солижон” фермер хўжалиги раҳбари Муҳаммаджон Раматов анъанавий суғориш жараёнларидаги машаққатни санаб, томчилаб ва ёмғирлатиб суғориш афзалликларини айтиб ўтар экан, келажакда айнан шу икки турдаги суғориш усуллари билан яхши натижалар қўлга киритилишини таъкидлайди.

“Омад старт” компанияси

Мурожаат учун телефон: 95 651 11-11

Реклама

Мавзуга оид