Жаҳон | 10:52 / 18.05.2024
3677
3 дақиқада ўқилади

Украинада сафарбарлик ҳақидаги янги қонун кучга кирди

Янги қонун ҳарбий рўйхатга олиш қоидаларини қатъийлаштирди, ҳарбий хизматдан бўйин товловчиларга нисбатан санкцияларни кучайтирди ва хизматни кечиктириш бўйича қоидаларни аниқлаштирди.

Фото: AP

18 май, шанба куни Украинада сафарбарлик тўғрисидаги янги қонун кучга кирди. Ҳужжатнинг қоидалари ҳарбий хизмат мажбурларни хабардор қилиш, ҳарбий рўйхатга олиш ва ҳарбий хизматга чақирув қоидаларини ўзгартиради.

ҲШМдаги маълумотларни мажбурий аниқлаштириш 

Янги қонунга кўра, 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган ҳарбий хизматни ўташга мажбур бўлган барча эркаклар чақирувни кутмасдан икки ой муддатда шахсий маълумотларини янгилашлари шарт: тўлиқ исми, туғилган санаси ва жойи, яшаш манзили, телефон рақамлари, электрон почтасини. 

Агар фуқаро Украина ҳудудида бўлса, маълумотларини ҳудудий шакллантириш марказлари (ҲШМ), маъмурий хизматлар кўрсатиш маркази, шунингдек, чақирилувчилар ва захирадагиларнинг электрон ҳисоби орқали янгилаши мумкин. Агар фуқаро чет элда бўлса, маълумотлар чақирилувчининг онлайн аккаунти ёки ҳарбий рўйхатга олинган жойдаги ҲШМ расмий электрон почта манзили ёки телефон рақами орқали ҳам янгиланиши мумкин. 

Ҳарбий ҳужжатларни текшириш 

Қонун кучга киргандан сўнг, Украинанинг ҳарбий ёшдаги барча фуқаролари ҳарбий рўйхатга олиш ҳужжатларига эга бўлишлари ва ҲШМ ваколатли вакили ёки полиция ходимининг талабига биноан уни тақдим этишлари керак. Украина давлат чегараси орқали ўтиш пунктларида ҳарбий хизматга мажбур бўлган шахснинг ҳарбий гувоҳномаси ёки вақтинчалик гувоҳномаси ҳам сўралиши мумкин. 

18 майдан бошлаб чақирув қоғозлари топширилади

Янги қонунга кўра, энди чақирув қоғозини қуйидагилар топшириши мумкин: ҲШМ, «СБУ» ва Ташқи разведка хизматининг ваколатли ходимлари, иш берувчилар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари вакиллари, ҲШМ буйруғи бўлса, таълим муассасалари раҳбарлари. шунингдек, уй-жой коммунал хизмати вакиллари. 

Фуқаро ҳарбий хизматдан бўйин товлаган тақдирда, ҲШМ унинг сафарбарлик даврида транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини вақтинча чеклаш тўғрисидаги даъво билан судга мурожаат қилиши мумкин. 

Сафарбарликни кечиктириш 

Янги қонун иккинчи олий маълумот учун таҳсил олувчиларга сафарбарликни кечиктириш имконини бекор қилади. У фақат кундузги бўлимда ўқийдиган илгари олий маълумотга эга бўлган талабаларга берилади. Шу билан бирга, докторантлар ва интернатурага қабул қилинганлар учун кечиктириш сақланиб қолмоқда. 

Эндиликда Мудофаа вазирлиги тизимидаги корхона, муассаса ва ташкилотлар ходимлари учун ҳам сафарбарлик муддатини кечиктириш бўлмайди. 

Қуйидагиларга сафарбарлик амал қилмайди: брон қилинган ходимлар, I ёки II гуруҳ ногиронлари, камида 0,75 ставкада ишлайдиган илмий ходимлар ва ўқитувчилар, алимент бўйича қарзи бўлмаган кўп болали фуқаролар, ёлғиз ота-оналар ва меҳнатга лаёқатсиз яқин қариндошларини парвариш қилаётганлар. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид