21:40 / 25.10.2022
29013

«Норд-Ост» терактига 20 йил. Жавобсиз қолаётган асосий саволлар

20 йил олдин Россия тарихидаги энг даҳшатли терактлардан бири содир бўлди – Москванинг Дубровка районидаги театр марказига ҳужум уюштирилди.

Фото: ANTON DENISOV/TASS

2002 йил 23 октябр куни қуролланган террорчилар гуруҳи «Норд-Ост» мусиқали спектаклининг 900 дан ортиқ томошабини ва иштирокчиларини гаровга олди. Орадан 3 кун ўтгач, хавфсизлик кучлари гаровга олинганларни озод қилиш бўйича махсус операция ўтказиб, «ухлатувчи» махфий газ ишлатди. Теракт ва штурм оқибатида гаровга олинганларнинг 130 нафари ҳалок бўлди, жангариларнинг барчаси ўлдирилди.

Ўтган 20 йил давомида Дубровкадаги марказда содир бўлган воқеалар ҳақида сон-саноқсиз матнлар ёзилди, ҳужжатли фильмлар ишланди. Теракт тафсилотлари судларда, шу жумладан Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судида (ИҲЕС) муҳокама қилинди. Унда қурбон бўлганларнинг яқинлари Россия ҳукумати билан судлашди. Шунга қарамай, Дубровкада содир бўлган воқеалар ҳақида ҳамон кўплаб саволлар жавобсиз қолмоқда.

Қуролланган жангарилар қандай қилиб Москва марказига сездирмасдан етиб боришди?

Россия ҳукумати чечен дала қўмондони Шамил Басаевни Дубровкадаги террорчилик ҳаракати ташкилотчиси деб ҳисоблайди. Тергов маълумотларига кўра, у 2002 йил ёзида ҳужумни режалаштирган. Шунингдек, жангарилар нафақат одамларни гаровга олишни, балки Москвада бир неча портлаш уюштиришни ҳам режалаштирган.

Ҳужумни ташкил қилиш дала қўмондони Мовсар Бараевга топширилган. Дубровкадаги терактдан икки ҳафта олдин хавфсизлик кучлари унинг ўлдирилгани ҳақида хабар берганди.

Бараев билан бирга гуруҳга Абубакр номи билан танилган Руслан Элмурзаев раҳбарлик қилган. Гуруҳда ҳаммаси бўлиб 50 дан ортиқ одам бўлган, уларнинг ярми худкуш-террорчи аёллар эди. Яна бир чеченистонлик Асланбек Хасханов портлашларни уюштиришга масъул бўлган – унинг гуруҳи Москвага қурол-яроғ етказиб бериш ва жангариларни жойлаштириш билан шуғулланган.

Портловчи моддалар ва қуроллар Чеченистондан Москвага КамАЗ юк автомобилларида ташилган, улар сиқилган ҳаво баллонлари ичига яширилиб, устига картошка (баъзи манбаларда олма) юкланган.

Автоматлар, тўппончалар, гранаталар ва портловчи камарлар Ленинский проспектидаги гараж кооперативида сақланган. Бараев гуруҳи жангарилари ижарага олинган хонадонларга жойлаштирилган. Террорчилар Москвага турли йўллар билан етиб олишган – аксарияти Хасавюрт-Москва автобусида.

Фотосурат марказида – теракт вақтида Мовсар Бараев ва унинг шериклари. НТВ мухбирларига театр биносига киришга рухсат берилган ва улар Бараевдан қисқа интервю олишга муваффақ бўлишган
Фото: TASS

Хасханов гуруҳи Москвада иккита портлаш уюштирмоқчи бўлган – Покришкин кўчасидаги «Макдоналдс» кафесида ва Чайковский концерт залида. Ҳужумнинг режалаштирилган санаси турли манбаларда турлича келтирилади. Айримлар портлашлар 19 октябрда, Дубровка ҳужумидан олдин бўлиши керак эди, деб таъкидлайди. Бошқалар 24 октябр куни, ҳужумдан кейин деган фикрда. Яна бир тоифа портлашлар 7 ноябрда бўлиши керак эди, деб ҳисоблайди. Ўша пайтда бу сана Россияда ризолик ва муроса куни сифатида нишонланган.

