17:01 / 11.10.2022
13374

«МИБ ижрочилари алиментдан қарзи йўқларга ҳам четга чиқишга чеклов қўйган ҳолатлар бор» – Олий суд

Олий суд Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси бошлиғи Азиз Обидов маъмурий суд амалиётида айрим давлат ижрочилари алиментдан қарзи бўлмаган шахсларга ҳам мамлакатимиздан четга чиқишда сунъий чеклов қўяётган ҳолатлар учраётганини маълум қилди.

“Қонунга асосан суд ҳужжати асосида берилган ижро ҳужжатидаги ёки ижро ҳужжати бўл­ган суд ҳужжатидаги талаблар белгиланган муддатда қарздор жисмоний шахс томонидан узрсиз сабабларга кўра ижро этилмаганда, давлат ижрочиси ундирувчининг аризаси бўйича ёки ўз ташаббуси билан қарздор жисмоний шахснинг мамлакатимиздан чиқишини вақтинча чеклаш тўғ­рисида қарор чиқаришга ҳақли.

Вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментлар олдиндан тўланган ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномаси тузилган бўлса, давлат ижрочиси тўлов ёки гаров шартномаси тўғрисидаги тегишли ҳужжат олинган куннинг эртасидан кечиктирмасдан манфаатдор шахслар, ички ишлар органлари ва Давлат чегарасини қўриқлаш органларини қарздор жисмоний шахснинг мамлакатимиздан чиқишга оид чеклови олиб ташланганлиги тўғрисида ёз­ма равишда ха­бардор қилади.

Бунда гаров қиймати қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақининг икки юз эллик бараваридан кам бўлмаслиги лозим. Бироқ амалиётда айрим давлат ижрочилари ушбу қо­нун талабларини нотўғри тал­қ­ин қилган ҳолда иж­­­ро ҳужжати бўйича қар­з­и йўқ­ ва алимент тўлаш­дан бў­­йин товламаган алимент тўловчи шахсларга ҳам мамлакатимиздан четга чиқишда сунъий чеклов қўйишдек салбий ҳолатлар учраб турибди. Улар бундан норози бўлиб, маъмурий судларга мурожаат қилганда уларнинг талаблари рад этилаётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди”, дея Азиз Обидовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Қайд этилишича, маъмурий судлар томонидан 2022 йилнинг биринчи ярмида 7 704 та, хусусан, давлат ижрочисининг алимент тўловчи шахс­ни мамлакатимиздан чиқишини вақтинча чеклаш ҳақидаги қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисидаги ишлар ҳам кўриб чиқилган.

Азиз Обидов Фото: АОКА

Олий суд мулозими вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментлар олдиндан тўланган ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномаси тузилган бўлса, шахс алимент тўлаш тўғрисида келишув тузиш мажбуриятидан озод этилиши, алиментларни олдиндан тў­лаш, шунингдек алимент тў­лаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланишини айтмоқда.

“Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 октябрдаги қарори билан тасдиқланган “Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек, алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бў­йича гаров шартномасини тузиш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 5-бандига кўра, алиментлар суммасини олдиндан тўлаш ёки алиментлар тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров тақдим этиш фақат қарздорнинг алимент тў­ловларидан қарздорлиги бўлмаган тақдирдагина амалга оширилади.

Низомнинг 8-бандида алиментларни олдиндан тўлаш ёки алимент тўлаш мажбурия­тини таъминлаш учун гаров шартномасининг тузилиши давлат ижрочиси ёки суд томонидан қарздор жисмоний шахснинг илгари белгиланган мамлакатимиздан чиқишини вақтинча чеклашни олиб ташлаш учун асос ҳисобланиши кўрсатилган.

Ана шу талаблардан кўринишича, алимент ундириш ҳақи­даги ижро ҳужжати бўйича қарздор жисмоний шахснинг мамлакатимиздан чиқиш ҳуқу­қини вақтинча чеклаш учун унинг алимент тўлашдан бўйин товлаши эмас, фақатгина алимент ундириш ҳақидаги ижро ҳужжатининг ўзи кифоя қилади. Акс ҳол­да, юқорида қайд этилган қонун ва низомда кўрсатилган қоидалар ҳеч қандай аҳамият касб этмайди.

Амалиётда баъзан алимент тўловчи шахслар ўз­ларининг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун мамлакатимиздан четга чиқиб, турли шарт­номаларни тузиб келишига зарурат туғилиши, алиментни бирйўла тўлашга имконияти бўлмаса-да, алимент таъминоти сифатида гаровга қўйишга мулки борлиги, лекин ундирувчи атай гаров шарт­номасини тузишдан бош тортиб келаётганини маълум қилишган.

Ушбу масаланинг қонуний ечими ҳукумат қарори билан тасдиқланган низомнинг “Али­мент­ларни тўлаш мажбу­рия­­тини гаров билан таъминлаш тартиби” деб номланувчи 3-бобида батафсил баён этилган. Хусусан, Низомнинг 32-банди талабига кўра алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлашда гаров қиймати қонунчиликда белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз эллик бараваридан кам бўлмаслиги лозим”, дейди Азиз Обидов.

Олий суд вакилига кўра, алимент тў­ловчи шахснинг ушбу талабларга мос келадиган гаров мулки бўлганида, ундирувчи, яъни алимент олувчи шахс асоссиз равишда гаров шартномасини тузишдан бўйин товлашга ҳақли эмас. Бундай ҳолларда алимент тўловчи шахс алимент олувчи шахсга нисбатан Фуқаролик кодексининг 377-моддаси олтинчи қисми тартибида мажбурий тартибда шартнома тузиш мажбуриятини юклаш ҳа­қи­даги даъво аризаси билан фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилишга ҳақли.

Top