14:46 / 22.10.2022
10402

Германия Украинага ҳарбий ёрдам учун 2,2 млрд евро ажратиши мумкин

Германия ТИВ раҳбари ва мудофаа вазири Молия вазирлиги раҳбарига 2023 йилда Украинага ҳарбий ёрдам учун 2,2 миллиард евро ажратиш талаби билан мурожаат қилди. 

Фото: Getty Images

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок ва мудофаа вазири Кристин Ламбрехт молия вазири Кристиан Линднердан кейинги йил Украинага ҳарбий ёрдам учун сезиларли даражада кўпроқ маблағ ажратишни сўрамоқда. Бу ҳақда 22 октябр, шанба куни Бербок ва Ламбрехтнинг хабарига таяниб, Der Spiegel ёзяпти. 

Вазирлар Киевга ёрдам бериш учун 2,2 миллиард евролик махсус жамғарма ташкил этишни зарур деб ҳисоблайди. Фақатгина шундай бюджет билан Германия ўзининг «халқаро ҳамкорлари» ундан кутаётган «масъулиятни аниқ ўз зиммасига олиши» мумкин, дейилади хабарда. 

Мактубнинг энг бошида вазирлар 2023 йилги бюджетдан шу пайтгача бундай мақсадлар учун атиги 697 миллион евро ажратилганини танқид қилишади. 2022 йилда ҳукумат ушбу фонддан Украинага тўғридан тўғри ва «айлана» деб аталадиган қурол-яроғ етказиб беришга ҳомийлик қилди. Бербок ва Ламбрехтнинг фикрига кўра, бу қурол ёрдами учун «марказий молиялаштириш воситаси». Берлин, масалан, Чехия ва Греция Украинага илгари тақдим этилган эски транспорт воситаларини алмаштириш учун олган танкларни етказиб беришда жамғармадан фойдаланган. 

Вазирлар 2023 йилги бюджет ноябрь ойи ўрталарида тасдиқлангач, Линднердан ушбу махсус жамғарма ҳажмини сезиларли даражада оширишни исташяпти. Хабар муаллифларига кўра, режалаштирилган бюджет режаси ўз вазирликлари ҳаракатлари учун майдонни «сиёсий жиҳатдан асосланмаган минимал даражага» қисқартиради. Бундан ташқари, вазирлар кўп йиллик қурол-яроғ лойиҳаларига яна бир миллиард еврогача маблағ сарфланиши кафолатини талаб қилмоқда. 

Вазирлар ўз талабларини жиддий баёнотлар билан тасдиқлайди, деб ёзади Der Spiegel. Хусусан, улар «Берлиннинг ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалаларида ҳаракат қилиш қобилияти, шунингдек, халқаро обрўси» махсус жамғарма маблағларига боғлиқлигини билдиряпти. 2022 йил Украинани «юқори технологияли ҳарбий салоҳият»ни яратишда қўллаб-қувватлаш учун «максимал мослашувчанлик» зарурлигини кўрсатди, дейилади хабарда. Бугунги кунга келиб, Германия ҳукумати тез ва самарали ҳаракат қила олишини исботлади. Бу суръат пасаймаслиги учун Бербок ва Ламбрехт зудлик билан Линднерга ёрдам сўраб мурожаат қиляпти, дейилади хатда. 

Айни пайтда, Der Spiegel ёзишича, Молия вазирлиги чексиз ресурсларга эга эмас. Молия тизими, хусусан, 2023 йил учун энергия нархининг ўсишини қоплаш бўйича катта ёрдам пакетлари юзасидан катта босим остида қолган. Кристиан Линднер бир неча бор вазирлар маҳкамасидаги ҳамкасбларини пулни тежашга чақирган.

Аввалроқ, 21 октябр куни Германия Бундестаги энергия нархларининг кескин ўсишини жиловлаш ва бизнесга ёрдам бериш учун 200 миллиард евро миқдорида махсус Иқтисодий барқарорлик жамғармаси ташкил этилишини маъқуллаган эди. «Бу коммунал тўловлар ҳақида қайғураётган ҳар бир киши учун яхши янгилик. Шунингдек, савдо ва бизнес учун», - деди Германия канцлери Олаф Шолц. Ҳукумат режаларига кўра, ажратилган маблағ 2024 йилгача етарли бўлиши керак. 

Ёрдам пакетини молиялаштириш учун Германия ҳукумати яна асосий қонунда мустаҳкамланган «қарз тормози»ни тўхтатади ва янги кредитлар олади. Давлат қарзининг ўсишига йўл қўймаслик бўйича илгари олиб борилган сиёсатдан, хусусан, 2020 йилнинг март ойидаги пандемия фонида аллақачон воз кечилган. 2014 йилдан бери Берлин қарздан қутулишга муваффақ бўлиб келяпти. Кристиан Линднернинг таъкидлашича, Германия бу қоидага 2023 йилда қайтади. 

2024 йилгача бўлган давр учун жамғарма тўғрисидаги қарор аввалроқ Германия Федерал аудит идораси томонидан танқид қилинган эди. Мутахассисларининг таъкидлашича, бу федерал бюджет ҳар доим бир йилга тузилиши бўйича тамойилларга зид келади. 

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top