Портлаш уюштириш учун террорчилар иккита машина – ВАЗ-2108 ва «Таврия» сотиб олишади. Иккинчиси 19 октябр куни тушдан кейин «Макдоналдс» яқинида портлатилди, оқибатда 17 ёшли йигит ҳалок бўлди. Милиция буни «жиноий тўдаларнинг ўзаро кураши» сифатида баҳолади.

Чайковский номидаги концерт зали яқинида машинага ўрнатилган бомба портламай қолган. Сўнгра портловчи моддалар солинган баллон Бараев гуруҳига берилади, уни Дубровкадаги залга олиб боришади.

Кейинчалик маълум бўлишича, машиналарни портлатишдан ташқари, бир гуруҳ жангарилар Москва марказида худкушлик ҳужумларини амалга ошириши мумкин эди, аммо бу ҳеч қачон содир бўлмаган.

23 октябр куни кечқурун жангарилар гуруҳи Лужники яқинидаги халқаро автобус бекатида учрашиб, учта микроавтобусга ўтиришади. Сўнгра Дубровкадаги театр маркази томон йўл олишади. Улар манзилга соат 21:00 дан кейин, «Норд-Ост» мусиқий спектакли бошланганда етиб боришади.

 Покришкин кўчасида жойлашган «Макдоналдс» олдидаги портлаш оқибатлари. Бу воқеадан сўнг, хавфсизлик кучларининг Москвадаги вазиятга эътибори кучайиши террорчиларнинг «Норд-Ост»ни эгаллаб олишига тўсқинлик қилмаган
Фото: FYODOR SAVINTSEV/TASS

Босқинчилар соқчиларни шокер билан осонликча қуролсизлантириб, концерт залига бостириб киришади. Видеолавҳаларда ниқоб таққан ва камуфляж кийимли одамлар спектакл ўртасида саҳнага югуриб чиққани кўринади. Томошабинлар ўриндиқлари орасидаги йўлакларда худкуш-террорчилар пайдо бўлади. 900 дан ортиқ одам гаровга олинади.

Тиш-тирноғигача қуролланган одамлар гуруҳи бир неча кун олдин «Макдоналдс» кафеси олдида портлаш юз берган бўлса-да, Москва марказига сездирмасдан қандай етиб боргани ва бунинг учун ким жавобгарликка тортилгани маълум эмас. «Норд-Ост» воқеасидан икки йил ўтгач, Бесландаги теракт қурбонлари оилалари ҳам худди шундай саволларни беришади.

«Норд-Ост»да гаровга олинганларни қутқариш учун ташкил этилган тезкор штабни ким бошқарган?

Театр биноси жангарилар томонидан эгалланганидан сўнг, у ерга хавфсизлик кучлари, гаровдагиларнинг қариндошлари ва журналистлар оқиб кела бошлади. Террорчилар зудлик билан Россия қўшинларини Чеченистондан олиб чиқиш талабини қўйишган.

Тез орада театр маркази яқинида босқинчилар билан музокаралар олиб бориш ва зарур ҳолатда бинони штурм қилиш ваколатига эга тезкор штаб тузилади.

«Новая газета» ушбу теракт тафсилотларига бағишланган мақоласида тезкор штаб таркибини «катта сир» деб атади. Штабга раҳбарлик қилган ва унинг таркибида бўлган шахслар рўйхати йўқ – Россия расмийларининг таъкидлашича, барча қоғозлар йўқ қилинган.

Норасмий маълумотларга кўра, штаб Россия ФХХ раҳбари ўринбосари Владимир Проничев томонидан бошқарилган. «Новая газета» ёзганидек, у штабни иккита гуруҳга ажратган: гаровга олинганларга ёрдам бериши керак бўлган «фуқаролар» (уни Москва мэри Юрий Лужков бошқарган) ва штурмга тайёргарлик кўрадиган «ҳарбийлар».

Кейинчалик «Новая газета» гарчи ўнлаб одамлар ҳалок бўлса-да, гаровга олинганларни озод қилиш операцияси учун ёпиқ фармон билан Проничевга Россия қаҳрамони унвони берилганини ёзди.

