Россиянинг тўртта вилояти яна учувчисиз учоқлар томонидан ҳужумга учради, Россия Мудофаа вазирлиги бунда Украинани айблади. Департаментнинг таъкидлашича, 1 май, чоршанбага ўтар кечаси Воронеж вилояти ҳудудида учта, Рязан, Белгород ва Курск вилоятлари узра биттадан учувчисиз учоқ уриб туширилган.
Воронеж вилояти губернатори Александр Гусевнинг сўзларига кўра, учиш аппаратларидан бири вилоят маркази чеккасида уриб туширилган. «Бир учувчисиз учоқнинг вайроналари қулаши натижасида учта хусусий уйга зарар етди: деразалари, фасадлари, панжаралари ва эшиклари шикастланган», — деб ёзди у Telegram’да.
Рязан вилояти губернатори Павел Малков вилоятда ҳеч ким жабрланмаганини айтди. Курск вилояти раҳбари Роман Старовойт эҳтимолий вайронагарчилик ва қурбонлар ҳақида маълумот бермай, Медвенский туманидаги ҳужумни тасдиқлади.
«Украинская правда» газетаси «ГУР»нинг махсус операцияси ҳақида ёзяпти
Айни пайтда, «Украинская правда» Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармасидаги («ГУР») манбасига таяниб, Рязан нефтни қайта ишлаш заводи, шунингдек, Воронеж вилоятидаги нефтни қайта ишлаш заводи учувчисиз учоқлар ҳужумига учрагани ҳақида ёзмоқда.
1 майга ўтар кечаси кузатилган ҳужум «ГУР» томонидан амалга оширилган махсус операция бўлди, деди нашр суҳбатдоши. «Рязандаги ҳарбий нишонга катта зарар етди», деди у. Шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, Воронеж вилоятидаги ҳужум оқибатларига ойдинлик киритилмоқда.
Россия нефтни қайта ишлаш заводларига ҳужумлар
Баҳор бошидан бери Россия нефтни қайта ишлаш заводларига ҳужумлар кучайди. Хусусан, 12 март куни Россиядаги энг йирик нефтни қайта ишлаш заводларидан бири – Нижний Новгород заводида ёнғин содир бўлди, 13 март куни эса УУА Рязан нефт заводи ва Ростов-Дон яқинидаги Новошахтинский нефтни қайта ишлаш заводига ҳужум қилди. 16 март куни дронлар Самара вилоятидаги иккита нефтни қайта ишлаш заводига ҳужум амалга оширди. 17 мартга ўтар кечаси дронлар Славянск-Кубан шаҳридаги Славянск нефтни қайта ишлаш заводига ҳужум қилишга уринган. 27 апрел куни Славянск нефтни қайта ишлаш заводига янги ҳужум уюштирилди. Маҳаллий матбуот хабар беришича, Украина Қуролли кучларининг учувчисиз учоқлари Краснодар ўлкаси Северский туманидаги Илский нефтни қайта ишлаш заводига ҳам ҳужум қилган.

















