17:00 / 11.10.2022
8367

Россия Украина энергетика тизимига зарба беришда давом этаётганини маълум қилди

Россия Мудофаа вазирлиги Украинанинг муҳим инфратузилмасига зарба беришни давом эттираётганини маълум қилди. 

Фото: AFP

«Бугун Россия Федерацияси қуролли кучлари Украинанинг ҳарбий қўмондонлик ва назорат объектлари ҳамда энергетика тизимига юқори аниқликдаги узоқ масофали ҳаво ва денгиз қуроллари билан йирик зарба беришда давом этди», деди Россия Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Игор Конашенков Москвадаги брифингда.

Кеча Россия президенти Владимир Путин Украина шаҳарларига йирик ракета ҳужумлари Мудофаа вазирлиги таклифи ва Россия Федерацияси Бош штабининг режасига мувофиқ амалга оширилаётганини маълум қилганди.

Охирги маълумотларга кўра, 10 октябр куни Россия Федерациясининг Украина ҳудудини оммавий ўққа тутиши натижасида 23 киши ҳалок бўлди, 100 киши яраланди. Бу ҳақда Украина президенти девонининг ўринбосари Кирило Тимошенко маълум қилди.

Унинг Telegram’даги постига кўра, Киев шаҳрида энг кўп қурбон кузатилган - 7 киши ҳалок бўлган ва 49 киши яраланган. Донецк областида олти киши ҳалок бўлди, саккиз киши яраланди. Запорижжя областида – 5 киши ҳалок бўлди ва 8 киши яраланди, Днепропетровскда – 4 киши ҳалок бўлди ва 21 киши яраланди, Киев областида – бир киши ҳалок бўлди, тўққиз киши яраланди, Сумида – икки нафар, Харкив, Херсон ва Черкас областларида – бир киши яраланди.

Бундан олдин Украинанинг бутун ҳудуди бўйлаб ҳаво тревогаси эълон қилинганди.

Forbes маълумотларига кўра, 10 октябр куни Россия томонидан ярим кун ичида учирилган ракеталарнинг ўртача умумий қиймати 400-700 миллион долларга етади. Нашрнинг ҳисоб-китобларига кўра, кечқурун Украинага 84 та қанотли ракета ва 24 та дрон учирилган. 

Ҳужумларнинг Х-101, Х-555, «Калибр», «Искандер», С-300 ва «Торнадо-С» ракеталари билан амалга оширилганини қайд этган Forbes, улар нархи нишонга етиб борган ракеталарнинг аксарияти қиммат деган фараз асосида ҳисобланганига эътибор қаратди. Улар - юқори аниқликдаги Х-101 ва тактик масофали ракеталар (С-300, «Торнадо-С»), қолганлари эса ҳаво мудофаасини ортиқча юклаш учун юборилган. 

10 октябрда учирилган барча дронларнинг умумий қиймати бир неча миллион долларни ташкил этади, деб ёзади нашр.

Top