Дубровкадаги театр маркази хавфсизлик кучлари томонидан ўраб олинса-да, бир неча фуқаро уни ёриб ўтишга муваффақ бўлган
Фото: KONSTANTIN KIZHEL/TASS

Дубровкадаги теракт хроникаси орадан 20 йил ўтган бўлса ҳам, ўта бетартиб бўлгани ҳақида таассурот қолдиради. Мисол учун, террорчилар билан музокараларда иштирок этган журналист Анна Политковская гаровдагиларга сув ёки шарбат сотиб олиш учун журналистлар билан ўт ўчирувчилардан пул йиғгани, уларни яқин дўкондан сотиб олганини эслайди.

Театр маркази биноси хавфсизлик кучлари томонидан ўраб олинган бўлса-да, тасодифий одамлар уни ёриб ўтишга муваффақ бўлишган. Улардан камида икки нафари террорчилар билан айтишиб қолган ва якунда отиб ташланган.

Музокаралар давомида гаровдагиларнинг бир қисмини озод қилишга эришилган. Музокарачилар ҳам ўзгариб турган. Политковскаядан ташқари, турли вақтда Давлат думаси депутатлари Иосиф Кобзон, Асламбек Аслаханов ва Евгений Примаков, режиссёр Станислав Говорухиннинг ўғли Сергей, шифокор Леонид Рошал, Ингушетия президенти Руслан Аушев, «Қизил Хоч» ходимлари, НТВ журналистлари, британиялик мухбир Марк Франкетти ва бошқалар ҳам террорчилар олдига кириб, музокара ўтказишган.

Терактнинг 17 йиллиги муносабати билан катта ҳужжатли фильмни суратга олган журналист Катерина Гордеева (яқинда Россия ҳукумати уни «хорижий агентлар» рўйхатига киритди) воқеаларни шундай тасвирлайди: «Мутлақо тартибсизлик ҳақида тасаввур пайдо бўлади. Музокаралар билан ҳеч ким шуғулланмагандек туюлади. Ким хоҳласа террорчилар олдига бораверган».

Қўшиқчи Иосиф Кобзон (фотосуратда) жангарилар билан музокара ўтказиб, аёл ва уч боланинг: унинг қизлари ва ўзиники деб айтган яна бир боланинг озод қилинишига эришган
Фото: ANTON DENISOV/TASS

25 октябр куни кечқурун, яъни бино эгаллаб олинганидан икки кун ўтгач, Бараевга президентнинг Жанубий федерал округдаги вакили Виктор Казанцев билан учрашув ваъда қилинган. Аммо бу амалга ошмайди. 26 октябр куни эрта тонгда хавфсизлик кучлари театр маркази биносига ухлатувчи газ юбориб, штурмни бошлаб юборишади.

Штабнинг «фуқаролар» қисмига алоқадор бўлган одамлар штурм қандай кечиши ва унда заҳарли модда қўлланиши ҳақида ҳеч нарса билишмаган.

Нима учун бу тафсилотлар жуда муҳим? Чунки, штурм оқибатида ҳалок бўлган ва жабрланганларнинг яқинлари қутқарув операцияси қандай режалаштирилгани ва амалга оширилганида айнан штаб раҳбарларини айбдор деб билишади.

2011 йилда ИҲЕС 64 жабрланувчининг шикояти бўйича қарор чиқарди. Унда терговчилар «шифокорлар, қутқарувчилар ва ҳарбий хизматчиларнинг ҳаракатларини мувофиқлаштирган барча мансабдорларнинг шахсини, шунингдек, уларга қандай йўриқномалар берилганини аниқлай олмагани», тезкор штабнинг кўпчилик аъзолари эса сўроқ қилинмагани алоҳида қайд этилган.

