16:02 / 21.10.2022
44201

Ургутдаги туризм қишлоғи муаммолари: хорижлик туристларга ибтидоий қишлоқларимизни кўрсатмоқчимизми?

Терсак — Ургут туманидаги табиати сўлим қишлоқлардан саналади. Омонқўтон дарасига чиқиб бораверишда ўнг томонда жойлашган. Ушбу қишлоққа Президент Фармони билан туризм қишлоғи мақоми берилган. Аммо қишлоқда бундай «унвон»га хос бўлмаган талай муаммолар сақланиб турибди.

Тўғри, ўтган йил давомида Туризм вазирлиги ташаббуси билан мазкур қишлоқнинг марказий йўли асфальтланган ва кўча юзига ёритиш чироқлари ўрнатилган. Қишлоқдаги бир қатор туризм уйлари рўйхатга олинган ва уларга сертификатлар тақдим этилган.

Қишлоқнинг тарғиботи ҳам кучайтирилган чоғи, йил бўйи маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг кети узилмаяпти. Кўчаларда хорижлик туристларни ҳам учратдик. Биз борган куни қишлоқда Польша, Россия ва Франциядан хорижлик сайёҳлар борлигини айтишди.

Ёз кунлари жилға бўйидаги сўрилар маҳаллий сайёҳлар билан ҳам гавжум бўлади. Баҳор ва кузда уй меҳмонхоналарида асосан хорижлик сайёҳлар яшашар экан.

Ҳа, сўлим табиатга эга бу қишлоқ бежизга танланмаган. Бу ерни йилнинг ҳар фаслида махсус дастур асосида туристлар билан гавжум қилиш мумкин. Мусаффо ҳаво, гўзал табиат бор. Ҳайкинг, яйлов туризми янги туристик йўналишларни ривожлантириши мумкин. Масалан, кейинги йилларда қишда шаҳарларда қор ёғмай кетди. Бу ерга ноябр ойидан бошлаб қор тушади. Чана, чанғи учиш мумкин. Арқон йўлаги тортиш мумкин, бунинг учун албатта инвестиция керак. Инвестиция кириб келиши учун, албатта, минимал инфратузилма ҳам бўлиши керак-да.

Айни пайтда қишлоқда бир талай муаммолар ҳам борки, улар нафақат маҳаллий аҳолига, келаётган туристларга ҳам қийинчилик туғдирмоқда. Уларнинг ҳал этилишини барча интизорлик билан кутмоқда.

Биринчидан, қарийб 5,3 км марказий йўл асфальт қилинган. Туризм уйлари ва ҳостеллар қишлоқнинг адоғида Терсак-4 маҳалласида жойлашган. Гарчи марказий йўлнинг бир қисмига шағал ётқизилган бўлса ҳам, йўллар асфальтланмай қолиб кетди.

Обод қишлоқ дастурига тушган қишлоқда марказий кўча давом эттирилиши ўрнига маҳалланинг бошидаги 1,4 км ички йўллар асфальтланган. Ҳолбуки, туристлар учун мўлжалланган меҳмон уйларининг аксарияти қишлоқнинг энг ичкари қисмида жойлашган.

Одамларни тобора кўпроқ жалб қилаётган бетакрор табиат маскани — шаршарага олиб борадиган йўл ҳам тупроқлигича қолмоқда. Биз у ерга боролмадик. Интернетдан ҳам расмини тополмадик. Демак, бошқа журналистлар ҳам йўл ёмонлигидан у ерга боролмаган. Лекин маҳаллий одамларга ишонақолдик: сувлари жилдираб турувчи шундай гўзал шаршара борлиги ваъда қилинмоқда.

Иккинчи муаммо — сув муаммоси. Қишлоқ аҳли ҳамон чашмалардан сув ташиб ичишади. Бироқ сўнгги ўн йилдаги иқлим ўзгариши натижасида ёз ойидан бошлаб чашмаларнинг кўзи беркилиб қолмоқда.

Дарадан оқаётган жилғадан сув ичиб бўлмайди. Чунки унинг ичида чорва юради. Ҳаттоки шу сувни ҳам тонг саҳар олиб, тиндириб, қайнатиб ичаётган оилалар бор. Қишлоқ аҳли кўлмак сувлардан ичишга мажбур бўлишмоқда.

Ана шундай чашмалардан бирида 25 та чоғли 20 мм диаметрлик полиэтилен қувурлар ташлаб қўйилган. Қачонки чашмада сув бўлса, сув оқади. Сув эса баҳорда бир кўриниш беради. Одамлар йўқ сувга қувур бошига йилига 250 минг тўлов қилар экан, ўша чашма жойлашган боғ эгасига.

Ўша чашмадан сал берироқда қишлоқнинг юқори қисмида артезиан қудуқ бор. У жуда эскирган. Ундан сал пастроқдаги майдонда янгисини қазиб, сув таъминотини яхшилаш керак. Мутахассислар келишган, артезиан қудуқ қазиладиган жой ҳам танланган. Сониясига 5 литр сув чиқариб бера оладиган артезиан қазиш мумкинлиги ҳақида якуний хулосага келинган.

Туризм қишлоғида оддий сув муаммоси бўлиши ноодатий ҳол. Сув қишлоқликларга ҳам, туристларга ҳам истеъмол қилиш ва ювиниш учун керак. Тўғри, давлат томонидан қишлоқнинг юқори қисмида туристлар учун биоҳожатхона қуриб ҳам берилган. Бироқ унда ҳам сув муаммоси бор.

Қишлоққа суюлтирилган газ етказиб бериш ҳам ўлда-жўлда. Шу ерда истиқомат қилаётган отахонлардан бири ўзининг рўзғорига ҳам, фарзандларининг рўзғорига ҳам ариза ёзилганига қарамасдан суюлтирилган газ баллонлари етказиб беришни туман газ таъминоти идораси бир неча йиллардан буён пайсалга солаётганини таъкидлаб ўтди.

Иситиш учун одамлар албатта ўтиндан фойдаланишади. Табиий газ бўлмаган, бўлмаса ҳам керак.

Қишлоқнинг электр таъминоти ҳам рисоладагидек эмас. Кўчаларга ёритиш чироқлари ўрнатиб кетилганига 1 йил бўлган эса-да, улар шунчаки турибди, ишлатилмаяпти. Обод маҳалла дастури доирасида электр симлари ва симёғочлар алмаштирилиши кўзда тутилган бўлса-да, маҳалланинг юқори қисмида одамлар тераклардан қўлбола усулда симёғочлар билан сим тортиб келишган.

Қишлоққа келган маҳаллий ва хорижий туристлар интернет алоқаси яхши эмаслиги, тўғрироғи умуман йўқлигидан ҳам нолишмоқда. Фақат Beeline уяли алоқа компанияси кундуз куни бир нави ишлаб берар экан. Чунки уларнинг узатиш антеннаси қуёш энергиясидан қувватланар экан.

Албатта, катта кўчанинг бошида «Туризм қишлоғи» деб ёзилган стелла ўрнатиш, қишлоққа кириш қисмини асфальтлаб, столбалар ўрнатиш билан муаммолар ҳал бўлмайди, бу билан қишлоқ чинакам туристлар масканига айланиб қолмайди.

Туризм қишлоғи барча элементар шароитларга эга бўлиши керак. Сув, электр, суюлтирилган газ, интернет таъминлаб қўйилса бас. Қолгани — пазанда ва меҳмондўст аҳоли, ўзбекона шарт-шароитлар, сўлим табиат, тоза ҳаво бор. Қишлоқнинг баҳорги манзарасига қаранг:

Муаммоларни ҳал қилишга қишлоқ аҳлининг ўз кучи етмайди. Қолаверса, 19 сентябр куни бўлиб ўтган Президент селекторида туризм соҳасига сусткашлик қилаётган республикадаги 14 та туман, жумладан Ургут тумани ҳокими Ботир Жабборов ўз вазифасидан олиниб, камчиликларни тўғрилаш учун уч ой муҳлат берилган эди.

Ботир Жабборов, Ургут тумани ҳокими

Биз билан суҳбатлашган қишлоқ оқсоқолларининг айтишича, ҳоким шундан кейин ҳам қишлоққа қадам босмаган. Терсак маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси Ғиёс Ғаффоров биз билан суҳбатда ҳоким қишлоққа келгани, вазият билан танишгани, режалар ишлаб чиқилгани, шунчаки одамлар ҳокимни танимаслигини айтди.

Биз Ургут туман ҳокимлигининг расмий Телеграм каналида 2022 йилнинг 19 сентябридан буён чиқарилган хабарларни синчиклаб қараб чиқдик. Ҳоким Б.Жабборов Терсак қишлоғига борганини тасдиқловчи бирорта хабарга ёки фотосуратга дуч келмадик.

Ғиёс Ғаффоров, Терсак маҳалласи ҳоким ёрдамчиси. Фото: Zarnrews.uz

Энди ўзингиз холисона айтинг: одамлар танимайдиган ҳоким ўз вазифасига лойиқми-йўқми?

Биз терсакликларни қийнаётган муаммоларга жиддий эътибор қаратилиши, уларни бартараф этиш юзасидан муайян тадбирлар ишлаб чиқилишига ишонамиз. Ўйлаймизки, бу борада вилоят Туризм ва маданий мерос бошқармаси ҳамда Ургут туман ҳокимлиги ўзларининг аниқ позициялари баён қилишади.

Шуҳрат Шокиржонов, журналист
Тасвирчи ва монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев

Top