25 октябр куни гаровдагиларнинг яқинлари Чеченистондаги урушни тўхтатишни талаб қилиб, Василий Блаженний черкови олдида митинг ўтказишди
Фото: LYUDMILA PAKHOMOVA/TASS

Жабрланувчилар терактдан кейин қутқарув операциясини амалга оширган хавфсизлик кучлари ходимларига нисбатан иш қўзғатишни талаб қилишган эди. Аммо, Москва прокуратураси улар «фавқулодда вазиятда» ҳаракат қилганини ҳисобга олиб, рад жавобини берди.

Ҳужум нима учун бошланган ва унда қандай газ ишлатилган?

Ҳужум пайтида хавфсизлик кучлари ишлатган газнинг таркиби бугунги кунгача сир бўлиб қолмоқда. Кейинчалик, терговнинг изоҳ беришича, махсус операцияни (штурмни) ўтказиш тўғрисидаги қарор гаровга олинганларнинг «ҳаёти ва соғлиғига» таҳдид бўлгани туфайли қабул қилинган. Террорчиларнинг асосий талаби – яқин келажакда қўшинлар Чеченистондан олиб чиқилмаса, гўёки улар томошабинлар ва театр ходимларини отиб ташлашни бошлаб юборишар эди. Гаровга олинган ва омон қолганлар кейинчалик буни шубҳа остига қўядилар.

Москва прокуратураси алоҳида таъкидлаганидек, портлаш ёки қатл пайтида одамларнинг оммавий ўлими «Россиянинг халқаро майдондаги обрўсига путур етказар эди». Фақат 2018 йилда Владимир Путин штурмга, шу жумладан газ ишлатишга ҳам шахсан ўзи буйруқ берганини, террорчилар гаровга олинганларни гўёки Қизил майдонда отиб ташламоқчи бўлганини айтди.

Владимир Путин гаровга олинганлар воқеасини ФХХ раҳбари Николай Патрушев ва ички ишлар вазири Борис Гризлов билан муҳокама қилмоқда
Фото: VLADIMIR RODIONOV/TASS

Газ ихтирочисининг исмини ҳам ҳеч ким билмайди – «Новая газета» номаълум кимёгар худди Проничев сингари Россия қаҳрамони юлдузини олганини ёзди.

Дубровкадаги театр жангарилар томонидан эгаллаб олинганидан кейин, ҳарбийларнинг «Алфа» ва «Вимпел» элита қисмлари Калужскаядаги «Меридиан» маданият уйида штурмни машқ қилишади – иккала бино бир хил лойиҳа бўйича қурилган.

26 октябр куни эрта тонгда Дубровка театр маркази биносига вентиляция орқали газ юборилди. Кейинчалик гувоҳларнинг эслашича, худкуш-террорчилар портловчи мосламаларни ишга туширмаган, балки гаровдагилар билан полга ётишган. Нега ишга туширмагани номаълум.

Газ таъсирида баъзилар ухлаб қолган, бироқ террорчиларнинг бир қисми ҳушёр бўлган ва хавфсизлик кучлари билан отишма бошланган. Уларнинг барчаси охир-оқибат ўлдирилган (шунга қарамай, улардан баъзиларининг шахси ҳозиргача аниқланмаган).

Штурмдан бир неча кун ўтгач, Соғлиқни сақлаш вазири Юрий Шевченко террорчиларни зарарсизлантириш учун «фентанил ҳосилаларига асосланган бирикма» ишлатилганини айтди, бу эса ўлимга олиб келмайди. Бу ҳақда ФХХ Москва департаменти томонидан ҳуқуқ ҳимоячиси Лев Пономарёвга берилган расмий жавобда ҳам қайд этилган. 2011 йилда Европа суди қарорида ҳам хавфсизлик кучлари газ таркибини ҳатто тергов идораларига ошкор этмагани айтилади.

Солсберидаги Британия илмий ва технологик хавфсизлик асослари лабораторияси мутахассислари 2012 йилда тадқиқот натижаларини эълон қилишди. Унга кўра, аэрозол таркибига иккита кучли опиоид анестетик – карфентанил ва ремифентанил кирган (лекин олимлар бу моддаларнинг аниқ нисбатини аниқлай олмаган).

26 октябр куни тонгда махсус кучлар ходимлари штурмдан олдин. Фото: AFP

Жабрланганлар ва қурбонларнинг яқинлари қайта-қайта таъкидлаганидек, газнинг аниқ таркибини билиш гаровга олинганларга штурмдан сўнг самарали тиббий ёрдам кўрсатиш имконини берган бўларди.

Бундан ташқари, «Норд-Ост» штурмидан 20 йил ўтган бўлса ҳам, собиқ гаровга олинганлар заҳарли моддалар оқибатидан – хотира, кўриш ва бош оғриғи билан боғлиқ муаммолардан азият чекмоқда. Агар шифокорлар уларга нима бўлганини билса, самарали ёрдам кўрсатиш осонроқ бўлиши мумкин.

Гаровга олинганлар нимадан ҳалок бўлди – газданми ёки малакасиз ёрдамдан?

Расмий маълумотларга кўра, Дубровкадаги террорчилик ҳаракати натижасида 130 киши ҳалок бўлган – уларнинг аксарияти штурм бошланганидан кейин. Уларнинг ўлимига айнан нима сабаб бўлгани – газдан фойдаланиш, малакасиз ёрдам ёки шунчаки, нохуш вазиятлар комбинациясими, бу ҳақдаги баҳслар бугунги кунгача давом этмоқда.

Ҳужумдан кейин гаровга олинганларни қутқариш видеоси сақланиб қолган. Унда махсус кучлар аскарлари бинодан одамларни, баъзиларини беҳуш ҳолда кўтариб олиб чиққанини, кираверишдаги зинапояга ётқизганини, баъзилари автобусларга, бошқалари тез ёрдам машиналарига олиб кетилганини кўриш мумкин.

«Агар штурм тугаганидан кейин, бундай тартибсизлик бўлмаганида, агар барча жангарилар йўқ қилингани ҳақида хабар берилганида, менимча, кўп одамларни қутқариб қолиш мумкин эди», — дейди Сергей Гончаров, ҳужумда иштирок этган «Алфа» отряди фахрийлар уюшмаси президенти. - Бўғилиб қолаётган одамлар бирин-кетин, деярли устма-уст автобусга юкланди. Бу тиббий меъёрларга умуман жавоб бермайди. Лекин тартибсизлик билан шундай қилинди».

Гаровга олинганларнинг баъзиларига махсус кучлар ходимлари томонидан жойида антидот укол қилинган, аммо Гончаров тушунтирганидек, гаровга олинган 900 одамнинг ҳар бирининг жисмоний хусусиятларини ҳисобга олиш иложсиз эди.

2011 йилда ИҲЕС Россия расмийларини «асоссиз куч ишлатиш, гаровга олинганларга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатмаслик ва террорчилик ҳаракатини етарлича самарали тергов қилмаслик»да айблаган 64 нафар жабрланувчининг шикоятини қаноатлантирди. Суд қарорида қайд этилишича, эвакуация қилишга яхши тайёргарлик кўрилмаган, тартибсиз бўлган, тирик қолганлар ва ўликлар ажратилмаган, оқибатда баъзиларга тиббий ёрдам кўрсатилмаган.

Махсус кучлар ходимлари гаровдан озод қилинганларни театр биносидан олиб чиқмоқда. Уларнинг баъзилари бино зинапоясига қўйилмоқда
Фото: ANTON DENISOV/TASS

Шу билан бирга, ИҲЕС штурм бошлаш тўғрисидаги қарорни қонуний деб ҳисоблади, аммо қутқарув операциясининг ўзини ноадекват деб баҳолади. Шунингдек, «хавфсизлик хизмати томонидан ҳалокатли куч ишлатилиши ва гаровга олинганларнинг ўлими ўртасида бевосита боғлиқлик борлигини, бунга сабаб газ эканини» аниқлади. Суд Россияни Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Европа конвенциясининг 2-моддасини («Яшаш ҳуқуқи») бузган деб топди.

Аризачиларга жами 1,3 миллион евро миқдорида товон тўлашдан ташқари, ИҲЕС Россия Федерациясига қутқарув операциясининг самарасизлиги учун жавобгар бўлган мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари устидан тергов ўтказиш мажбуриятини юклади (аммо бу Россия томонидан амалга оширилмади).

ИҲЕС қарорида жабрланганларга ёрдам бериш учун токсикологлар етарли бўлмагани, қутқарувчилар ва шифокорлар газдан фойдаланиш, унинг хусусиятлари ва даволаш усуллари ҳақида ҳеч қандай маълумот ва кўрсатмалар олмагани қайд этилган. Суд шунингдек, қутқарув операциясида иштирок этган турли хизматлар ўртасида мувофиқлаштириш маркази бўлмаганига ҳам ишора қилди: уларда жабрланганларни тақсимлаш бўйича аниқ режа ҳам, етарлича ходимлар ҳам йўқ эди.

Масалан, «Норд-Ост» жамоат ташкилоти раиси вазифасини бажарувчи Дмитрий Миловидов экспертиза натижаларига кўра, ҳалок бўлганларнинг камида 68 нафарида тиббий ёрдам белгилари умуман йўқлигини бир неча бор айтиб берган.

Россия расмийлари воқеаларнинг бундай талқинига ҳеч қачон қўшилмаган. 2003 йилда ФХХ томонидан ҳуқуқ ҳимоячиси Пономарёв сўровига шундай жавоб берилди: «Гаровга олинганлар соғлиғининг ёмонлашишига махсус рецептура оқибатлари эмас, балки, стресс, гипотония, бир жойда узоқ вақт ҳаракатсиз ўтириш, тананинг сувсизланиши ва очлик каби «ўта хавфли омиллар» комбинацияси сабаб бўлган».

Бу штурмдан кейин олинган энг машҳур фотосуратлардан бири. Унда озод қилинганларнинг баъзилари ҳушсиз ҳолатда экани ва тез ёрдам машиналарига эмас, балки автобусларга юкланганини кўриш мумкин. Кейинчалик, ИҲЕС нотўғри саралаш туфайли баъзи жабрланувчиларга тиббий ёрдам кўрсатилмаганини аниқлаган. Фото: AFP

Владимир Путин 2003 йилда Washington Post газетасига берган интервюсида ҳам воқеани шунга ўхшаш тарзда изоҳлади: «Газ зарарли эмас, зарарсиз эди. У одамларга зарар етказа олмасди. Одамлар бир қанча салбий ҳолатлар қурбони бўлишди – сувсизланиш, сурункали касалликлар, ўша бинода қолишга мажбур бўлишгани... Бинони штурм қилган хавфсизлик хизматини ёки тиббий ёрдам кўрсатган ходимларни, шифокорларни танқид қилиш осон».

Аммо, орадан 15 йил ўтгач, Россия президенти фикрини ўзгартирди. У ўзининг 2018 йилги сайловолди кампанияси учун суратга олинган «Путин» фильмида воқеаларни қуйидагича тасвирлади: «Афсуски, у ерда кўп одамлар ҳалок бўлди. Улар отишмадан эмас, газдан эмас, балки ҳаракатларнинг уюшқоқ эмаслигидан ҳалок бўлишди. Антидот етарли эди, шунчаки укол қилинса кифоя эди. Кимгадир уч марта укол қилинди, кимгадир бирор марта қилинмади. Биз яхшилаб тергов қилдик, лекин бу шароитда кимнидир жазолаш қийин: бу одамлар ўлимга тик юзланиб боришган эди».

Терактда 14 ёшли қизидан айрилган Дмитрий Миловидов унга сиртдан эътироз билдирди:

«Ўлимга юз тутиб, олдинга борган, ўзлари ҳам заҳарланган жангчилар ортига яширинишга уриняпсиз. Йўқ, жаноб Путин, шахсан сизни айблаймиз. Буйруқни бажарган ва гаровдагиларни қутқарган йигитларга эътирозимиз йўқ».

Прокуратура талабига биноан «Защита» бутунроссия тиббиёт маркази суриштирув ўтказиб, ўз хулосасини эълон қилди. Унга кўра, штурм пайтида қўлланган газ учун махсус антидот бўлмаган. Мутахассислар фикрига кўра, гаровдагиларнинг баъзилари «модданинг бир зумда ўлдирадиган дозасини олишган».

Нима учун одамлар ўлимига сабаб бўлганлар судланмади?

Дубровкадаги театр марказида ҳалок бўлганларнинг қариндошлари кўп йиллар давомида яқинлари билан аслида нима воқеа содир бўлганини билишга ҳаракат қилишмоқда. 2002 йилда Борис Немцов (13 йилдан сўнг ўлдирилган) амалдорларнинг штурм пайтидаги ҳаракатларини текширишни талаб қилган, аммо рад этилган эди.

Гаровдагилар озод этилгандан сўнг, суд қилинадиган одамнинг ўзи қолмади – барча террорчилар махсус операция давомида йўқ қилинди.

Бу фактнинг ўзи ҳам саволлар туғдирди. Нега жангариларнинг бирортаси тириклайин ушланмади, ахир газ оқибатида баъзилари «ухлаб қолиши» керак эди-ку?

«Агар биз газ юборилганидан кейин баъзилар мустақил равишда ҳаракат қилиб, зални тарк этгани ҳақида гапирадиган бўлсак, унда портловчи мосламалари бўлган 20 нафар худкуш-террорчи аёлдан ҳеч бири тугмани босмаслигига ким кафолат бера олар эди? Йўқ қилиш ҳақида буйруқ олган аскарлардан ҳеч бири худкушни ўлдириш ёки тирик қолдириш масаласида иккиланмайди», деб тушунтиради штурм иштирокчиси Сергей Гончаров.

Штурмдан бир ярим йил ўтгач, Москвага қурол етказиб беришда ёрдамлашган ва «Макдоналдс» олдидаги терактга масъул бўлган Асланбек Хасханов ва унинг шериклари қўлга олинди. Охир-оқибат Хасханов 22 йилга қамалди.

Иш бўйича яна бир чечен Заурбек Талхигов судланди. У террорчиларга шериклик қилганликда айбланди. Талхиговнинг ўзи эса театр биноси эгалланганидан сўнг Дубровкага боргани, хавфсизлик кучлари ундан босқинчилар билан алоқа қилишда воситачи сифатида фойдаланганини таъкидлади.

Ҳалок бўлган 130 одам ичида 10 нафар бола бўлган. Фотосуратда Дубровка театр маркази олдида ҳалок бўлганлар хотирасига бағишланган вақтинчалик мемориал. Фото: AFP

2003 йилда Шамил Басаев ва Герихан Дудаевга терактни уюштирганликда, Хасан Закаевга Москвага қурол етказиб бериш ва жангариларни жойлаштиришни ташкил этганликда сиртдан айблов эълон қилинди.

Басаев 2006 йилда Ингушетияда ўлдирилди, Дудаев ҳали ҳам қидирувда, Закаев эса фақат 2014 йилда ҳибсга олинди. 2017 йилда у 19 йилга озодликдан маҳрум этилди. Аммо жабрланувчилар бундан норози бўлди – улар суд мансабдор шахсларнинг ҳаракатларини текширишдан яна бош тортганини айтишди.

Жабрланувчиларнинг шикояти бўйича ИҲЕС қарори 2012 йилда кучга кирди. Аммо Россия расмийлари буни ҳамон бажармаган – «Финогенов ва бошқалар Россия Федерациясига қарши» иши ҳали ҳам Европа Кенгаши Вазирлар қўмитасининг кучайтирилган назорати остида турибди. Бу қўмита ИҲЕС қарорлари бажарилишини назорат қилади. Қўмита веб-сайтида айтилишича, Россия расмийлари «Норд-Ост» иши бўйича қарор ижро қилингани ва ариза берганларнинг барчаси суд томонидан белгиланган компенсацияни олгани ҳақида охирги марта 2016 йил августида хабардор қилишган.

Бироқ аризачилар Европа суди қарорига зид равишда қутқарув операцияси юзасидан жиноий иш очилмаганидан шикоят қилишган.

2016 йил сентябр ойида қўмита Россия ҳисоботини ўрганиб чиқиб, ИҲЕС қарори бажарилмаган деб топган. Шундан бери Москва бу қарорни бажариш ҳаракатлари тўғрисида қўмитани хабардор қилмаган.

Top